Мовароуннаҳр илм-фан ривожида Термизий алломаларнинг ўрни

| Print |
Category: Термизлик алломалар
Created on 31 July 2016 Hits: 6597

Термиз Ўрта Осиёдаги кўҳна шаҳарлардан бўлиб, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Термиз ўрта асрларда илм-фан ва маданий тараққиёт борасида муҳим ўрин тутган шаҳарлардан бири бўлган. Мақолада ўрта асрларда Термизда илм-фан тараққиёти йўлида фаолият олиб борган “термизий”, буғий”, “рухшаюзий” ва “сарминжайний” нисбалари билан танилган алломаларнинг ҳаёти ва уларнинг қисқача илмий фаолиятлари ҳақида маълумот келтириб ўтмоқчиман.

 “Буғ” – Термиздаги қишлоқлардан бири бўлиб, бу ерда Буғий нисбаси билан Муҳаммад Буғий Термизий фаолият юритган. Муҳаммад Буғий Термизийнинг тўлиқ номи – Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳок Сулламий, Зарир, Буғий, Термизий б-б, у муҳаддис, ҳофиз, муаррих, фақиҳ ва ҳадис илмида машҳур олимлардан бири бўлган.

Муҳаммад Буғий Термизий 209/824 йили Термиз шаҳридан етти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Муҳаммад Термизий ёшлигидан ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлган. У 26 (850 й.) ёшидан бошлаб Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламолар ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўргана бошлади, кейинчалик қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатди. Жумладан, у Ҳижоз (Макка ва Мадина), Ироқ ва Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олади. Тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг таъкидлашича, Имом Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган.

Имом Термизий ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда ўз даврининг кўпгина машҳур муҳаддислари, жумладан, Имом Бухорий, Имом Муслим ибн Ҳажжож, Абу Довуд ва бошқалардан таҳсил олган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳаммод ибн Шокир, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва Абулаббос Муҳаммад ибн Маҳбуб Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин.

Имом Термизийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Саҳиҳ ат-Термизий”, “Сунан ат-Термизий), “Аш-Шамоил ан-набавия”,  “Китоб ат-тарих”, “Китоб ал-илал ас-сағийр ва-л-илал ал-кабир”, “Китоб аз-зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ал-асмо ва-л-куна” (“Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб”),  “Ал-Илал фи-л-ҳадис” (“Ҳадислардаги  иллатлар ёки оғишлар ҳақида”), “Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”) ва “Асмоу-с-саҳоба” (“Пайғамбар саҳобаларининг исмлари”) каби асарлари бор.

“Рухшаюз” – Термиздаги қишлоқлардан бири бўлиб, бу ердан Рухшаюзий нисбаси билан Муҳаммад Рухшаюзий етишиб чиққан. Муҳаммад Рухшаюзийнинг тўлиқ номи Абу Ҳусайн Муҳаммад ибн Исҳоқ Каробисий Рухшаюзий бўлган. У киши уламолардан, ундан эса бошқалар ривоят қилганлар[1].

“Сарминжон” – Термиздаги қишлоқлардан бири бўлиб, бу ердан Сарминжоний нисбаси билан Абулвоҳид Сарминжайний ва Наср Сарминжайнийлар етишиб чиққан.

Абулвоҳид Сарминжайний тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдулвоҳид ибн Муҳаммад ибн Молик ибн Нусравия Сарминжайний. У киши Сарминжонда имом-хатиблик қилган. У уламолардан, уламолар ҳам ундан ҳадис ривоят қилганлар.

Наср Сарминжайнийнинг тўлиқ исми Наср Муҳаллаб Сарминжайний. У кишининг келиб чиқиши Термиздан эди. У уламолардан, уламолар ҳам ундан ҳадис ривоят қилганлар[2].

“Шайшақ” – Термиздаги қишлоқлардан бири бўлиб, бу ердан Шайшақий нисбаси билан Аҳмад аш-Шайшақий фаолият юритган.

Аҳмад Шайшақийнинг тўлиқ исми – Абу Наср Аҳмад ибн Уҳайд Шайшақий. У киши “ан-Наводир” китобини тўлиғича ривоят қилган. У кўплаб олимлардан ривоят қилган бўлиб, ўз навбатида, ундан ҳам ривоятлар қилганлар[3].

