فيديو
مركز الكتب
رواق
الضيوف

Mehmonlar

خريطة
Яндекс.Метрика

Фанлар методологияси. (профессор О.Файзуллаевнинг илмий мероси асосида)

تم إنشاءه بتاريخ 02 نيسان/أبريل 2015 الزيارات: 8698

2015 йилнинг 6 апрель куни Тошкент шаҳрида, А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг мажлислар залида Имом Бухорий халқаро маркази ва Ўзбекистон файласуфлар миллий жамияти ҳамда бир қатор бошқа илмий жамоалар билан ҳамкорликда “Фанлар методологияси” мавзусида навбатдаги илмий – амалий семинар бўлиб ўтади.

Семинар таниқли аллома О. Файзуллаев таваллудига бағишланади.Шу муносабат билан алломанинг шогирди

Фалсафа фанлари доктори, профессор Тураев Бахтиёр Омановичнинг мақоласини эътиборизга ҳавола қиламиз

 ФАН МЕТОДОЛОГИЯСИГА ОИД МУАММОЛАР[1]

(профессор О.Файзуллаевнинг илмий мероси асосида)

 Фанда баъзан бугунги кунда нега энциклопедист олимлар учрамайди деган мунозара кўтарилиб қолади ва бу саволга ҳозирги замон фанлари сертармоқ бўлганлиги учун, фаннинг тадқиқот кўлами ниҳоятда кенгайиб кетганлиги учун энциклопедистлар йўқ, деган жавоб айтилади. Аслида, ҳар қандай даврнинг, ҳар қандай фаннинг ўз энциклопедистлари бўлган ва бўлади. Фалсафа фанлари доктори, профессор О.Ф.Файзуллаев (1921 – 2008) табиий-илмий ва фалсафий билимлар соҳасининг ўзига хос энциклопедисти эди. Улар фан тарихига, табиатшунослик фалсафаси ва билиш назарияси, мантиқ ва диалектикага, синергетика ва алгоритмлар назариясига, ижтимоий фалсафа ва фалсафа тарихи, тасаввуф фалсафаси ва лингвистика, фанлар классификацияси ва манбашунослик, гениология ва механика соҳаларига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган олимдир. О.Файзуллаев мазкур соҳаларга оид фундаментал тадқиқотлар олиб бориб 600дан зиёд илмий ва оммабоп мақолалар чоп этганлар.

О.Файзуллаев юртимиз тупроғидан етишиб чиққан табиатшунос файласуфларнинг илмий меросини манбашунослик нуқтаи назаридан таҳлил этди. Бу борада О.Файзуллаев Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг “Математик трактатлар”, Аҳмад ал-Фарғонийнинг “Астрономия калиди”, Абу Райҳон Берунийнинг “Осори ал боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”), “Ҳиндистон”, “Қонуни Маъсудий”, Абу Али ибн Синонинг “Донишнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Курагоний”, “Тўрт улус тарихи”, “Бир градусли ёйнинг синусини ўлчаш методи” асарларини манбашунослик нуқтаи назардан таҳлил этиб, муҳим фалсафий хулосалар чиқарганлар. Бу асарларни таҳлил этишда, мазкур мутафаккирларнинг асарларидаги илмий ғояларнинг ҳозирги замон фани нуқтаи назаридан аҳамияти масаласига жиддий эътибор қилар ва мутафаккирларимизнинг жаҳон фани ва цивилизациясига қўшган ҳиссаларини илмий асослаб берар эдилар.

О.Файзуллаевнинг файласуф-олим бўлиб майдонга чиқишида муайян даражада генетик омил ҳам шубҳасиз муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин, чунки, олимнинг ота-онаси ва авлод-аждодлари ўқимишли кишилар бўлиб, уларнинг гениологик насаби Марказий Осиёда ва Ислом фалсафасида бетакрор ўрин эгаллаган машҳур мутасаввуф, файласуф, суҳравардия тариқатининг асосчиси Шайх Шиҳобиддин Абу Хафс Умар Суҳравардий (1145 – 1234/35) ва унинг ўғли Шайх Абу Бакр Зайниддин бобо Кўйи Орифон Тошкандий (1164 – 1259)га бориб тақалади. Устоз О.Файзуллаев бу борада, яъни гениология соҳасида ҳам бир қатор илмий мақолалар ёзганлар. 

