ҲАЖ КИТОБИ (7-қисм)

| Печать |
Категория: Мунозара
Создано 05 Июль 2018 Просмотров: 2266

Эҳромдаги кишининг тикилган кийим кийиши,

бошини ўраб қўйиши ва сочини олдириши

Эҳромдаги киши сочини хино билан бўяса, унга қон чиқариш вожиб. Чунки, хино – хушбўй нарса. Пайғамбаримиз (с.а.в.): Хино ўсимлиги хушбўй нарсадир”, - деганлар.

Хинони бошининг барча қисмига суртганга иккита қон чиқариш вожиб бўлади – биттаси хушбўй қилгани ва биттаси бошини ўрагани учун.

Эҳромдаги киши сочини зайтун мойи билан мойласа, бир кун тўлиқ тикилган кийим кийса ёки бошини бир кун эртадан кечгача ўраб юрса, унга қон чиқариш вожиб. Лекин агар бир кундан озроқ шундай юрса, унга садақа қилиш вожиб бўлади. 

Эҳромдаги киши сочи ёки соқолининг тўртдан бир қисмини олса, унга қон чиқариш вожиб.

Кесилган соч ёки соқол унинг тўртдан бир қисмидан озроқ бўлса, унга садақа қилиш вожиб.

Эҳромдаги киши гарданидаги барча тукни олса, қўлтиқлари остидаги туклардан ҳатто биттасини олса, қон чиқариш вожиб.

Бирор аъзодаги тукнинг озроқ қисмини олса, садақа вожиб.

Эҳромда бўла туриб мўйловидан бир қисмини олган одам олинган тукнинг миқдорига қараб, одил ҳукм баробарида, садақа чиқариши вожиб. Агарда у мўйловининг тўртдан бир қисмини олган бўлса, бир қўйнинг тўртдан бир қисмини садақа қилиш вожиб.

Эҳромда тирноқ олиш

Эҳромдаги киши баданидаги қон олдирадиган жойининг тукини олса, унга қон чиқариш вожиб.

Эҳромдаги киши бир ўринда туриб, ўзининг қўл ва оёқларидаги барча тирноқларни ёки уларнинг тўртдан бир қисмини олса ҳам, унинг қон чиқариши вожиб. Чунки тўртдан бир нарсанинг бутунлиги ўрнига ўтади.

Агар у тирноқларини тўртта жойда олган бўлса, унга тўртта қон чиқариш вожиб.

Эҳромдаги киши бешта тирноғидан озроғини олса – бир бошдан оладими ёки турли ерларидан оладими, фарқи йўқ – унга ҳар бир олинган тирноғи учун биттадан садақа вожиб бўлади.

Эҳромда ман этилган нарсаларнинг жамланиши

Эҳромдаги киши баданига атир сепса, тикилган кийим кийса ёки бир узрли сабаб туфайли сочини олдирса, “(уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин!” оятига асосан, у ўз ихтиёри билан хоҳласа, бир қўй сўяди, хоҳласа, уч соъ  буғдой (таом) миқдорида олти нафар мискинга садақа қилади, хоҳласа уч кун рўза тутиб бериши ҳам мумкин.

Хотинини шаҳват билан ўпган ёки шаҳват билан ушлаган эҳромдаги киши қон чиқариши вожиб. “Жомиъу-с-сағирда” аёлини шаҳват билан ушлаганда маний чиқса, унга қон чиқариш вожиб бўлиши айтилган.

Аслда эса, яъни “Ал-мабсут”да: Хоҳ маний чиқсин, хоҳ чиқмасин – фарқи йўқ деб, айтилади. Шунингдек, аёлнинг жинсий аъзосидан бошқа ерига жинсий алоқа қилса ҳам, жавоб айни шундайдир.

Ҳажда  жиноят қилиб қўйиш

Эҳромдаги киши Арафотда вуқуф қилмасдан аввал хотинининг икки йўлининг бирига жинсий алоқа қилиб қўйса, унинг ҳажи бузилиб, унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади, сўнг ҳажи бузилмаган киши каби ҳажини давом эттиради, фақат энди унга қазо ҳаж вожиб бўлади. Бунга далил Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаж қилиш мақсадида эҳромга кириб, сўнг жинсий алоқа қилиб қўйган эр-хотин ҳақида сўраганларида, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Икковлари ҳам қўй сўядилар ва ҳажларини давом эттирадилар ҳамда келгуси йилда қазосини ўтайдилар”, – деб айтганлар. Худди шундай маънода бир гуруҳ саҳобалардан (р.а.) ҳам ҳадис ривоят қилинган.

