Одоблар дурдонаси-11

| Print |
Category: Одоблар дурдонаси
Created on 21 July 2016 Hits: 4839

12-боб

( باب المزاح مع الصبي )

Ёш бола билан ҳазиллашиш ҳақида

269 - عن أنس بن مالك يقول: كان النبي صلى الله عليه و سلم ليخالطنا حتى يقول

لأخ لي صغير يا أبا عمير ما فعل النغير.

269. Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (с.а.в.) биз билан аралашиб юрар эдилар. Ҳатто бир куни укамга «Эй, Абу Умайр! Чумчуқчангга нима бўлди?» дедилар».

 Шарҳ:

Анас ибн Молик (р.а.)нинг Абу Умайр номли укалари бор эди. Унинг кичкина қушчаси бўлиб, у билан бирга ўйнаб юрарди.

Кунлардан бир куни у қушча ўлиб қолади ва бола қаттиқ хафа бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) буни кўриб, болага тасаллий бериб, кўнглини кўтариш учун ҳазиллашиб, «Эй, Абу Умайр! Чумчуқчангга нима бўлди?» дейдилар.

Мазкур ва бундан бошқа ҳадислардан ёш болалар билан аралашиб, уларнинг кўнгилларини кўтариш учун ҳазил-мутойиба қилиш раҳбар ва ёши катта кишиларнинг салобатига зид нарса эмаслигини билиб олишимиз мумкин.

 Пайғамбаримиз (с.а.в.) набиралари билан ўйнашни ёки ёш болалар билан ҳазил қилишни ўзларига номуносиб деган фикрда бўлмаганлар.

Имом Шофеъй раҳмаҳуллоҳ мазкур ҳадисни тафаккур қилиб, 70 та масалани аниқлаштириб олган эканлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ёш болалар билан аралашиб, уларга ҳазил қилишнинг жоиз экани;
  2. Ҳазилда ҳам маълум чегара бор экани;
  3. Кишининг ўз аҳли аёли, фарзанд-набиралари ва дўсти биродарлари билан ҳазил-мутоиба қилиши жоизлиги;
  4. Куня қўйишнинг жоизлиги;
  5. Қофиянинг жоизлиги;
  6. Агар зарар етказилмаса, қуш боқишнинг жоизлиги;
  7. Болалар ўйнаши учун вақт ва пул ажратишнинг жоизлиги.

 

270 - عن أبى هريرة: أخذ النبي صلى الله عليه و سلم بيد الحسن أو الحسين رضي الله عنهما ثم وضع قدميه على قدميه ثم قال ترق.

272. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади:

Набий(с.а.в.) Ҳасан ёки Ҳусайн (р.а.)нинг қўлидан тутиб, уларнинг оёқларини ўз оёқлари устига қўйиб, «Қани юқорига чиқ-чи!» дер эдилар».

Шарҳ:

Мазкур ҳадисда, ҳозирги кунимизда баъзи оталар ва боболар фарзанд-набираларини ўйнатганлари сингари Набий(с.а.в.) ҳам севикли набиралари Ҳасан ва Ҳусайн (р.а.)ни эркалатиб ўйнатганликлари ҳақида айтилмоқда.

Дарҳақиқат, ёш болаларга нисбатан меҳр-шафқатли ва эътиборли бўлиш мусулмон кишига лозим ишлардандир.

Олимхон Исахон ўғли
Манбашунослик бўлим бошлиғи