О.Файзуллаев ўз устозлари ва сафдошлари ҳақида бир қанча нодир эсдаликлар ёзганларки, бу мақолаларда уларнинг бошқалар пайқамаган ажойиб жиҳатлари муаллифнинг нозик диди ва сезгирлиги воситасида юксак бадиий бўёқлар билан қоғозга кўчирилган. Масалан, Иброҳим Мўминовнинг ватанпарварлиги ва камтаринлиги, Қори-Ниёзийнинг қуввайи ҳофизаси - хотирасининг ўткирлиги, Музаффар Хайруллаевнинг камгаплиги ва самимийлиги, Хадича Сулаймонованинг сўнгги илтижоси, Абдураҳмон Ортиқовнинг ҳозиржавоблиги, Сулаймон Азимовнинг бағрикенглиги ва бошқа кишиларнинг ўзларигагина хос бўлган нозик сифатлари ҳақида ажойиб хотираларни ёзиб қолдирган[2]

Устоз О.Файзуллаев диалектика методологияси бўйича, зиддиятлар назарияси бўйича, метафизика ва синергетика қонуниятлари бўйича ҳам эътиборга лойиқ оригинал илмий ишларни ёзганлар. Олимнинг инерция категорияси хусусидаги мулоҳазалари, иккиланган динамик системалар ҳақидаги илмий концепцияси фалсафа фани тараққиётида ўзига хос ўрин эгаллайди.

О.Файзуллаевнинг лингвистика йўналишидаги изланишлари ҳам эътиборга лойиқ. О.Файзуллаев сунъий тилларнинг классификацияси бўйича изланиш олиб бориш жараёнида “алгоритм” атамасининг гнезисига, яъни бу тушунчанинг фанга кириб келиш тарихига эътиборини қаратди ва бу атаманинг Муҳаммад ал-Хоразмий номининг лотин тилидаги аталиши билан боғлиқ эканлигини илмий асослашга эришди. Бу ҳақда В.Қобулов билан биргаликда Японияда ўтказилган халқаро симпозиумда ахборот берганлар.

О.Файзуллаев тараққиётда барқарорлик ва беқарорликнинг диалектик алоқадорлиги, динамик системаларда энергиянинг сақланиш принципларининг ўзгариши ҳақида, очиқ ва ёпиқ системаларнинг узвий алоқадорлиги ҳақидаги қизиқарли фалсафий ғояларини ҳам табиий, ҳам ижтимоий фанларни яхши билганлиги сабабли ҳар тарафлама илмий асослаб бера олди. Шу нуқтаи назардан олимнинг илмий фаолиятига баҳо беришда унинг фалсафа илмида энциклопедик қамровга эга бўлганлигини таъкидлаш лозим.