Термизда ҳам кўплаб олимлар илмий фаолият олиб борганлар. Ана шундай олимлардан бири – Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизийдир. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Термиз шаҳрида 561/1165 йилда туғилган[4]  ва “Ҳусайний” саййидларидан бири бўлган[5]. Бу ҳақда Алишер Навоий шундай деб ёзади: “Ҳусайний саййиддур ва Тирмиздин эрди ва Шайх Баҳоуддин Валад қуддусу сирруҳунинг асҳоби ва муридларидиндур[6].

Илм ва маданият марказида дунёга келган Саййид Бурҳониддин Термизий илк таҳсилини отасидан олади. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий 605/1208 йил Мавлоно Жалолиддин Румий (ваф.672/1273 й.)нинг отаси Баҳоуддин Валад (ваф. 628/1231 й.)дан дарс олиш учун отасидан изн олиб Балхга кетади. Баҳоуддин Валад XII-XIII асрнинг машҳур олимларидан бири бўлган Шайх Нажмиддин Кубронинг (ваф. 618/1221 й.)нинг шогирди бўлиб, Балхда “Султону-л-уламо” (“Уломалар султони”) деган ном билан танилган[7]. Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Баҳоуддин Валаднинг ҳузурида илм ва тарбия ўргана бошлайди. Балхда 40 кун бўлиб Термизга қайтади. Термизда бир йил юриб, яна Балхга бориб, у ерда икки уч йил қолади[8]. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий бу вақт давомида бутун илмларни ўрганиб, маънавий юксак даражага эришди. Устозининг хоҳиши билан Мавлоно Жалолиддин Румийга устозлик қилиб[9], унинг таълим-тарбияси билан шуғуллана бошлайди. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий 12 йил давомида устози Баҳоуудин Валаднинг хизматида бўлиб, у кишидан илм ўрганиб, зоҳир ва ботин илмлардан дарс олади.  Саййид Бурҳониддин Термизий устози Баҳоуддин Валаднинг Балхдан Коняга кетганидан сўнгра, 616/1219 йили ўзининг юрти Термизга қайтиб келади[10].

Устози Баҳоуддин Валаднинг 628/1231 йили Коняда вафот этганида, Саййид Бурҳониддин Термизий Термизда эди. Бу воқеадан сўнг Саййид Бурҳониддин Термизий Коняга бориб устозининг ўғли Мавлоно Жалоллиддинга дарс беради. 

Муҳаққиқ Термизийнинг кўп шогирдлари бўлиб,  улар ичида танилиб, машҳур бўлганлари: Мавлоно Жалолиддин Румий (ваф. 672/1273 й.), Салоҳиддин Заркуб (ваф. 657/1258 й.), Султон Валад (ваф. 712/1312 й.), Соҳиб Шамсиддин Исфахоний (ваф. 646/1249 й.).

Саййид Бурҳониддин Термизийнинг бир дона асари бор. У ҳам бўлса “Маъориф” номи билан танилган. Асар форс тилида бўлиб, наср услубида ёзилган[11].

Термизлик алломаларимизнинг илмий меросларини тадқиқ этиш, уларни ёшларимизга етказиш ва уларнинг маънавиятини юксалтириш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Ҳадисшунослик бўлими мутахассиси
Олим Джураев


[1] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Тамимий Самъоний. Ал-Ансоб. Ж.3. – Б. 53.

[2] Ўша асар. – Б. 536.

[3] Ўша асар. – Б. 501.

[4] Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий. Маъориф. Тарж.: Абдулбоқи Гулпинорли. Анқара, 1972.

[5] Абдураҳмон ибн Аҳмад. Жоми. Нафаҳуту-л-унс мин Хадарати-л-Қудс. Тарж.: К.Жандўғон, С. Малак. Истанбул, 1971. – Б.522.

[6] Алишер Навоий. Насойиму-л-муҳаббат. – Б. 359.

[7] Аҳмад Афлакий. Маноқибу-л-орифин.Ж.1. Истанбул, 1989. – Б.126; Гулпинорли Абдулбоқи. Мавлона Жалолиддин. Истанбул, 1985. – Б.34-35.

[8] Семиҳ Жейҳан. Саййид Бурҳаниддин. Туркия дин ишлари вақфи ислом энциклопидияси. Ж. 37. Истанбул, 2009. – Б. 56.

[9] Аҳмад Афлакий. Маноқибу-л-орифин.Ж.1. Истанбул, 1989. – Б.152-153.

[10] Фурузанфар В., Мавлона Жалолиддин. Тарж.: Фаридун Нафиз Узлук. Истанбул, 1990.– Б.50.

[11] Абдулбоқи Гулпинорли. Мавлона. – Б.26.