Видеолавҳалар
Харита
Марказимиз китоблари
Фотогаллерия
Меҳмонлар

Mehmonlar

Яндекс.Метрика

Ғарбнинг ҳалокати

Category: Ғарбнинг ҳалокати
Hits: 3758

 МУҲТАРАМ САЙТИМИЗ МУХЛИСЛАРИ!

 Бугундан бошлаб, сизга маънавий барқарорлигимизга таҳдид солаётган ғояларни танқидий таҳлил этувчи бир қатор рисолаларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

 Биринчи ҳикоямиз қуйидаги рисоладан парчалар беришдан бошланади:

Ортиқов М. А. “ҒАРБНИНГ ҲАЛОКАТИ” хулоса ва сабоқлар. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2011. (қўлёзма).

 Китобда америкалик сиёсатшунос П.Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати”(Patrick J. Buchanan.The Death of the West: How Dying Populations and Immigrant Invasions Imperil Our Country and Civilization. Dunne Books, 2001.) номли публицистик асарининг ғоявий мазмунидаги иллатлар нишонга олинган бўлиб, инсоният тараққиётининг бугунги кундаги муаммолари истеҳзоли фалсафий таҳлил қилинган. Китоб мафкуравий масалаларга қизиқувчи тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талабалар ҳамда тарғиботчилар учун қимматли фикрлар ва маълумотлар беради.

РИСОЛАДА Шарқ ва Ғарб муносабатлари, маданиятларнинг ўзаро таъсири, маънавият ва миллий ғоя, ахлоқ ва тарбия масалалари қиёсий таҳлил этилган, маънавиятга эътиборсизликнинг салбий оқибатлари очиб берилган.

Рисола америкалик сиёсатшунос Патрик Бьюкененнинг яқинда чоп этилган ва бир неча тилларга таржима қилинган “Ғарбнинг ҲАЛОКАТИ” (Patrick J. Buchanan.The Death of the West: How Dying Populations and Immigrant Invasions Imperil Our Country and Civilization. 2001, Dunne Books) китобида кўтарилган масала ва муаммолар ҳамда уларнинг фалсафий талқинига бағишланган.

Муҳтарам ўқувчи!

        “Ғарбнинг ҳалокати” – биз ўйлаб топган сарлавҳа эмас. Яқинда америкалик сиёсатшунос Патрик Бьюкенен қаламига мансуб “The Death of  the West” - “Ғарбнинг ҳалокати” номли китоб нашр этилди ва у дунё жамоатчилиги ўртасида мунозара ва мулоҳазаларга сабаб бўлди.

Асарнинг номи хусусида муаллиф бундай деб ёзади:

“Ғарб ҳалокат сари бормоқда. Ғарб халқлари ўзларидан кўпаймай қўйди, ғарбий мамлакатлар аҳолиси шиддат билан қисқармоқда. Ўн тўртинчи асрда Европанинг учдан бирини қириб юборган Қора ажалдан кейин биз бундан жиддийроқ хавфга дучор бўлмаган эдик. Ҳозирги танглик ғарб цивилизациясига таҳдид солмоқда. Бугунги кунда Европанинг ўн етти мамлакатида ўлиш туғилишга қараганда анча юқори, буларда бешикларга қараганда тобутлар кўпроқ керак бўлмоқда. Католиклар, протестантлар, православлар – бари ғарб цивилизациясининг улкан дафн маросимида иштирок этмоқда”.

Эътибор берган бўлсангиз, Ғарбнинг “жанозаси”га келганлар орасида мусулмонлар йўқ. Айнан шу ҳолат Бьюкененга хуш ёқмайди. Асарнинг асосий ғояси – Ғарбда туғилиш қисқаргани етмаганидек, миграция туфайли мусулмонлар кўпаймоқда, христианлик ўрнига ислом қадриятлари ҳукмрон бўлмоқда, устига устак, янги мафкура яратувчилар барча эски ақида ва азалий қадриятларни оёғости қилмоқда ва айнан шу омиллар ғарбий цивилизациянинг ҳалокатини яқинлаштирмоқда, деган ғоядир.

Ғарбнинг ҳалокати ёки касали (дарвоқе, ўзбекларда: “ажал бошқа – дард бошқа” деган нақл бор, шунинг учун ниятни яхши қилавериш керак) – бизнинг фикримизча, маънавиятсизлик оқибати. Президентимиз Ислом Каримов, инсонни – инсон қиладиган ҳам, миллатни – миллат қиладиган ҳам унинг маънавияти, деб бежиз таъкидламаган.