70-йилларнинг бошларида Тошкентдаги “Билимлар уйи”да оламнинг табиий-илмий манзарасини фалсафий тахлил этиш муаммоларига бағишланган илмий семинар бўлиб ўтади. Семинарни Москвада чиқадиган “Фалсафий фанлар” журналининг бош мухаррири, фалсафа фанлари доктори, таниқли олим В.С.Готт олиб боради. Шу семинарда қатнашган Ўзбекистонлик олимлардан Омонулла Файзуллаев антидунё ҳақидаги қизиқарли мулоҳазалари билан илмий анжуманни бирдан жонлантириб юборди. Уларнинг фикрича моддий оламда ҳар бир заррачанинг ўз антизаррачаси бўлганидек, ҳар бир жисмнинг ҳам ўз антижисми бўлиши мантиқан келиб чиқади, бундай ғояни янада ривожлантирсак, Коинотнинг ҳам ўз Антикоиноти, маҳалланинг ҳам ўз антимаҳалласи бўлишини табиий ҳол деган хулосага келиш мумкин. Бу жойда, фан билан фантазиянинг чегараси қайси жойда деган муаммо вужудга келади. Бу ҳақда кейинчалик, устознинг ўзларидан фикрини сўраганимизда, улар қуйидаги ғоят қимматли фикрларни баён қилдилар. Фантазия фанни илҳомлантирувчи, унинг олға интилишига қувват берувчи руҳий кучдир. Фан фантазиясиз бирёқлама қолипга тушиб қолади ва охир оқибатта консервативлашади, янгича ёндашувдан қочувчи догматик қоидалар мажмуига айланиб қолади. Фан ва фантазиянинг ўзаро алоқаси муайян меъёрда бўлиши ва бир-бирининг ўрнини эгаллашга интилмаслиги лозим. Фан фантазия ўрнини эгаллашга интилган жойда, илм объектив воқеликдан, реал жараёнлардан бегоналашади, эҳтимолдаги дунёлар билан воқеликдаги дунё ўртасидаги фарқни ажрата олмайдиган ҳолатга тушиб қолади. Фантазия фаннинг ўрнини эгалласа, у бадиий қийматини йўқотиб, ўқувчиларини эстетик завқдан бенасиб қилади. Фан фантазиясиз, фантазия ҳам фансиз ривожлана олмайди. ҳар бири ўз ўрнини ва меъёрини яхши англаши лозим. Фан хулосаларини оммага тушунтиришда баъзан қиёслаш ва мажозий ўхшатишлардан фойдаланишади, лекин бундай ўхшатишларни фаннинг ўзи билан чалкаштирмаслик лозим. Масалан, квант механикаси тадқиқотчиларидан бири Д.И.Блохинцев ҳозирги замон квант механикаси соҳасида олимларнинг экспериментал тадқиқотлардаги ёндашиш усулини тасвирлашда, уни  кичкина соат механизмини болта ва болға ёрдамида тузатишга киришган соатсознинг ҳолатига қиёслаб кўрсатган. Бу усул тасаввур ҳосил қилиш мақсадида ишлатилиб, бундай тасвирлашни воқеликнинг ўзида шундайдир деб ўйламаслик керак.

Омонулла Файзуллаев фан ва фантазия ўртасидаги фарқ масаласига жуда эътибор билан қарайдилар ва бунга эътиборсиз қараш фанга жиддий зарар келтиришини, фан ниқобидаги афсоналарнинг пайдо бўлиш илдизи ана шу эътиборсизликда эканлигини алоҳида таъкидлайдилар. Ана шу тарзда эътиборсиз фикр юритувчи олимлар ичидан  баъзан фанда ўзларини “даҳо” (“гений”) деб эълон қилувчилар, фанда ҳаққонийлиги аллақачон узил-кесил исботланган назарияларнинг “хатолигини фош этувчилар”, шу тариқа нисбийлик назариясини, эволюцион назарияни, диалектикани, генетикани,  З.Фрейд таълимоти психоаналитикани “ағдар-тўнтар” қилувчилар пайдо бўлишади. Бунақа “даҳо”лар графомания, яъни ёзмаса тура олмайдиганлар касаллигига чалинган кишилардир. О.Файзуллаев ана шунақа графоманияга йўлиққанлардан бир қанчасининг кўзини очишга эришди. Аммо бадиий руҳдаги соғлом илмий фантазиянинг қадрига етиш керак. Бундай фантазия тафаккурни ривожлантиради, олимнинг эътиборини хилма-хил муаммоларга қаратади, инсонни воқеликнинг мураккаб сирларини ечиш учун етаклайди. Бу борада олимнинг Ч.Айтматовнинг “Тавро Кассандры” асарига ёзган тақризи кўпчиликнинг эътиборини қозонганлигини айтиш мумкин[3]. Омонулла Файзуллаев кўплаб салмоқли илмий монографиялар ва мақолалар билан бир қаторда бир қанча фантастик асарлар ҳам ёзганлар. Олимнинг бир неча бадиий фантастик асарлари ҳатто саҳналаштирилган ва шундай асарлари асосида телеинцинировкалар ҳам яратилган[4].

Фантастик асарлар орқали фикран ўтмишни келажак билан туташтириш, бир-биридан фазо ва вақтда узоқда, яъни бошқа-бошқа жойларда ва бошқа-бошқа даврларда яшаган одамларни юзма-юз суҳбатлаштириш, узоқ ўтмишга қайтиш ёки келажакка сайр этиш, абстракт объектлар моделларини яратиш мумкин. Ижодкор кишилар фаолиятида фантазия жиддий ўрин эгаллайди. Фан ва фантазия орасидаги муносабат абстактлик ва конкретлик муносабатига ўхшаб кетади.

