Соғлом бола ва саодат йўли-15

| Print |
Category: Соғлом бола ва саодат йўли
Created on 26 August 2016 Hits: 5358

Бола одоби тўғрисида

Ота-она зиммасига вожиб бўлган нарсалардан яна бири болаларига доимий равишда ғамхўрлик қилишдир. Фарзандларини жисмонан соғлом, ақлан етук ва маънан баркамол инсон бўлиб улғайишлари учун уларга маърифий озуқа ва руҳий тарбия бермоқликлари ҳам ниҳоят даражада лозим бўлади.

Ҳар бир ота-она ўз ҳаётининг давомчиси бўлган фарзандини бахтли-саодатли, бўлишини ҳамда дунёдаги барча яхши нарсаларга эришмоқлигини орзу қилади.

Бунинг учун болани ёшлик чоғидан бошлаб жиддий эътибор билан хулқ-одобини чиройли қилиб, феъл-атворини яхшилаб, унга илм ва касб-ҳунар ўргатиб, соф исломий эътиқод билан инсонпарварлик руҳида тарбиялаш зарур бўлади.

Бола тарбиясига бепарво бўлиб, оила аъзоларига ҳам яхши аҳамият бермайдиган лоқайд одам, нафақат ўзига, балки, жамиятга ҳам зиён етказиб, ортиқча муаммолар ва ташвишларни пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Амр ибн Осдан Имом Аҳмад ва Абу Довуд (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) ривоят қиладилар. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишини ўз қарамоғидаги кимсаларга бепарво бўлиши гуноҳкор эканлигига кифоядир”-деганлар”.

Мухтарам юртбошимиз ўз маърузаларидан бирида, жонкуярлик билан фарзандларимиз тақдирига қайғуриб: “Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик – бу аввало, биз катталарнинг уларни тарбиялашда йўл қўйган жиддий хатоларимиз оқибатидир” - деган эдилар.

Ҳар бир ота-она ёки мураббий томонидан берилган тарбия ва таълим таъсирида мурғак гўдак қалбидаги соф табиат ўзгариши мумкинлиги ҳақида жаноби Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилиб айтадиларки:

عن ابي هريرة رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه وسلم قال: مَا مِنْ مَوْلُودٍ إلاَّ يُولَدُ على الفِطْرَةِ فَاَبَوَاهُ يُهَوِّدَانِهِ أَوْ يُنَصِّرَانِهِ أَوْ يُمَجِّسَانِهِ كَمَا تَنْتَجُّ البَهِيمَةُبَهيمَةً جَمْعَاءَ هَلْ تُحِسُّونَ فِيهَا مِنْ جَدْعَاءَ. (رواه البخارى و الترمذى)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган гўдак фақат фитрат (соф табиат) билан туғилади, сўнгра уни ота-онаси яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу гўёки ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшашдир. Сиз унда қулоқ, бурун кесилганлигини кўрганмисиз?” – дедилар.

Боладаги беғубор, соф табиат динни қабул қилиш қобилиятига эга бўлсада, ота-онаси тарафидан ўз диний қарашларини унга сингдириши, уни яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб ўсишига сабаб бўлади.

عن ابن عباس رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: اَكْرِمُوْا اَوْلَادَكُمْ وَ اَحْسِنُوْا اَدَابَهُمْ. (رواه البخارى)

Ибн Аббос розияллоҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва уларнинг хулқ-одобини чиройли қилинглар” – дедилар”

عن جابر بن سمرة رضى الله عنه أن النبى صلى الله عليه و سلم قال: لِأنْ يُؤَدِّبَ الرَّجْلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ كُلَّ يَوْمٍ بِنِصْفِ صَاعٍ. (رواه الترمذى)

Жобир бин Самурадан Имом Термизий ривоят қиладилар: Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Киши боласини одобли қилиб тарбияламоқлиги, унинг учун ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилганидан кўра яхшироқдир”.

