Видеолавҳалар
Харита
Марказимиз китоблари
Фотогаллерия
Меҳмонлар

Mehmonlar

Яндекс.Метрика

Соғлом бола ва саодат йўли-4

Category: Соғлом бола ва саодат йўли
Created on 21 April 2016 Hits: 2015

Закариё алайҳиссаломнниг “Роббим! Менга ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато этгин” деб қилган илтижоси

Закариё (алайҳиссалом) Бани Исроилнинг улуғ пайғамбарларидан бири хисобланган Сулаймон ибни Довуд (алайҳиссалом) авлодларидан бўлиб, Мусо пайғамбар шариатларига мувофиқ тарзда Байтил Мақдисда яшаб ўтганлар.

Дурадгорлик касбини махоратли устаси бўлиб, кўп вақтлари ибодатхонада ўтар, қавмларига панду-насихатлар қилиб, “Таврот”дан таълим берар эдилар.

 Ёшлари тўқсонга яқинлашиб қолган бўлсада ҳамон фарзанд кўрмаган эдилар. Хотинлари Ашбоъ бинти Имрон туғмас аёл бўлиб, умри давомида хайз ҳам кўрмаган эди. Чолу кампирни ёшлари ўтиб сочлари оқариб, беллари букчайиб, бола кўришдан умидлари тамомила узилган эди.

Қариндошлари ва оға-иниларининг фарзандлари итоату ибодатдан ташқари, беадаб бўлгани боис, ўзидан кейин аждодларидан давом этиб келаётган шариъат  аҳкомларини зое қилишларидан қўрқиб, хамиша Ҳудодан дини ва наслига меъросхўр бўладиган бир солиҳ фарзанд сўраб дуо қилар эдилар.

  Кўҳна тарихда тақводорлиги билан танилган ва сулоласидан кўп пайғамбар чиққан Оли Имрон хонадонида туғилган Биби Марям (Ҳазрати Исонинг оналари)нинг гўдаклик чоғида рўй берган ажойиб ва ғаройиб бир ҳодиса Закариё (алайҳиссалом)ни янада қатъий ишонч ва умид билан Аллоҳ Таолога ялиниб дуоларида давом қилишга ундади.

  Имрон хотини Ҳанна бинти Фаузо билан яшаб иккита қиз кўрдилар. Биринчи қизи Ашбоъ Закариё (алайҳиссалом)га турмушга чиққан. Иккинчиси Марям эса турмуш қурмасдан олдин фариштанинг муборак нафасидан ҳомиладор бўлиб, бокиралик ҳолида фарзанд кўрдилар. Иншааллоҳ воқеъалар жараёни ҳақида келгуси бобда батафсил  изоҳ бериб ўтамиз.

  Бани Исроил пайғамбарлари ва уламолари орасида ўғил болаларидан бирини Байтил Мақдис хизматига назр қилиб, бериш одати бор эди. Имроннинг хотини Ҳанна ҳомиладорлигида эри вафот этади. Тақводор аёл ҳомиласи туғилса уни ибодатхона хизматига ҳолис ният билан назр қилиб, беришга ахду паймон қилади.

إِذْ قَالَتِ امْرَأَتُ عِمْرَانَ رَبِّ إِنِّي نَذَرْتُ لَكَ مَا فِي بَطْنِي مُحَرَّرًا فَتَقَبَّلْ مِنِّي إِنَّكَ أَنْتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ (۳۵)

“Эсланг, (Эй, Муҳаммад!) Имроннинг хотини (Ҳанна) “Эй Роббим! Мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим (Уни) мендан қабул эт! Албатта Сен Самеъ (эшитувчи) ва Алим (билувчи)дирсан” (Оли Имрон, 35) – деб дуо қилди.

  Вақти соати етиб у қиз бола туғди.

فَلَمَّا وَضَعَتْهَا قَالَتْ رَبِّ إِنِّي وَضَعْتُهَا أُنْثَى وَاللَّهُ أَعْلَمُ بِمَا وَضَعَتْ وَلَيْسَ الذَّكَرُ كَالْأُنْثَى وَإِنِّي سَمَّيْتُهَا مَرْيَمَ وَإِنِّي أُعِيذُهَا بِكَ وَذُرِّيَّتَهَا مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ (۳۶)

“Қўзи ёригач деди: “Эй, Роббим!, мен қиз туғдим”, - вахоланки Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқ эди. Ахир (у кутган) ўғил бу қиздек (хислатли) бўлмасди. “Мен унга Марям деб исм қўйдим ва унга ҳамда зурриётига, қувғин қилинган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан сўрайман”. (Оли Имрон, 36)

Ибодатхона хизматига ҳали туғилмасидан олдин назр қилиб аталган бола, ўғил эмас қиз бўлганидан ўксиб, тазарруъ ила дуо қилган она, келажакда қизининг тақдирига нималар битилгани, ундан қандай илоҳий ҳикматлар ирода қилинганини, яқин кунларда бу қиз Бани Исроилнинг энг мўътабар аёлига айланишини, ундан Ҳазрати Исодек бир пайғамбар вужудга келишини билмас эди.