Бизнингча, Шарқнинг буюк шоири Муҳаммад Иқболнинг қуйидаги мисралари шу мавзуга эпиграф бўла олади:

Шарқ Ҳақни топди, дунёдан кечиб,

Ғарб дунё топди, Оллоҳдан кечиб...

Маънавиятга эътиборсизлик – барча ижтимоий иллатларнинг сабабчисидир. Озодлик, демократия, шахс эркинлиги – буюк қадриятлардир. Бироқ маънавият бўлмаса, улар ўз қимматини йўқотади, фалсафанинг олтин қоидасига биноан, ўз қарама-қаршисига айланади.

Ўз ватанини яхши кўрган фидойи инсон – таҳсин ва тақлидга сазовор. Шу маънода, Патрик Бьюкенен ҳам мақтовга лойиқ. Ушбу сиёсатшунос жуда катта материал тўплаган, улкан таҳлилий ишни бажарган, бир қатор фалсафий, илмий, ахлоқий, диний ғояларни илгари сурган. Айни пайтда, Шарқ ва Ғарб муносабатлари, маданиятларнинг ўзаро таъсири, исломнинг асл моҳиятини ёритишда биртомонламалик, хатоликларга йўл қўйган.

Мазкур рисола “Ғарбнинг ҳалокати” асарининг танқиди ёки тафсири эмас. Бу, бир ўзбек файласуфининг китобни мутолаа қилиш давомида ҳосил бўлган мулоҳазаларининг ёзма баёни, холос.

Ўзбек халқининг бетакрор маданияти, азалий маънавияти, жаҳон андоза олса арзийдиган ахлоқий камолоти четдан бўладиган ҳар қандай салбий таъсир ва тазйиқни енгишга қодир. Айрим хорижий кучларнинг ёшларимиз орасида ватансизлик, эгоцентризм, беҳаёлик иллатларини ёйишга уриниши пировардида пучга чиқади. Бироқ, Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, маънавият ва тарбият масаласида бепарволик, лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди. Бинобарин, Ўзбекистон халқининг энг фаол, энг етук қисмига мансубман дегувчи ҳар бир соф виждонли киши маънавиятни сақлаш,  авайлаб асраш ва бойитиш учун масъулдир. Бу масъулият ҳукумат ё маъмурият томонидан юкланмайди. Буни миллий ғурур, шаън ва орият тақозо этади.

 МУҚАДДИМА

 Америкалик сиёсатшунос, ўнг кучлар вакили, республикачилар партияси мафкурачиларидан бири бўлган Патрик Ж. Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати” китоби шундай бошланади:

“– Патрик, биз ўзимиз туғилиб вояга етган мамлакатни қўлдан беряпмиз.

Не учун ғусса ва ғам – гўё меҳрибон отанг жон таслим қилмоқда-ю,  сен ҳеч бир ёрдам бера олмайсан – мана шундай ўкинч ва алам америкаликлар қалбига тобора чуқур кириб бормоқда? Ахир, янги юзйиллик – американинг “иккинчи асри” бўлмайдими? Наҳотки биз, жаноб Клинтон таъкидлаб чарчамаганидек, энг яхши даврда, ишсизлик энг камайган, инфляцияни микроскоп билан ҳам кўриб бўлмайдиган, жиноятчилик пасайиб, даромадлар осмон баробар кўпайган вақтда яшамаётган бўлсак? Ахир, Мадлен Олбрайт қайта-қайта уқтирганидек, “биз шундай миллатки, дунёни бизсиз тасаввур қилиб бўлмайди” - ку? Бугунги кунда, мистер Буш неча бор таъкидлаганидек, ҳарбий қудрат, иқтисодий салоҳият ва маданий ҳокимиятда бизга тенг келадиган рақиб қолдими?  Биз “совуқ уруш”да енгиб чиқдик. Бизнинг ғояларимиз – америка ғоялари бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда. Шундай экан, ғуссага не ҳожат!?”

Америка – китоб ёзадиганлар учун жуда катта қироатхона ва улкан бозор. Шунинг учун иложи борича кўпроқ ўқувчиларнинг диққатини тортиш учун Бьюкенен ўз юртини улуғлаш, ХХ асрни “Америка асри” деб аташ, барча ғалабаларни “ўзлаштириш” йўлидан борганини, қабул қилмаган тақдирда ҳам, тушуниш мумкин, деган мулоҳазага борасиз. Бироқ кейинги сатрлар ва китоб матни ватанпарварлик меъёридан ошиб, америкапарастликка олиб боргани, бу юртдаги барча зиддият ва кулфатларга мусофирлар, айниқса, мусулмонлар айбдор экани ҳақидаги даъво ва танбеҳларга дуч келганингизда – бу фикрдан қайтасиз.