Яна бу ҳусусида ривоят қилинган ҳадиси шарифлардан имкон қадар келтириб ўтамиз.

عن ايوب بن موسى عن ابيه و عن جدَّه أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحَلٍ اَفْضَلَ مِنْ اَدَبٍ حَسَنٍ. (رواه الترمذى)

“Чиройли одоб ўргатишдан кўра яхшироқ нарсани ҳеч бир ота ўз боласига бера олмайди”.

قوله صلى الله عليه و سلم: رَحِمَ اللهُ وَالِدًا اَعَانَ وَلَدَهُ عَلَى بِرِّهِ

“Ўз фарзандини яхши сифатлари ва фазилатларини зиёда бўлишига ёрдам қилган ота-онага Аллоҳ таоло раҳм-шафқат қилади”.

Имом Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда:

قوله صلى الله عليه و سلم: اَوَّلُ مَا يُوضَعُ فِى المِيزَانِ الخُلْقُ الحَسَنُ. (رواه البخارى)

“Тарозига(адолат мезонига) биринчи қўиладиган нарса яхши хулқдир”. Имом Бухорий ривояти.

Имом Хасан розияллоҳу анҳу айтадиларки:

مُرُوهُمْ بِطَاعَةِ اللهِ وَ عَلِّمُوهُمْ الخَيْرَ

“Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишга буюриб, барча яхшиликларни ўргатинглар”.

Ўғил болани одоби, таълим-тарбия олиши қанчалик муҳим деб эътибор қилинса, қиз болага ҳам шу даражада жиддий аҳамият бермоқлик лозим бўлади.

Аллоҳ таоло муқаддас китобида мўминларга хитоб қилиб, ўзларини ва аҳли аёлларини дўзах ўтидан ҳимояланишига буюрар экан, ундаги аҳволини оғирлигини ҳамда азоб бергувчи қаттиққўл фаришталар борлигини “Таҳрим” сурасини 6-оятида огоҳлантиради.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ (۶)

“Эй, иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақланингиз. Унда дағал ва қаттиққўл Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”. (Таҳрим, 6)

Бола ўзининг уйида бўлса ҳам, ота-онасининг хонасига киришдан олдин руҳсат сўраб, изн берилгач кирмоқлиги лозим. Чунки кутилмаган ноқулай холат, бола руҳиятига ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда ўзининг энг яқин кишилари ҳақида нотўғри тасаввурларни туғилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Доно ва Ҳаким зот “Нур” сурасини 58-59 оятларида қуйидаги таълимни беради.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لِيَسْتَأْذِنْكُمُ الَّذِينَ مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ وَالَّذِينَ لَمْ يَبْلُغُوا الْحُلُمَ مِنْكُمْ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ مِنْ قَبْلِ صَلَاةِ الْفَجْرِ وَحِينَ تَضَعُونَ ثِيَابَكُمْ مِنَ الظَّهِيرَةِ وَمِنْ بَعْدِ صَلَاةِ الْعِشَاءِ ثَلَاثُ عَوْرَاتٍ لَكُمْ لَيْسَ عَلَيْكُمْ وَلَا عَلَيْهِمْ جُنَاحٌ بَعْدَهُنَّ طَوَّافُونَ عَلَيْكُمْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ (۵۸) وَإِذَا بَلَغَ الْأَطْفَالُ مِنْكُمُ الْحُلُمَ فَلْيَسْتَأْذِنُوا كَمَا اسْتَأْذَنَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ (۵۹)

“Эй, иймон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри) ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (хузурингизга киришида) сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган вақтда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингизни (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақт) лардир. Улар ўша (вақт)лардан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга бирингиз бирингиз келиб-кетиб тургучидирсиз. Аллоҳ оятларини мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. Қачонки гўдакларингиз балоғатга етса бас улар ҳам ҳудди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар. Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. (Нур, 58-59).

