Одоблар дурдонаси-14

| Print |
Category: Одоблар дурдонаси
Created on 16 August 2016 Hits: 8739

16-боб

( باب مصافحة الصبيان )

Ёш болалар билан қўл бериб кўришиш ҳақида

966 - عن سلمة بن وردان قال : رأيت أنس بن مالك يصافح الناس فسألني من أنت

فقلت مولى لبني ليث فمسح على رأسي ثلاثا وقال بارك الله فيك .

966. Салама ибн Вурдондан ривоят қилинади:

 «Мен Анас ибн Молик (р.а.)ни одамлар билан қўл бериб қўришаётганларини кўрдим. Шунда мендан «Сен кимсан?» деб сўради. «Мен Бани Лайснинг ходимиман», деб жавоб бердим. У бошимни уч марта силаб, «Аллоҳ сенга барака берсин!» деди».

 Шарҳ:

Буюк саҳобий Анас ибн Молик (р.а.) одамлар билан қўл бериб кўришар ва кичик ёшдаги болаларга ҳам жуда меҳрибон эдилар. Чунки барча саҳобалар олий фазилатларда Пайғамбар алайҳиссаломни ўзларига намуна деб билардилар. Ёш болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларга мурувват кўрсатиш ҳам шулар жумласидандир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ёш болалар билан қўл бериб кўришиш мумкинлиги;
  2. Болаларнинг бошини силаб дуо қилиш кераклиги;
  3. Болаларга муомала қилишда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг йўлларини тутиш лозимлиги.

 17-боб

( باب السلام على الصبيان )

Ёш болаларга салом бериш ҳақида

1043 - عن أنس بن مالك أنه مر على صبيان فسلم عليهم وقال : كان النبي صلى الله عليه و سلم يفعله بهم .

1043. Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади:

«У киши ёш болалар олдидан ўтиб кетаётиб, уларга салом берар ва «Набий (с.а.в.) шундай қилардилар», деб айтардилар».

Шарҳ:

Бу ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг буюк хулқ ва камтарлик эгаси эканиликларига яна бир бора гувоҳ бўлмоқдамиз. Биз одоб-ахлоқ ва ҳар бир ишимизни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўрганишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръон Каримда бу хусусда:

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ

وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

«Батаҳқиқ, сизлар, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун, Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди»,[1] дея марҳамат қилган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Кичик ёшдаги болаларга ҳам салом бериш жоизлиги;
  2. Болаларга саломни ўргатиш лозимлиги;
  3. Саҳобалар ҳаётини ўрганиб, ҳаётга татбиқ этиш.

 

Олимхон Исахон ўғли
Манбашунослик бўлим бошлиғи


[1] Аҳзоб сураси 21-оят.