Физик жараёнлар абстакцияси реал воқеликнинг конкрет хусусиятлари ўртасидаги зиддиятларни фалсафий таҳлил этиш асосида О.Файзуллаевнинг иқтидорли шогирдлари ва сафдошларидан бири, фалсафа фанлари доктори, профессор М.Н.Абдуллаева узоқ йиллар мобайнида самарали тадқиқотлар олиб бормоқда. Бу тадқиқот натижалари учун олима Беруний мукофати билан тақдирланган.

Албатта, соғлом фантазияни илмий хулосалардан яхши ажрата билиш лозим. Фан билан фантазия орасидаги чегарани нозик пайқай оладиган олимларгина фанни оммалаштиришга қодирдир. Омонулла Файзуллаев ана шундай нозик дидли файласуф ва фан тарғиботчисидир.

ХХ асрнинг 70-80 йилларида назарий физика муаммолари фалсафада кенг миқёсда муҳокама этила бошлади. Бир гуруҳ олимлар назарий физиканинг ўзи фалсафа-ку? Бу масаланинг ечимини физикларнинг ўзига қолдириш керак, физик реалликнинг асл моҳиятини фундаментал физик билимга эга бўлган мутахассисгина тушунади, дейишди. Иккинчи бир гуруҳ олимлар эса ҳар қандай реалликнинг моҳияти фалсафий билим билан боғланганлиги учун физиканинг методологик муаммоларини файласуфларгина тадқиқ этиши лозим дейишди. Ҳар иккала нуқтаи назар тарафдорлари ўзларича ҳам ҳақ, ҳам ноҳақ эдилар. Уларнинг ҳар бирининг ҳақлиги биринчи концепцияда “ҳар бир ишни ўз устаси бажариши лозим” деган ҳикмат бўлса, иккинчи концепцияда ҳар қандай соҳанинг умумназарий, умумметодологик жиҳатларини фалсафий умумлаштиришларсиз ривожлантириб бўлмайди деган ҳақиқатда мужассамлашгандир. Бу концепциялардаги ноҳақ томонларга келсак, биринчи концепцияда илгари сурилган физик реалликни фақат физикнинг нуқтаи назаридан тушунтириб бўлмайди деган ғоя билан келишиб бўлмайди. Шунингдек, физик алоқадорликларнинг моҳиятини чуқур англаб етмасдан туриб, физик қонуниятларни, физик реалликни фалсафий умумлаштириш даражасига кўтариш мумкин эмас. Демак, бундай муаммони тўғри ечиш учун, ҳам физик, ҳам файласуф бўлиш, физикка қўшимча равишда фалсафий билим бериш, файласуфга эса қўшимча равишда физикани ўрганиш лозим бўлади.

Омонулла Файзуллаев шу нуқтаи назардан турли фанларнинг ўзаро туташган жойида туғиладиган методологик муаммоларни тадқиқ этишга ҳар иккала соҳани пухта эгаллаган мутахассисларни жалб этарди. Конкрет фанлар бўйича мутахассисларга фалсафани, файласуфларга эса конкрет фанларни пухта ўрганишга даъват этардилар. Омонулла Файзуллаев ўзлари ҳам конкрет фан – механика фани бўйича мутахассис ва қўшимча равишда фалсафани ўрганганлар. Уларнинг шогирдлари ҳам икки соҳа бўйича мутахассис олимлардир. (М.Абдуллаева, Р.Имамалиева, Э.Хошимова, М.Усмонов, С.Мажидов, Ў.Ҳайдаров, Ш.Жўраев, Ҳ.Саломова, Б.Каримов ва бошқалар ана шундай мутахассислардир). О.Файзуллаев ҳатто бир фалсафа соҳасида университет таълимини олган шогирдига университетнинг физика факультетида назарий физика курси бўйича тўлиқ маълумот олишни, таниқли физик-назариётчиларнинг дарсларига қатнашишни тавсия этганлар. Бошқа бир физика соҳасида университет таълимини олган шогирдига эса фалсафа факультетидаги дарсларга қатнашишни таклиф этади. Ўша шогирд (истеъдодли файласуф Б.Каримов) Екатеринбург шаҳридаги университетнинг фалсафа факультетида сиртдан таълим олиб, уни имтиёзли диплом билан битирди. Ушбу мақола муаллифи (Б.О.Тураев) бўлса бир неча йиллар мобайнида Тошкент университети ва педагогика институтларининг физика факультетларида қўшимча тахсил олган. Мазкур илмий марказларда таниқли физик олимлар – Р.Х.Маллин, Р.Бекжонов, Р.Арифов ва бошқа олимларнинг назарий физика ва космология соҳасидаги махсус курсларини тинглаган.