Ҳозирги даврга келиб, мобиль телефонлари ва интернет тармоқлари ва уларда намоиш қилинаётган клиплар, сериаллар, порнографик лавҳалар, қотиллик ва зўравонликни тарғиб қилувчи, миллий мафкурамизга ёт бўлган ташвиқотларни тарқалиши, ёшлар онгини захарлашга қаратилган маънавий таҳдид ва мафкуравий ҳуружлар махсули эканлигини ота-оналар ва мураббийлар унутмаслиги керак.

Болаларни айни ўсмирлик чоғида бепарво бўлиб, ўз ҳолича ёлғиз қолдирмаслик керак. Илм, касб-ҳунар ёки спорт машғулотлари ва бошқа тўгаракларга жалб қилиб, кўп вақтини бекор ўтишига йўл қўймаслик зарур. Мунтазам равишда болани назорат қилиб, бездириб юбормаслик лозим. Акс ҳолда ота-онасидан яширинча иш тутишга одатланиб қолади. Мустақил фикрлаш ва ишлашга кўникма ҳосил қилиб борса, кейинчалик ҳам қийналмайди.

Имом Ибн Қайюмнинг “Тухфатул мавдуд биаҳкамил мавлуд” номли китобида ёзилишича: “Кўпчилик фарзандларнинг ахлоқи бузилиб кетишига оталарнинг бепарволиги сабабидан, уларга диндаги фарз, вожиб ва суннатларни ўргатмасликлари туфайли юзага келади. Оталар болаларини ёшлик чоғларида қаровсиз қолдиришган бўлса, улар катта бўлганларида ўзларига ҳам оталарига ҳам манфаат етказмайдилар.

Бир киши фарзандини оққ қилиб, унга танбеҳ бераётганида фарзанди унга: “Эй Отажон, сиз менга ёшлик чоғимда оққ бўлган эдингиз. Энди катта бўлгач мен ҳам сизга оққ бўлдим, гўдаклик чоғимда мени қаровсиз қодирган эдингиз, кексайган чоғингизда мен ҳам сизни қаровсиз қолдираман”-деган экан.

Агар фарзанд отасига жабр қилаётган бўлса, унинг отаси ҳам бир вақтлар ўз отасига шундай муомила қилган бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: بَرُّوْا اَبَائَكُمْ يَبُرُّكُمْ اَبْنَائُكُمْ

“Оталарингизга яхшилик қилинглар, шунда сизларга ҳам фарзандларингиз яхшилик қилади”-деганлар”.

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الاَخْلَاقِ

“Инсоний одобларни мукаммал қилиш учун юборилганман” деган ҳадисларига мувофиқ болаларнинг хулқи, одоби чиройли бўлса, бу ҳаётда муаммоларга дучор бўлмасдан, бахту саодатга эришадилар.

Таҳорат ва ғусл одобларини ўргатиш зарурат бўлганда тартиб-қоидаларга мувофиқ равишда тўлиқ бажариш вожиблигини тушунтириб, таълим беришлик катталарнинг инсоний бурчларидир.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Имом Муслим ва Аҳмад (Худо уларни раҳмат қилсин). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларига доимий амал қилиб юришлари учун инсон жисмига боғлиқ бўлган поклик ҳақида марҳамат қиладиларки: “Ўн нарса пайғамбарларнинг суннатларидандир:

  1. Муйлабни қисқартириш;
  2. Соқол қўйиш;
  3. Тишини мисвак билан ювиб, тозалаш;
  4. Буринни сув билан чайиш;
  5. Тирноқларни олиш;
  6. Бўғимларни ювиш;
  7. Қўлтиқ тукларини олиш;
  8. Кидик ости тукларини тозалаш;
  9. Сув билан покланиш;
  10. Оғизни сув билан тозалаш;
2-давра 3-босқич тингловчиси
 Шахрихон тумани бош имом хатиби
 Иззатуллоҳ Турғунов