Узр сўраб, илтижо қилган муштипар онанинг дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилиб, назр қилинган қизни ўғил ўрнида яхши қабул қилди.

فَتَقَبَّلَهَا رَبُّهَا بِقَبُولٍ حَسَنٍ وَأَنْبَتَهَا نَبَاتًا حَسَنًا وَكَفَّلَهَا زَكَرِيَّا كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيْهَا زَكَرِيَّا الْمِحْرَابَ وَجَدَ عِنْدَهَا رِزْقًا قَالَ يَا مَرْيَمُ أَنَّى لَكِ هَذَا قَالَتْ هُوَ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ (۳۷)

“Бас, Парвардигори уни (Марямни назрликка) яхши қабул этиб, яхши парвариш қилди ва Закариё қарамоғига топширди. Закариё ҳар гал (Марям) олдига масжидга кирганида олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: “Эй, Марям бу нарсалар сенга қаёқдан келди ?” – деб сўраса, (Марям) “Булар Аллоҳ ҳузуридан, Албатта Аллоҳ ўзи ҳохлаган кишиларга бехисоб ризқ берур” – деб жавоб берар эди. (Оли Имрон, 37).

Чин ихлосу эътиқод билан Аллоҳ йўлида қизи Марямни назр қилган онанинг ҳолис дуолари даргоҳи илоҳийда мустажоб бўлди. Чақалоқ тарбиясига мутасадди бўлиб, ибодатхона бошлиғи бўлган Закариё (алайҳиссалом) кафил бўлдилар.  Унга алоҳида эътибор қаратиб, озиқ овқат билан таъминлаб, доимий назорат остида, меҳр билан парвариш қила бошладилар.

Аллоҳ уни бутун олам аёлларининг афзали бўлиши учун, танлаб, ёмон ишлардан сақлаб, рукуъ ва сажда қилишга буюргани учун ҳам Марям онамиз хамиша меҳробда ибодатга машғул эди. Закариё (алайҳиссалом) қачон унга таом олиб келсалар, унинг олдида турли ҳил нози-неъматлар ва мева-чеваларни кўриб хайратга тушар эдилар.

Бу холатдан таажжубланган Закариё (алайҳиссалом) “Эй, Марям! Бу нарсалар сенга қаердан келди? – деб сўрасалар Марям унга: юқоридаги оятда зикр қилинган жавобни айтди”.

Бу сўзларни эшитгач умри давомида зурриётга зор бўлиб, ўтаётган Закариёнинг (алайҳиссалом) кўнглида умид учқунлари янада чарақлаб кетди.

Лутфу марҳамати улуғ бўлган Зот Аллоҳ таолога юзланиб, ундан бир солиҳ фарзанд ато қилишини сўраб дуога қўл кўтардилар.

هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُ قَالَ رَبِّ هَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاءِ (۳۸)

“Ўша жойда Закариё Роббига илтижо қилиб, деди: “Роббим менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дархақиқат Сен дуони эшитгувчидурсан”. (Оли Имрон, 38).

Гарчи ўзлари кексайиб хотини ҳам туғиш ёшидан ўтиб, бола қўришдан умидлари узилган бўлсада, хар бир нарсага қодир ва бандаларининг барча ишларидан воқиф бўлган Парвардигорига чин дилдан ихлос ва умидворлик, қўрқув ва хокисорлик ила қўл очиб, илтижо қилдилар.

وَزَكَرِيَّا إِذْ نَادَى رَبَّهُ رَبِّ لَا تَذَرْنِي فَرْدًا وَأَنْتَ خَيْرُ الْوَارِثِينَ (۸۹)

“Закариёнинг “Эй, Роббим! Мени ёлғиз ташлаб қўйма (ўз даргоҳингдан менга меъросхўр фарзанд ато эт). Сен (ўзинг) ворисларнинг яхшироғидирсан” – деб нидо қилган пайтини (эсланг!)”. (Анбиё, 89)

Суюкли бандасининг сабр қаноат билан қилган дуоси қабул бўлиб, уни баракоти билан мункиллаб қолган чолу кампирга фарзанд ато қилинди. Ихлосу эътиқодлари шарофатидан мутлақо иложу имкони бўлмаган иш амалга оширилди.