Фалсафа соҳасида илмий изланиш олиб борувчи тадқиқотчилар номзодлик имтиҳони топширишидан илгари домла Файзуллаев уларга “Философские науки” ва “Вопросы философии” журналларида кейинги 10 йил ичида чиққан изланаётган мавзусига алоқадор илмий мақолаларни конспект қилиб чиқишни буюрадилар. Бу топшириқ изланувчини назарий жиҳатдан пишитар эди.

Омонулла Файзуллаев, “фалсафада ортиқча гап фикрнинг мазмунини саёзлаштиради, шу сабабли гаплар кам бўлса ҳам, теран мазмунли фикр беринглар”, деб насиҳат қилардилар шогирдларига. Бу -  “фалсафа – гаплар йиғиндиси эмас, балки чуқур мазмунли, теран фикрлар мажмуасидир” - деган ғояни англатарди.

Яна физиклар бахсига қайтайлик.

Физиклардан бири: «илгари файласуфларнинг жуда абстракт ғояларга берилиб кетганлигидан уларни тушуниш қийин эди, бугунги кунда физикларнинг ўзлари шундай бир мураккаб виртуал дунёга шўнғиб кетишдики, физикларнинг абстракцияси файласуфлардан ҳам чуқурлашиб кетган», деб физиклар ва туристлар ҳақидаги бир ривоятни баён қилган экан.

Бу ривоятни Омонулла Файзуллаев шундай талқин этгандилар: «Кунлардан бирида бир гуруҳ туристлар Бухородаги Амир Олимхоннинг тарихий қароргоҳини зиёрат қилиб юртига қайтгач, шундай ҳикоя қилибди. “Мен Бухорога бордим, Амир Олимхоннинг қароргоҳини ўз кўзим билан кўрдим. Бу қароргоҳдаги ҳовузни ҳам кўрдим. Ҳовузда амирнинг 40та чиройли канизаги чўмилаётган экан, Амир Олимхон уларга олма отди. Канизаклардан бири олмани илиб олди. Амир уни харамига олиб кириб кетди. Шуни ўз кўзим билан кўрдим.”- дебди.

Амир Олимхон 20-асрнинг бошларида ўтган бўлса, туристлар эса 21- асрда бу тарихий жойга зиёратга борган бўлса, уларни бирлаштириб жонлантириш учун вақтдан чекиниш ва кучли муболаға ишлатиш керак.

Шу туристларга ўхшаб ҳозирги замон назариётчи физиклари ҳам электрон ва позитронларни, мезонлар ва кваркларни “ўз кўзлари билан кўргандай қилиб” ҳикоя қилишади. Аслида микродунё статистик қонуниятлар асосида билвосита ўрганиладиган реаллик бўлиб, бундай миқёсдаги дунёда рўй берувчи жараёнларни кучли аналитик ва синтетик мушоҳада билан тахминлаб моделлаштириш ва умумлаштириш асосида ҳаёлан тикланади. Бу жойда ҳам математик абстракция, ҳам ўзига хос мукаммал мантиқ, ҳам беқиёс ривожланган фантазия керак бўлади». Бу гапларда чуқур маъно бор. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги дунёнинг илмий манзараси ниҳоятда мураккаблашиб кетди. Уни қамраб олиш учун мураккабликни унинг мураккаблигича ифодалай олувчи синергетик тафаккур ва ноординар мантиқ керак бўлади.

Микродунё мантиғи макродунё мантиғидан катта фарқ қилади. Масалан, макродунёда, биз одатланган оддий воқеликда ҳеч бир одам бир вақтнинг ўзида иккита эшикдан ташқарига бирдан отилиб чиқиб кетиши мумкин эмас, микродунёда эса элементар заррачалар учун бундай вазифани бажариш одатий ҳол ва мантиққа зид эмас(!?).

