ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

| Print |
Category: Янгиликлар
Created on 26 July 2018 Hits: 3011

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий ходими жаноб Пажвак ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларидан иборат делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг янги қурилаётган биноси билан танишиб, сўнг Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюришди. Меҳмонларни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов, директор ўринбосари Ш. Умаров, илмий котиб О. Муҳаммадиев ва Халқаро алоқалар бўлими ходими Б. Амоновлар кутиб олишди. Меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди ва музей экспонатлари билан танишишди.

Шундан сўнг Имом Бухорий халқаро маркази мажлислар залида делегация аъзолари ва ИБХИТМ илмий ходимлари иштирокида семинар тренинг ташкил этилди.

Дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов сўзга чиқиб йиғилишни очиб берди.

АҚШ тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден сўзга чиқиб, АҚШ тинчлик институти 1984 йилдан буён фаолият юритиб келаётганлиги, бу институт жаҳонда тинчликни сақлаш борасида кўплаб илмий ва амалий ишларни олиб борганлиги, хусусан, Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга оширганлигини таъкидлаб, бу борада Ўзбекистоннинг роли муҳимлиги ҳақида гапириб ўтди. Келгусида бағрикенглик соҳасида конференция ташкил этиш режаси борлигини билдириб, бу борада Марказ билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Семинар тренинг савол-жавоб шаклида давом этиб, унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Ш. Умаров, директор маслаҳатчиси Б. Тўраев, Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи О. Юсупов ва бошқа илмий ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.  

Скот Ворден АҚШ тинчлик институти тамонидан ажратилган тинчликни сақлаш борасида кўплаб грантлар мавжудлиги ва келажакда бу борада ҳамкорликка тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Тадбир якунида меҳмонларга ИБХИТМ томонидан нашр этилган “Ўзбекистон бағрикенг диёр” ва инглиз тилидаги “Ўзбекистон буюк алломалар юрти” китоблари совға қилинди, семинар-тренинг иштирокчиларига эса сертификатлар топширилди.

 Меҳмонлар ИБХИТМ қўлёзмалар фонди билан ҳам танишиб, бу ердаги нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни кўздан кечиришди.

 

 

Диний-маърифий тадбирлар бўлими ходими 
Б. Каримов