Соғлом бола ва саодат йўли-7

| Print |
Category: Соғлом бола ва саодат йўли
Created on 08 June 2016 Hits: 2031

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом фарзандлари ва аҳли байтлари ҳақида

Аллоҳ таоло муқаддас каломида шундай марҳамат қиладиким:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

Яъни: “Албатта, Аллоҳ ҳамда унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар, Эй мўминлар! (сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56).

 Жаноби сарвари олам Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг фарзандлари ва аҳли байтлари ҳақидаги мавзуни баён қилишдан олдин табаррукан У зотнинг муборак вужудларини дунёга келиши ҳусусида қисқача бўлсада зикр қилиб ўтишни умматлик бурчимиз дея сийрат ва тарих китобларидан олинган ушбу маълумотларни сиз мухтарам китобхонларга ҳавола қиламиз.

Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг миллатлари араб, Қурайш қабиласидан Ҳошимийлар хонадонидан. Оталарининг исми Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб, оналари Омина бинти Ваҳб бўлиб, у ҳам Қурайш қабиласи улуғларидан бирининг қизи эдилар. Мелодий ҳисоб билан 570 йил 20-апрел, робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба куни тонгида “Асхоби фил” воқеаси содир бўлган йилда дунёга келдилар. Пайғамбаримизнинг туғилишлари, ҳижратлари ва вафотлари ҳам айнан шу ой шу кунга мувофиқ келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган кечаси бир қанча ғароиб воқеалар, ғайри табиий ҳодисалар ва ажойиб мўъжизалар рўй берганлиги тарихий манбаларда қайд қилинган.

Уламоларнинг таъкидлашларича Муҳаммад (алайҳиссалом)  туғилишлари ғайри оддий, покиза ва қуруқ, баданлари ёғланган, кўзларига сурмалар тортилиб, киндиклари кесилган, хатна қилинган, хушбўйлар суркалиб муаттар ва мунаввар холатда эдилар.

Дунё яралиб, Одам Ато ва Момо Ҳавводан тарқалган зурриётлар ичида хозирги даврга қадар ҳам бирорта чақалоқ туғилганда бунга ўхшаш ҳолатлар кузатилмаган. Албатта бу бўлажак пайғамбарнинг таваллуд айёмидаги зоҳир бўлган башоратнинг дастлабки аломатлари эди. Икки кураклари ўртасида “нубувват муҳри” деб аталган кичик бир муҳр бор эди.

Яна шу кечада бир қанча ғайритабиий ҳодисалар кузатилди. Жумладан “Каъбанинг ичидаги бут-санамлар ва маъбудларга  атаб қилинган мушрикларнинг ҳайкаллари юз тубан йиқилди. Маккада бир нур пайдо бўлиб, уни ёруғлигидан Шомдаги миноралар кўринадиган даражада тун ойдинлашиб кетди. Форс салтанати подшоҳи Кисронинг қасрлари устидаги баъзи гумбазлари қулаб тушди. Минг йиллар мобайнида ўчмаган мажусийларнинг машъаласи ўчди. Бундай одатдан ташқари холатларга ўша замон одамлари гувоҳ бўлдилар.”

Расулуллоҳ ҳали оналари қорнида икки ойлик ҳомила эканликларида оталари Абдуллоҳ Шомга сафарга бориб, қайтишда Ясриб (ҳозирги Мадина шаҳри)га етганда касалликка учраб йигирма беш ёшида вафот этади. Олти ёшга етганларида эса оналари Омина Зуҳрия ҳам оламдан ўтади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Фиқҳул акбар” номли китобларида “Расулуллоҳ с.а.в нинг ота-оналари фитрат (исломий табиат) билан вафот этганлар”-деб баён қиладилар. Ота-онасидан эрта ажралиб, етимлик ҳолида қолгач бобоси Абдумутталиб, у вафот этганидан сўнг амакиси Абу Толиб хонадонида маюс, кўнгли синиқ, камтарона ҳолатда камолга етадилар. Йигирма беш ёшга кирганларида Қурайш қабиласининг энг фазилатли, ақлли, аслзода аёлларидан бўлган Ҳадича бинти Ҳувайлидга уйландилар.

Муборак умрлари қирқ ёшга етганда Аллоҳ таоло томонидан илк ваҳий юборилиб, бутун оламга рахмат бўлиб, пайғамбарлик мақомига мушарраф бўлдилар. 23 йил мобайнида ушбу машаққатли ва масъулиятли вазифани шараф билан муваффақиятли даражада адо қилиб, зиммаларига юкланган илоҳий омонатни мукаммал тарзда халққа етказдилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жаноби Расулуллоҳ (алайҳиссалом)ни инсу-жинга раҳмат пайғамбари қилиб юборган. Қуръони каримда шундай таърифу тавсиф билан Ҳақ жалла ва аъло айтадиким: “Анбиё” сурасини 107-оятида

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ (۱۰۷)

 “Биз ўз илму ҳикматларимиз билан сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юбордик”. (Анбиё, 107)

Муборак умрлари олтмиш уч ёшга етганда бу фоний-ўткинчи дунёни тарк этишлари ўзларига аён бўлди. Барча олам сарвари, охирги дин ва замон пайғамбари Муҳаммад Мустафо с.а.в ҳижратнинг ўн биринчи санаси, робиъул аввал ойининг ўн иккинчисида душанба куни қамарий ҳисоб билан олтмиш уч ёшларида заволдан кейин руҳлари қабз қилинди.

Бу кўҳна дунё тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган пайғамбарлик даври-саодат асри деб аталиб, инсоният ҳаёти ва унинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маърифий жабҳаларида улкан юксалиш даври ўлароқ мухрланган ва бу ҳақда минглаб илмий асарлар ҳужжатли далиллар асосида ёзилгани боис юқоридаги фикрлар билан кифояланамиз.

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ (۲۸)

“(Эй Муҳаммад) Биз Сизни ҳақиқатан барча одамларга (Мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган (пайғамбар қилиб) юбордик. Лекин одамларнинг аксарияти (бу ҳақиқатни) билмаслар”.  (Сабаъ, 28

2-давра 3-босқич тингловчиси
Шахрихон тумани бош имом хатиби
Иззатуллоҳ Турғунов