Микродунёни тасвирлаш учун чуқур илмий абстакция ва фантазия ҳам керак бўлади, шунинг учун ҳам субъмикродунё сирларини ўрганувчи олимлар турли хил заррачаларни бир-биридан на фақат шаклига, массасига, зарядига, спинига кўра, балки “рангига” (аслида микроўлчамда ранг ўз маъносини йўқотади), “ҳидига” (ароматига) ва ҳатто “жозибасига” кўра ҳам фарқлашади. Бу заррачалар ўртасидаги ўзароалоқадорликлар табиатини очишда муҳим роль ўйнайди. Атом ядросининг таркибий элементлари протон ва нейтронларнинг тузулишини ифодалаш учун, уларнинг таркибидаги кваркларнинг зарядларни каср сонлар билан ифодалашга тўғри келади. Бу усул микро ва субъмикродунёнинг виртуал табиати билан боғлиқ мантиқий зиддиятларни ҳал этиш имкониятини беради.

Баъзи тадқиқотчилар макроскопик тажрибаларни кўр-кўрона микродунёга тадбиқ этишга уринишади. Бу нотўғри! Микродунёнинг мантиғи ўзига хос бўлиб, унинг қоидалари шу соҳа мутахассисларигагина тушунарли ва аёндир.

Омонулла Файзуллаев микродунё фалсафасига оид кўплаб мақолалар ёзганлар. Домланинг садоқатли шогирдларидан бири Мурод Усмонов ҳатто “Квант механикасидаги диалектика”[5] деган мавзуда илмий монография ҳам ёзганлар. Бу китобда квант физикасининг асосий муаммолари, қонуниятлари ва микро дунёнинг ҳам тўлқинли, ҳам корпускулали дуалистик табиатини батафсил фалсафий таҳлил этилган. Тўлқин ва жисм моҳиятига макроскопик ва микроскопик ёндашишдаги зиддиятга эътибор бериб, О.Файзуллаев ”Классик физикадаги жисм билан тўлқин орасидаги диалектик зиддият квант физикасида бир объектнинг икки томони орасидаги зиддиятга айланди”[6], деб фикрни масаланинг ички моҳиятига қаратади.

Дунёларнинг хилма-хиллиги ҳақидаги ғоя ҳам олимларнинг оламни фалсафий умумлаштириб тасаввур этишлари оқибатида вужудга келган. Асл дунё билан уни мушоҳада этиш ўртасида катта фарқ бордир. Олимларнинг олам ҳақидаги фикрлари, дунёнинг манзарасини чизишлари у ёки бу даражада субъектив мазмун касб этади. Улар  “балки олам менимча, шундайдир”, “эҳтимол... шундай дунёлар мавжуддир” тарзида фикр юритишади. Илмдаги бундай йўналишни “имкониятдаги дунёлар фалсафаси” деб аташ мумкин.

Дунёларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги ҳақидаги ғоя қадимий ғоядир. Бундай ғоялар Анаксагорда ҳам, Платонда ҳам, Аристотелда ҳам, Берунийда ҳам учрайди. Бугунги файласуфлар эса бу ғояни янгича поғонага кўтаришди. Ҳақиқатдан ҳам имкониятдаги дунёлар сон-саноқсиздир. Оламдаги қонуниятларга озгина ўзгартириш киритсангиз унинг мазмуни бутунлай ўзгаради.

Фараз қилинг, электроннинг ўрнида позитрон бўлса, ёки жисмлар нейтронларданми, нейтриноданми ташкил топган бўлса – ҳозирги воқелик қандай кўриниш олган бўлар эди. Маълумки, нейтрино мавжуд моддий заррачалар билан алоқадорликка киришмайди, яъни бу моддий дунё нейтрино учун шаффофдир. Физикларнинг қиёслаши билан айтганда, “агар 70 та ер шаридек космик жисмларни кетма-кет тизиб қўйилган бўлса, нейтрино биринчи ер шаридан кириб етмишинчи ер шаридан чиқиб кетган бўлар эди”, аммо нейтрино ўз ҳаракат йўлида шу 70та жисмни ташкил этган элементар заррачаларнинг бирортаси билан ҳам алоқадорликка киришмайди, чунки у шу даражада нейтралдир. Агар нейтринодан ташкил топган объектлар бўлганда, биз  уларнинг борлигини мутлақо пайқамаган бўлар эдик. Бу ҳолат фантазия учун яхшигина озуқа эмасми? Илмий фантазия илмий қонуниятлар доирасида фараз қилинишини талаб қилади. Бу фантаст-ёзувчилардан табиий-илмий қонуниятларни пухта билишни тақоза этади.