Ўқишда давом этамиз: “11 сентябрнинг даҳшатли воқеалари, Перл-Харбордаги фожиадан кейинги даврда биринчи маротаба мамлакатни бирлаштирди; америкаликлар ҳалок бўлган 5000 АҚШ граждани учун ўч олиш қасдида бўлган президент Бушни қўллаб-қувватлади; бироқ, бу воқеалар янги “ажрим чизиғи” борлигини ҳам кўрсатди. Бизнинг мамлакатда одамларни бир-биридан даромад даражаси эмас, мафкура ё эътиқод эмас, этник мансублиги ва ўзини ким деб билиши ажратар экан. Ногаҳон аён бўлдики, миллионлаб туб америкалик бўлмаганларнинг учдан бир қисми – нолегал (ноқонуний) келгиндилар экан, ўн минглаб юртдошларимиз Қўшма Штатлар уруш олиб бораётган тузум ва мустабид ҳукмдорларга хайрихоҳ экан, айрим фуқароларимиз эса, америкаликларни ўлдириш учун келган махсус тайёрланган террорчилар экан. Эндрю Жексон 1915 йилда Луизианадан британияликларни қувиб юборган вақтдан бери биринчи марта душман ҳудудимизга бостириб кирди ва америкаликлар ўз юртида хавф-хатарга дучор бўлди. Кўпчилик 11 сентябрь воқеаларидан кейин дунё остин-устин бўлганини пайқади.”

“Ричард Никсон 1969 йили қасамёд қилаётганда Қўшма Штатларда туб аҳолига мансуб бўлмаган 9 миллион одам бор эди. Кичик Буш президентлиги даврига келиб келгиндилар сони 30 миллиондан ошиб кетди. Ҳар йили АҚШга бир миллион расмий ва бунинг устига, деярли ярим миллион норасмий муҳожирлар келиб қўшилмоқда. 2000 йил учун ўртача олганда 9 000 000 норасмий иммигрант борлиги  ҳисобланди.”

“Америка – барча миллатларни дошқозонда эритиб, яхлит қотишма қиладиган юрт”, деган таъриф анчадан бери бу мамлакатдаги миллий сиёсатнинг тантанаси сифатида тарғиб ва ташвиқ қилиб келинарди. П.Бьюкененнинг фикрича, ҳозирги миграция тўлқини, айниқса, бошқарилмаётган норасмий келишлар натижасида на тарихи ва на тили, на маданияти ва на эътиқоди умумий бўлмаган одамлар қўшилиб, мамлакатни талатўпга (хаосга) айлантирмоқда, сепаратизм (айирмачилик) кайфиятини кучайтирмоқда ва ҳ.к.

Европада сепаратизм бир давлатни икки-учга бўлиш шаклида бош кўтараётган бўлса, Америкада бир халқни икки-уч-тўрт ва чексиз майдага бўлиш тарзида бошланган экан. Бир мамлакат турли этник гуруҳларга бўлиниб, парчаланиб бормоқда, дейди Бьюкенен.  “Бундан ташқари биз яқин ўтмишда (ХХ асрнинг 60-80 йиллари назарда тутилмоқда – М.О.) маданий революцияни бошдан кечирдикки, бунинг натижасида ҳукмрон мавқени янги элита (имтиёзли киборлар гуруҳи – М.О.) эгаллади. Ғоялар, тимсоллар, қарашлар ва қадриятларни сингдириш воситалари бўлмиш телевидение, санъат, кўнгилочиш индустрияси, таълим тизимини эгаллаб, бу элита зимдан янги миллатни яратмоқда.”

Бьюкенен миллионлаб одамлар ўз юртида бегона бўлиб қолгани, улар ҳайвоний шаҳват ва беҳаё лаззатни қадриятга айлантираётган оммавий маданиятни инкор этаётгани ҳақида ёзади, бироқ унинг сўз оҳангида ифтихорга қараганда изтироб кўплиги сезилиб туради. Соф виждонли америкаликлар қадимий байрамлари унутилиб, эъзозлаган қаҳрамонлари йўқолаётганидан, болаликда севиб ўқиган китоблари, ардоқли адиб ва шоирлари мактаб дастурларидан ўчирилиб, ўрнига сийқа битиклар ҳамда ному нишони номаълум ёзувчилар киритилаётганидан афсус чекмоқда. Бир авлод умри мобайнида америкаликларнинг аксарияти ўз худоларининг меҳробдан туширилиб, янгилари билан алмаштирилаётганига гувоҳ бўлди.

