Ғарбнинг ҳалокати15

| Печать |
Категория: Ғарбнинг ҳалокати
Создано 18 Май 2015 Просмотров: 7555

“ИЧИДАН ДАРЗ КЕТГАН УЙ...”

 Ўнинчи бобнинг номи Абраҳам Линкольннинг 1858 йил 16 июлда қулликка қарши сўзлаган нутқидан олинган. Ушбу машҳур нутқ “Ичидан дарз кетган уй узоқ тура олмайди” деб номланган  эди.

 Цивилизациялар, миллат ва давлатлар турли тарзда ўлим топади. Бирлари қилич зарбидан ҳалок бўлади, бошқалари катта империяларга сингиб кетади, яна бирлари, Совет Иттифоқи, Югославия каби, парча-парча бўлиб кетади, деб ёзади Бьюкенен.

“Ғарб – инсоният тарихидаги энг ривожланган цивилизациядир, Америка эса, бу цивилизациянинг энг мутараққий давлати бўлиб, иқтисодий, илмий, техник ва ҳарбий жиҳатдан барчадан устундир. Дунёда ундан бошқа супердавлат мавжуд эмас. Америка, Европа ва Япония жаҳон ишлаб чиқаришининг учдан икки қисмини ҳамда дунё даромадининг учдан икки қисмини назорат қилиб турибди.”

Кейинги сатрлар бутун асарнинг моҳиятини очиб беради:

“Бироқ ўта қудратли Америка ва умуман олганда, Ғарб ўзининг мавжудлигига хавф туғдирадиган жиддий проблемаларга дуч келди.

Биринчи муаммо – аҳолининг ўлиб бориши.

Иккинчиси – терисининг  ранги, иймон-эътиқоди ва маданияти турли одамларнинг оммавий муҳожирлиги, Ғарбнинг маданий яхлитлигига раҳна солаётган ҳижрат(?).

Учинчи муаммо – ғарбий дин, ғарбий анъана ва ғарбий ахлоққа муросасиз ва қарама-қарши бўлган, Ғарбни майда бўлакларга бўлиб юбораётган аксилғарбий маданиятнинг устун келаётганидир.

Тўртинчи муаммо – давлатларнинг парчаланиши ва ҳокимиятнинг миллий ҳукуматлардан олиб бирин-кетин жаҳон ҳокимиятига берилишики, унинг юксалиши давлатларнинг  ижтимоий ҳодиса сифатида йўқолиб кетишини англатади”.

Эътибор берилса, тўртинчи муаммонинг биринчиси – туғилишни кўпайтириш - вақти-соати билан ҳал бўладиган, ҳозир, айниқса кекса ёшли Бьюкенен амалий ёрдам бера олмайдиган масала. Зеро, тараққиёт бир тўғри чизиқ билан ё доим юқорига, ёки муттасил пастга кетмайди. Ривожланиш спирал тарзда, бир кўтарилиб, бир пасайиб давом этади. Тўртинчи муаммо ҳам, фикримизча, сунъий бўрттирилган, ҳозир долзарблиги кам бўлган ҳодисадир. 

Ана энди иккинчи ва учинчи муаммоларга келсак, бу ўринда гапнинг нишаби Шарққа томон оғаяпти. Европа ва Америкага энг кўп ҳижрат  қилаётганлар – мусулмонлар, Ғарбга энг жадал кириб келаётган янги цивилизация – ислом маданияти, деган фикр Бьюкененга тинчлик бермаяпти. 

Муаллиф бу муаммоларни ҳал қилишга Ғарбнинг кучи ҳам, иродаси ҳам етади, деб умид қилади. Нима ҳам дердик. “Омон бўлсак – кўрармиз?!”. 

Профессор Бахтиёр Тураев

Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 (Давомини кейин ўқийсиз)