Ўтган асрнинг охирларида постпозитивистик фан фалсафасида фаллибилизм деган ёндашув пайдо бўлди. Бу ёндашувнинг моҳияти Ғарб фалсафасида, хусусан К.Поппернинг асарларида кенг ёритилгандир. Бундай ёндашув бўйича, барча назарияларнинг хатолигидангина хатога йўл қўймаслик керак[7].

Файласуфлар ҳар қандай назария хатодир, назариялар на фақат хато, балки азалдан уларнинг замирида хатолик мавжуд бўлганлиги учун ҳам хатодир деб таъкидласа. Бу фикрдан Ж.А.Уилер: “Барча назарияларимизнинг хатолигини биламиз. Демак, ҳамма гап ўша хатони эртароқ қилишда”- деб хулоса чиқаради. 

Фаллибилист натурфалсафий ёндашувни хато ёндашув дебгина қолмасдан, унинг ўрнида шаклланган классик механиканинг ҳам ёлғонлигини исботлашга, шунингдек, классик механика ўрнига келган нисбийлик назариясидан ҳам хатоликни топиш мумкин ва зарур деб ҳисоблайди. Бундан ташқари бу назарияларни на фақат айрим эмпирик далилларга, балки умуман реалликка мос келмайди деб тушунтиради.

Фаллибилистлар Коперникнинг гелиоцентрик концепцияси Птоломейнинг геоцентрик концепцияси ўрнига келиб, геоцентрик концепцияни улоқтириб ташлаганидек, нисбийлик назарияси ҳам классик механикани рад этганлиги учун уни энди ишлатмаслик керак, эртага нисбийлик назарияси ўрнига янада умумийроқ концепция пайдо бўлгач, нисбийлик назариясини ҳам улоқтириб юбориш лозим деб ҳисоблайди.

Шу тариқа, “ҳеч бир назария воқеликни ҳаққоний акс этиришга лойиқ эмас, чунки, ҳар қандай назариянинг хато томонлари бориб-бориб топилади-да”, деган фикр вужудга келади. Аслида, биз одатланган воқелик классик механика доирасида тушунтирилганда унга мувофиқ келади, аниқроғи, классик механика унча катта тезликда ҳаракатланмайдиган системалардаги физик жараёнларни аниқ ифодалаб бера олади. Нисбийлик назарияси эса релятивистик тезликдаги, ўта катта тезликдаги, яъни ёруғлик нури тезлигига яқин тезликда ҳаракатланувчи системалардаги физик жараёнларни акс эттиради. Бундан ҳар бир назариянинг ўз ўрни, ўзининг қўлланилиш доираси мавжуд бўлади деган принцип келиб чиқади.

Омонулла Файзуллаев “Олам битта, лекин унинг манзаралари кўп”[8], ҳар бир назария оламнинг муайян манзарасини ифодалайди, деб жуда тўғри кўрсатганлар. Оламни тушунтиришда барча назариялар бирдай, ўзига хос аҳамиятга эгадир. Шундай экан, ҳеч бир назарияни кераксиз, ёки энди ишлатиш мумкин эмас деб ташлаб юбориш нотўғридир. Аммо, ҳар қандай назария бориб-бориб зиддиятга учраши табиий ҳол ва зарурийдир. Шу зиддиятларни ечиш жараёнида янги назариялар пайдо бўлади ва фан илгари силжийди. Мана шундай зиддиятларни ечиш жараёнида ҳам фантазиянинг ўз ўрни бор. Фантазия олимга воқеликдан муайян даражада узоқлашиш имконини беради. Мана шу узоқлашиш пайтидаги эркинлик унга воқеликнинг янгича, неординар томонларини кўришга йўл очади. Фантазиянинг қудрати ҳам шунда, тафаккур эркинлигида. Олимга эркин мушоҳада юритиш сув билан ҳаводек зарурдир. Эркинлик кашфиётлар сари йўл очади. Омонулла Файзуллаев “ҳақиқий ижодкор фан денгизида эркин суза олиши лозим” деб ҳисоблайдилар, бундай эркинлик билимдонликнинг, профессионализмнинг оқибатидир. Ўз ишининг устаси бўлган олим эркин тафаккур юритувчи, билимдон олим бўлади.

