Одоблар дурдонаси-17

| Print |
Category: Одоблар дурдонаси
Created on 05 September 2016 Hits: 5640

20-боб

(باب من عال جاريتين أو واحدة)

Бир ёки икки қизни тарбиялаган киши ҳақида

76 - عن عقبة بن عامر قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول: من كان له ثلاث بنات وصبر عليهن وكساهن من جدته كان له حجابا من النار.

76. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг «Кимда учта қиз бўлиб, уларнинг тарбиясидаги қийинчиликка сабр этса ва топган молидан уларнинг кийим-кечакларини бут қилса, улар бу кишига дўзахдан парда бўлади», деганларини эшитдим».

 Шарҳ:                                             

Мазкур ҳадисда бугунги кунда долзарб муаммолардан бири бўлган қизлар тарбиясига ислом дини катта аҳамият берганлигини кўришимиз мумкин. Афсуски, баъзан айрим оилалар қизларининг кўплигидан ёки ўғил фарандлари йўқлигидан Аллоҳ таолонинг тақдирига сабр қилмай, бузилиб кетаётганлигига гувоҳ бўлиб қолмоқдамиз. Аслида эса қиз фарзанд ҳам улуғ бир неъмат эканлигини унутиб қўймоқдамиз. Агар масалага севикли пайғамбарларимиз назари ила қарасак, аҳвол бутунлай ўзгача бўларди. Чунки биринчи ўринда қиз бўлсин, ўғил бўлсин туғилажак фарзандларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг иродаси билан дунёга келади. Банда ожиз ҳоли билан Яратганнинг инъомидан юз ўгириши, ва ундан норизо бўлиши мутлақо жоиз эмас. Қолаверса, қиз фарзандлар ўғил фарзандларга нисбатан ота-оналарига ҳам, ака-укаларига ҳам меҳрибон бўлишлари барчамизга аён.

Қиз фарзанд нозик хилқат бўлгани боис уларнинг тарбияси ҳам ота-оналардан ўзига яраша сабр ва матонатни талаб қилади. Қайси ота-она қиз фарзандларини одобли, гўзал ахлоқли қилиб тарбияласа, уларни едириб-ичирса ва тенгини топиб, турмушга узатса, бас, бундай ота-онанинг мукофоти жаннат бўлар экан. Чунки фарзанд ўстирган ва уни тарбиялаб, вояга етказганлар бунинг нақадар машаққатли эканини яхши билишади. Бу вазифани масъулият билан адо этган ота-онага Аллоҳ таолонинг мукофоти мунтазир бўлар экан.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Қиз бола тарбиясининг нақадар савоб иш эканлиги;
  2. Қизлар ўз ота-оналарининг жаннатга киришига сабабчи бўлиши;
  3. Қиз фарзандни парваришлаб, вояга етказиш ва унинг машаққатларига сабр қилиш ота-оналар учун дўзахдан тўсиқ бўлиши.

 

77 - عن بن عباس عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: ما من مسلم تدركه ابنتان

فيحسن صحبتهما إلا أدخلتاه الجنة.

77. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади:

«Набий (с.а.в.) «Бир мусулмоннинг иккита қизи бўлиб, уларни яхши муомала билан тарбия қилса, албатта, қизлари уни жаннатга киритади», дедилар».

Шарҳ:

Бу ерда ҳам юқоридаги ҳадиснинг маъноси такрорланаяпти. Аммо фарқли жиҳати ўтган ҳадисда учта қиз фарзанд ҳақида айтилган бўлса, бунда икки қиз фарзанд ҳақида айтилмоқда ва яна улар билан муомалада юмшоқроқ бўлиш таъкидланмоқда.

 

78 - عن جابر بن عبد الله قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: من كان له ثلاث بنات يؤويهن ويكفيهن ويرحمهن فقد وجبت له الجنة البتة فقال رجل من بعض القوم وثنتين يا رسول الله قال وثنتين

78. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (с.а.в.) «Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбия қилиб, катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши, албатта, муқаррардир», дедилар. Шунда бир киши «Эй, Аллоҳнинг расули! Унинг қизи иккита бўлса-чи?» деб сўради. «Иккита бўлса ҳам», дедилар».

Шарҳ:

Юқоридаги ҳадислар каби бу ҳадисда ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган қиз фарзандларни чин кўнгилдан хурсандлик билан тарбияласа, уларга марҳаматли бўлса, ота-оналарга жаннат ваъдаси бор экани таъкидланмоқда.

Олимхон Исахон ўғли
Манбашунослик бўлим бошлиғи