“Дунёнинг оёғи осмондан бўлди” деган қўшиқ икки-уч аср аввал қулоққа кўп чалинарди, дейди америкалик сиёсатшунос. Ҳозир шу ашула сўзлари ҳақиқатга айланди. Куни кеча шармандалик ҳисобланган – фоҳишабозлик, аборт – ҳомилани олдириб ташлаш, эвтаназия (беморнинг илтимоси ёки ҳолатини ҳисобга олиб уни ўлдириш – М.О.), ўз жонига қасд қилиш каби нохуш ҳолатлар инсоният эришган илғор ютуқлар сифатида кўкка кўтарилмоқда. Ўз вақтида Фридрих Ницше, жамиятда мавжуд қадриятлар вақти-вақти билан қайта баҳоланади, деган эди; кечагина савоб ва ҳалол ҳисобланган ишлар бугун гуноҳга, олдинги ҳаром ишлар ҳалолга айланади, деб фикр билдирган эди. Худди шу ҳолат ҳозир Америкада содир бўлмоқда.

“Ғарбнинг ҳалокати” китоби автори, бир вақтлар Америка насроний мамлакат эди, ҳозирги маданиятни эса, постхристиан, тўғрироғи аксилхристиан маданияти деб аташ тўғри, деган мулоҳазани ўртага ташлайди. Қадимий Аҳддаги худо четга сурилди, унинг ўрнига бир пайтлар Редьярд Киплинг  истеҳзо билан “бозор худолари” деб атаган янги худоларга сиғиниш бошланди.

Шаҳват, шуҳрат, пул-давлат ва ҳокимият – мана янги Американинг янги худолари

 Хуллас, бир ҳуддудда – икки мамлакат, бир халқ ичида икки миллат, бир маданият ичида – икки қадрият тизими вужудга келганга ўхшайди.

“1917 йил  Қишки саройга ҳужум қилиш билан бошланган большевиклар тўнтариши 1989 йили Берлин деворининг қулаши билан якунланди. Бу инқилоб ижодкорларининг орзуси келажак одамини яратиш эди. Аммо полиция террори, ГУЛАГ (собиқ Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлиги қошидаги Лагерлар бош бошқармаси – М.О.), етмиш йил Маркс ва Ленинга кўр-кўрона сиғиниш ҳамда Ғарбга нисбатан болаликдан бошлаб сингдирилган нафрат бу вазифани уддалашга ҳеч қанча ёрдам беролмади. Коммунизм – уқувсиз худо. Таги бўш иморат қулагач, Шарқий Европа ва Россия халқлари Ленин ва Сталин ҳайкалларини синдириш, Маркс ва Энгельс китобларини тарих ахлатхонасига улоқтиришга бошлади”.

Бу ўринда, Сталин ҳайкали бу китоб битилишидан 50 йил аввал синдирилганини айтмаганда, Бьюкененга эътироз билдириш қийин. Энди у ўз асарининг моҳияти – асл мақсади ҳақида бундай деб ёзади:

“Ҳа, ленинча инқилоб ҳалокатга учради, бироқ университет синфларида бошланган олтмишинчи йиллар революцияси анчагина омадли чиқди. У жаҳон ҳамжамиятини ўзгартирди ва янги Америка барпо этди.

Ўз китобимда мен бу революцияни – унинг қандай мақсадлари борлиги, қай тарзда пайдо бўлиб, қандай  ривожлангани, қандай қилиб бизни Худодан жудо қилгани, эҳромларимизни таҳқирлаб, иймонимизни қандай  букиб, ёшларни қандай ром қилгани, қандай қулоч ёйиб фотиҳ бўлаётганини таҳлил қилмоқчиман. Ёдингизда бўлсинки, бу революция фақат Америкада эмас, йўқ, у Ғарбда тўлиқ ғалаба қозонди. Иймонга асосланган цивилизация, у билан бирга маданият ва ахлоқ мозийга ғарқ бўлмоқда ва ҳар ерда янги эътиқод, янги ахлоқ, янги маданият ва янги цивилизация билан алмаштирилмоқда”.

         Биз, хаёлан орқага – китоб ёзилаётган даврга қайтиб, Бьюкененга – омад, ўқувчиларимизга сабр-тоқат тилаймиз.

Профессор Бахтиёр Тураев
Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 Давоми бор...

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР
Кўп ўқилган
Имом Бухорий сабоқлари журнали
Янгиликлар
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:6493

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:6437

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:6447

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:6684

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:6237

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:6627

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:5361

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:5405

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:4311

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...