Устоз Омонулла Файзуллаев ана шундай эркин тафаккур юритувчи, ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлган энциклопедист олим эдилар.

 

 



[1] Ушбу мақоланинг кичик бир варианти «Фалсафа ва ҳуқуқ» журналида берилган  ва ундаги ғоялар О.Файзуллаевга жуда манзур бўлган эди. – Б.Т.

[2] Қаранг: Файзуллаев О. ХХ аср зиёлилари: устозларим ва сафдошларим. Т.:Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2008.

[3] Файзуллаев А. Научная фантазия в романе «Тавро Кассандры» // «Ковчег» Чингиза Айтматова. М., 2004.; Файзуллаев А. Научная фантазия в романе «Тавро Кассандры» // Социальные и гуманитарные науки. №3-4. Бишкек,2000.; Файзуллаев О.  Ёзувчининг илмий фантазияси // Жаҳон адабиёти №6, 2005 й.

[4] Беруний ила Коперник учрашуви (илмий-фантастик лавҳа) // Фан ва турмуш, №8, 1973. Б.26-29.; Даҳолар гурунги (Птоломей, Фарғоний, Беруний, Коперник, Улуғбек суҳбати) // Ўзбекистон адабиёти ва санъати., 13 октябрь 1994 й.; Алломалар гурунги (фантастик голографик саҳна асари) //  Қалб кўзи, 1998 й, 20 май.; Алломалар гурунги (илмий-фантастик лавҳа).// Маърифат, 1998 й. 7, 10, 14, 17, 21, 24 октябрь сонлари.

[5] Қар. Усмонов М. Диалектика в квантовой механике. Т.:Фан, 1979.

[6] Файзуллаев О. Фалсафа ва фанлар методологияси. Т.:Фалсафа ва ҳуқуқ, 2006. Б.88.

[7] Современная философия науки: знание, рациональность, ценности в трудах мыслителей Запада. М.:Логос, 1996. С.83-54.

[8] Файзуллаев О. Фалсафа ва фанлар методологияси. Т.:Фалсафа ва ҳуқуқ, 2006. Б.85

Add comment


Security code
Refresh

الإدارات
المواد شعبية
Imam Buxoriy saboqlari مجلة
الأخبار
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:6789

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:6736

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:6770

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:6998

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:6534

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:6949

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:5579

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:5659

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

وفد أوزبكي برئاسة السيد عمروف نائب رئيس مركز الإمام البخاري الدولي للأبحاث العلمية يقوم بزيارة ماليزيا في الفترة 1 – 10 يوليو الحالي

وفد أوزبكي برئاسة السيد عمروف نائب رئيس …

17-07-2018 Hits:1753

الوفد الأوزبكي برئاسة السيد عمروف نائب رئيس مركز الإمام البخاري الدولي للأبحاث العلمية بزيارة ماليزيا في الفترة 1 – 10... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:4506

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...

Ҳиндистон ислом маркази директори: ҳамкорлик алоқалари юксак натижа беражак

Ҳиндистон ислом маркази директори: ҳамко…

17-07-2018 Hits:5909

Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ҳиндистон ислом маданияти маркази директори Сиражуддин Қурайши билан учрашув бўлиб ўтди. Мартабали... Batafsil...

ОЛИМ ВА ПРОФЕССОРЛАРНИНГ УЧРАШУВ ЖОЙИ САМАРҚАНД БЎЛДИ

ОЛИМ ВА ПРОФЕССОРЛАРНИНГ УЧРАШУВ ЖОЙИ СА…

04-06-2018 Hits:3332

Туркиянинг Dirilispostasi.com номли интернет нашрида жорий йилнинг 4 июн куни бир гуруҳ туркиялик профессор ва докторлардан иборат делегациянинг Самарқандга, хусусан,... Batafsil...