Соғлом бола ва саодат йўли-13

| Print |
Category: Соғлом бола ва саодат йўли
Created on 11 August 2016 Hits: 5432

Етим болалар ҳақидаги ҳукмлар

Аллоҳ таоло инсонларни яратиб, уларга беҳисоб неъматларни ато қилар экан, тинч-омон ҳаёт кечиришлари учун барча қулай шароитларни яратиб қўйди.

Тоату ибодат билан  яхши амалларни қилган бандаларга ажру мукофотлар борлигидан башорат бериб, ибодатсиз, гуноҳкор бандаларига эса турли хил жазолар ва азобу уқубатлар тайёрлаб қўйилганлигидан огоҳлантирди.

 Илоҳий дастурга мувофиқ солиҳ амалларни қилган кишилар икки дунё саодатига эришадилар. Аксинча, итоатсиз гумроҳ бандалар эса у дунё-ю бу дунё хору зор бўлишини пайғамбарлари воситасида бутун башариятга билдириб қўйди.

Ҳаётда учрайдиган ҳар хил ижтимоий масалалар, иқтисодий ва оилавий муаммолар ечимини муқаддас китобида ўз тартиби билан қатъий ҳукмлар асосида муфассал баён қилиб берди.

Етимлар ва уларга доир масалалар, ижтимоий муаммолардан бири бўлиб уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда ҳақ-ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш ҳар бир шахснинг инсоний бурчидир.

Ўтмишда оилавий ажримлар ва ўлим сабабли ота-онасидан маҳрум бўлган етимлар ва боқувчисини йўқотган бошпанасиз қолган  болаларга нисбатан одамлар томонидан турли даражада муомила қилинган. Динимизда моддий ва маънавий ёрдамга мухтож бўлган норасида гўдакларга ғамхўрлик қилиш, раҳм-шавқат ва меҳр-мурувват кўрсатиш юксак фазилат эканлиги айтилиб, уларга нисбатан одилона муносабатда бўлиш масъулияти бутун бир жамият аъзолари зиммасига юклатилган.

Табиий офатлар ва турли хил фалокатлар ёки қизғинбарот урушлар туфайли, ота-онасидан жудо бўлган етимларни ўз қарамоғига олиб, парвариш қилган оилалар ва бағри кенг инсонлар ҳақида ҳаётда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўз диёрларидан мажбурий тарзда эвакуатция қилиниб кўчирилган халқларга, ҳамда бешавқат уруш сабабли ота-онаси ва яқинларидан жудо бўлган етим болаларга фидоийлик билан беғараз ёрдам ва меҳру оқибат кўрсатгани учун ўзбек халқига ҳозирга қадар ҳам Шарқий Европа халқлари тасаннолар айтиб, таъзим қилмоқдалар.

Ўзи оч бўлсада овқат бериб, уйи тор бўлсада жой берган, миллати ва динидан қатъий назар, меҳмондўстлик билан бағрини очиб, кутиб олган, бор-йўғидан ажраб, юпин холатда келган мусофирларга бошпана бериб, ҳимоясига олган саҳоватпеша халқимизнинг беминнат хизматлари тарих саҳифаларида абадий мухрланиб қолади.

Етим деб шариатда балоғат ёшига етмай отаси вафот этган сағир ва сағира гўдакларга айтилади. “Мадорик ут-танзил” китобида зикр қилинган ҳадиси шарифга кўра: “Балоғат ёшидан сўнгра етимлик йўқ” – дейилган.

Етимларга ёрдам бериш ва яхшилик қилишни Аллоҳ таоло Ўзигагина ибодат қилиб, ота-онага яхшилик қилиш, намоз ўқиб, закот бериш каби улуғ ибодатлар қаторида зикр қилган.

“Бақара” сурасининг  83-оятида шундай марҳамат қилинадиким: 

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا مِنْكُمْ وَأَنْتُمْ مُعْرِضُونَ (۸۳)

“Эсланг (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз. Одамларга ширинсўз бўлинг, намозни мукаммал ўқинг, закот беринг” деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз эй, Исроил авлоди) озчилик қисмингиздан бошқангиз (ушбу аҳддан) юз ўгирдингиз”. (Бақара, 83)

Яна бир қанча сураларда ҳам етимлар ҳақида оятлар зикр қилиниб, унга алоҳида аҳамият берилганлигини учратамиз.

Жумладан “Нисо” сурасининг 2-оятида етимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ота-оналаридан қолган мерослари хусусида Аллоҳ таоло айтадиким:

وَآتُوا الْيَتَامَى أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَتَبَدَّلُوا الْخَبِيثَ بِالطَّيِّبِ وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَهُمْ إِلَى أَمْوَالِكُمْ إِنَّهُ كَانَ حُوبًا كَبِيرًا (۲)

“(Вояга етган) етимларга мол-мулкларини (қайтариб) берингиз. Пок нарсани нопок нарсага алмаштирмангиз! Уларнинг молларини ўз молларингизга қўшиб ҳам емангиз! Зеро, бу катта ганоҳдир”. (Нисо, 2).

Аллоҳ таоло етимларга мерос қилиб қолдирилган мол-мулклар ҳақида шундай марҳамат қиладиким:

وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا (۶)

“Етимларни то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб, (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз. Вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Агар бой оталиққа олган бўлса, (етимнинг мол-мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида хизматига яраша) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб китобда кифоя қилувчи зотдир”.

Кейинги оятларда: ота-оналари ва қариндош-уруғлари  қолдириб кетган нарса – меросда эркакларга ҳам аёлларга ҳам насиба – улуш борлиги, мазкур тақсимотда эҳтиёткорлик билан иш тутиб, ҳақдорларга одиллик билан насибасини ажратиш ва шу аснода етим-есирлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни ҳам ушбу насибалардан маълум миқдорда баҳраманд қилишлик лозимлиги буюрилади.

2-давра 3-босқич тингловчиси
Шахрихон тумани бош имом хатиби
Иззатуллоҳ Турғунов