Жинсий алоқа сабабли ҳажлари фосид бўлган эр ва хотин унинг қазосини ўташ чоғида эр аёлидан ажраб, ҳажини алоҳида бажариши шарт эмас.

Арафотда вуқуф бўлгандан сўнг жинсий алоқа қилса, унинг ҳажи фосид бўлмайди, аммо унга туя сўйиш вожиб.

Сочини олдиргандан кейин жинсий алоқа қилган одам қўй сўйиши вожиб.

Ҳаж эҳромида эканини унутиб, жинсий алоқа қилиб қўйган одам ҳам аёлига қасддан яқинлик қилган ҳукмида бўлади.

Шунингдек, умра эҳромида бўлган киши (Каъбани) ҳам тўрт бор тавоф қилмасдан аввал (аёли билан) жинсий алоқа қилиб қўйса, унинг умраси фосид бўлади. Лекин шунда ҳам мазкур умрасини давом эттириб, сўнг қазосини ҳам ўтиб беради ва унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади. Агар (Каъбани) тўрт бор ёки ундан кўпроқ тавоф қилгандан сўнг, жинсий алоқа қилса, унинг умраси бузилмайди ва унга бир қўй сўйиш вожиб бўлади, холос.

Таҳоратсиз тавоф қилиш

Кимки қудум тавофи (ҳожи Маккага боришда биринчи қиладиган тавоф) ёки “Тавофу-с-садр” (хайрлашув (видоъ) тавофи)ни таҳоратсиз қилса, унга садақа вожиб.

Қудум тавофи ёки садр тавофини жунуб ҳолатда қилган одам учун бир қўй сўйиш вожиб.

Шунингдек, зиёрат тавофини таҳоратсиз қилганга бир қўй сўйиш вожиб.

Зиёрат тавофини жунублик ҳолида қилган одамга туя сўйиш вожиб. Чунки бу жиноят аввалгисидан кўра оғирроқ саналади.

Тавофнинг айрим қисмини тарк қилиш

Зиёрат тавофининг уч тавофи ёки ундан озроқ қисмини қолдирган одамга қўй сўйиш вожиб.

Зиёрат тавофининг тўрт тавофини тарк этган одам эса тарк қилинган қисмлар тўла адо этилмагунга қадар эҳромда қолади. Чунки тарк этилган қисм зиёрат тавофининг кўп қисмини ташкил қилмоқда ва шу боис, ҳожи гўё умуман тавоф қилмаган ҳукмида бўлади.

Кимки садр (хайрлашув) тавофини қилмаса ёки ундан тўрт тавофни қолдирса, унга қон чиқариши вожиб.

Садр тавофидан уч тавофни қолдирса, унга садақа қилиш вожиб. Кимки ҳар қандай вожиб тавофни, ҳижрнинг (яъни асл Каъбадан бўлган ўртадаги оралиқни) ички томонидан тавоф қилиб қўйган бўлса, агар у киши ҳануз Маккада бўлса, қайтадан тавоф қилади. Чунки, биз аввал айтиб ўтганимизга кўра, тавоф хатиймнинг (Каъбанинг аввалги деворининг) орқа тарафидандир.

Ҳаж вожибларини тарк қилиш

Ҳаж ибодатини қилаётган жойида Сафо ва Марва оралиғида саъй қилишни тарк этган, Арафот тоғидан имомдан аввал кетиб қолган, Муздалифада туриш, жимор (шайтонга тош отиш)ни барча кунларда бир кунлик ёки ундан кўпроқ вазифани тарк қилган одам қон чиқариши вожиб. Аммо бир кунлик вазифадан озроғини тарк қилган киши учун фақат садақа вожиб.

Ҳаж амалларини кечиктириб қилиш

Соч олишни кечиктирган кишига ҳам, зиёрат  тавофининг ўз вақтидан кечиктирган кишига ҳам қон чиқариш вожиб бўлади.

Сочини ўз вақтида, аммо Ҳарам (Макка шаҳри)дан ташқарида олдирган инсонга ҳам қон чиқариш вожиб. Чунки, Абу Ҳанифанинг наздида, соч олдириш замон ва маконга хос.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 183
ИБХИТМ Матбуот хизмати