ҲАЖ КИТОБИ (9-қисм)

| Печать |
Категория: Мунозара
Создано 11 Июль 2018 Просмотров: 2340

Иҳсор

Иҳсор – эҳромдаги кишининг ҳаж ёки умра амалини касаллик, душман пайдо бўлиши каби сабаблар туфайли тамомлай олмаслигидир.

Ҳаж ва умра учун эҳром боғлаган кишини Байтуллоҳга етишдан тўсиб қолса ёки касаллик сабабли Байтуллоҳга етиб боролмаса, эҳромдан чиқиши жоиз.

Бундай одамга айтилади: “Ҳарамда сўйиш учун бир қўй юборасан ва ана ўша қўйни юбораётган кишига маълум бир кунда сўйишни тайин қилиб ваъда оласан. Ваъда қилинган кундан сўнг эҳромдан чиқасан”. Қўй Ҳарамга сўйиш учун юборилади. Чунки иҳсор туфайли оқизилган қон қурбат, яъни ибодат ҳисобланади.

Иҳсор қурбонлигини фақатгина Ҳарамда сўйиш жоиз ва уни ҳайит кунидан олдин сўйишга Имом Абу Ҳанифа фатво берган. Чунки у каффорат қурбонлиги ҳисобланади. Шунинг учун, ундан ейиш дуруст эмас. Бу масала бошқа каффоратлар каби замонга эмас, балки маконни хослаш билан кифоя қилинади.

Мутъа ва Қиронда бўлган қурбонлик каффорат эмас, балки шукр қурбонлиги ҳисобланади.

Ҳаж эҳромидан бўлган киши иҳсор туфайли эҳромдан чиқса, унга ҳам ҳаж, ҳам умра қазосини бажариш лозим бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ҳам худди шундай ривоят мавжуд. Ҳажнинг қазоси бажарилиши лозим бўлишининг сабаби, шуруъда ҳаж саҳиҳ ҳолда эди. Умранинг қазоси адо этилишига сабаб эса бу ўринда умра бўлмай қолган ҳажнинг ҳукмида бўлганидир.

Умра эҳромидан бўлган киши эса иҳсор ҳолатида бўлса, фақат умранинг қазосини бажариши лозим. Ҳанафий уламоларига кўра, умрадан ҳам иҳсор бўлади.

Қирон ҳажида бўлган киши иҳсорда бўлса, унга бир ҳаж ва икки умра қазоси лозим бўлади. Бир ҳаж ва бир умра юқорида зикр қилганимиз сабабли, аммо иккинчи умра шуруъ қилишда саҳиҳ бўлган умрадан чиққани учундир.

Иҳсорнинг кетиши

Қурбонлик сўйишдан аввал иҳсор зоил бўлса ва натижада, ҳаж ва қурбонликнинг ҳар иккисини бажаришга қодир бўлса, ҳажни давом эттириши лозим. Зеро, мақсадни амалга оширишга бўлган имкониятнинг вақти ўтмасдан олдин ўртадаги монелик йўқ бўлади.

Иҳсорнинг чегараси

Арафотда вуқуф қилишга ва тавоф қилишга қодир бўлган кимса ёки вуқуф қилгандан сўнг иҳсор қилинган киши муҳсар дейилмайди.

Арафотда туришнинг ўтиб кетиш ҳукми

Ҳаж учун эҳромга кирган одам ҳайит куни тонги отгунга қадар Арафот вуқуфини адо қилмаса, ҳажни ўтказиб юборган ҳисобланади. Чунки, вуқуфнинг вақти ҳайит кунининг тонгига қадар давом этади. Шундан экан, бу одам умра эҳромидан чиққан бўлиб, келаси йили ҳажнинг қазосини бажариш унинг зиммасига вожиб бўлади. Билъакс, қон чиқариш вожиб бўлмайди. Бунинг далили Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Кимки тавоф кечасини (вуқуф қилмай) ўтказиб юборса, демак, ҳажини ўтказиб юборибди. Бас, у одам умра эҳромидан чиққан бўлур”, деган ҳадисларидир. 

Умранинг кароҳият вақтлари

Умра амалларини бажариш вақти ўтиб кетмайди ва йилнинг беш кунидан ташқари ҳар қандай вақтда бажариш мумкин. Умрани Арафа, ҳайит ва ташриқ кунлари бажариш макруҳ. Бу ибн Аббос ҳамда Ойиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинган. Оиша (р.а.) юқорида зикр қилинган беш кунда Умра қилишни қабиҳ кўрар эдилар. Бунга асосий сабаб юқоридаги беш кун Ҳаж кунлари деб тайин қилинганидир.

Умра қилиш – суннат. Бошқа қарашга кўра, умра қилиш – суннати муаккада.

Ҳадий

Ҳадий шаръий истилоҳда туя, сигир ва қўй сингари ҳайвонларни Ҳарамга қурбонлик қилиш учун атамоқдир.

Ҳажда сўйиладиган ҳайвонлар уч хил: 1. Туя. 2. Сигир. 3. Қўй.

Сўйиладиган ҳайвонлар ҳар қандай айб ва нуқсондан холи бўлиши шарт.

Нафл ҳадий, мутъа ва қирон учун сўйилган ҳайвон гўштидан кишининг ўзи ҳам ейиши мумкин. Чунки у – ибодат ҳажи. Қурбонлик гўшт ўрнида бўлиб, ундан ейиш мумкин.

Нафл ҳадий, мутъа ва қирон фақат қурбон ҳайити куни сўйилиши керак. Унинг гўштидан Ҳарам ёки бошқа жой мискинларига садақа қилиш мумкин. Зеро, садақа Аллоҳга яқинликдир. Ҳар бир фақирга садақа қилиш Аллоҳга яқинликдир. Улар Ҳарамнинг мискинлари бўладими, бошқа жой мискинлари бўладими – фарқи йўқ.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан.
ИБХИТМ Матбуот хизмати