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَوَهَبْنَا لَهُ يَحْيَى وَأَصْلَحْنَا لَهُ زَوْجَهُ إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَيَدْعُونَنَا رَغَبًا وَرَهَبًا وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ (۹۰)

“Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яхёни ато қилдик, ҳамда жуфти (халоли)ни ўнглаб (туғадиган) қилиб қўйдик. Дархақиқат улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар, ҳамда Бизга (барча буйруқларимизга) итоат этувчи эдилар”. (Анбиё, 90)

“Марям” сурасини аввалида Закариё (алайҳиссалом) ҳақида янада батафсил хабар берилади.

ذِكْرُ رَحْمَتِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّا (۲) إِذْ نَادَى رَبَّهُ نِدَاءً خَفِيًّا (۳) قَالَ رَبِّ إِنِّي وَهَنَ الْعَظْمُ مِنِّي وَاشْتَعَلَ الرَّأْسُ شَيْبًا وَلَمْ أَكُنْ بِدُعَائِكَ رَبِّ شَقِيًّا (۴) وَإِنِّي خِفْتُ الْمَوَالِيَ مِنْ وَرَائِي وَكَانَتِ امْرَأَتِي عَاقِرًا فَهَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ وَلِيًّا (۵) يَرِثُنِي وَيَرِثُ مِنْ آلِ يَعْقُوبَ وَاجْعَلْهُ رَبِّ رَضِيًّا (۶) يَا زَكَرِيَّا إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَامٍ اسْمُهُ يَحْيَى لَمْ نَجْعَلْ لَهُ مِنْ قَبْلُ سَمِيًّا (۷) قَالَ رَبِّ أَنَّى يَكُونُ لِي غُلَامٌ وَكَانَتِ امْرَأَتِي عَاقِرًا وَقَدْ بَلَغْتُ مِنَ الْكِبَرِ عِتِيًّا (۸) قَالَ كَذَلِكَ قَالَ رَبُّكَ هُوَ عَلَيَّ هَيِّنٌ وَقَدْ خَلَقْتُكَ مِنْ قَبْلُ وَلَمْ تَكُ شَيْئًا (۹)

 “(Эй, Муҳаммад!) Бу Роббингиз ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри (қиссаси)дир.”

“Қачонки у (Закариё) Парвардигорига хуфёна (товушсиз) дуо қилиб, деган эди: “Эй, Роббим! Дархақиқат менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Роббим! Мен сенга дуо қилиб, (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман”.

“Менинг ортимда қоладиган қариндошларим (динни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним эса туғмас бўлиб қолган. Энди Сен ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер”.

“У менга ва (бобом) Яъқуб наслига меъросхўр бўлсин, ва ундан барчани рози қилгин.”

“(Аллоҳ айтди): “Эй, Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз. Унинг исми Яхё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз”.

“Закариё деди: “Эй, Роббим! Хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг нотавон холатига етиб қолган бўлсам, менга фарзанд қаёқдан бўлсин?”.

“(Аллоҳ) айтди: “Шундай Роббинг айтур-ки, бу (иш) менга осондир, (Ахир) Мен сени илгари хеч нарса бўлмаган пайтингда (ҳам) яратган эдим-ку!”. (Марям, 2-9).

Аллоҳ таоло ўз лутфи инояти ила Закариё (алайҳиссалом)га ақл, фаросати ва зеҳн-заковати зиёда бўлган ўғил фарзанд ато қилди. Фазли карами билан унга гўдаклик пайтидаёқ илм берди.

وَآتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّا (۱۲)

“... ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик”. (Марям, 12).

Отанинг “покиза зурриёт ато қилгин” дея сидқидилдан қилган дуоси баракоти билан, ҳали туғилмасидан олдин фаришталар башорат берган, номи ҳам Яхё деб аталган, бу фарзанд уч ёшига етганидаёқ “Таврот” ўқийдиган даражада қобилиятли эди. Ўсиб, улғайгач эса “Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган”, ўз қавмига пешво бўлган покиза, пархезкор, ота-онасига меҳрибон, итоатли инсон бўлиб, энг юксак мартабага – пайғамбарлик мақомига мушарраф бўлдилар.

Демак ота-оналар Аллоҳдан фарзанд тилаб дуо қилганларида, фақат болани ўзини сўрамасдан, уни солиҳ, саодатли бўлишини, итоату ибодатда юришини ҳамда умри-ризқи баракотли бўлиб, илму ҳунар эгаллаб, хулқи одобини ҳам чиройли бўлмоқлигини қўшиб сўрамоқлик мақсадга мувофиқ бўлар экан.

Закариё (алайҳиссалом)нинг вафотлари хақида “Муружуз-заҳаб” номли китобда қуйдаги маълумотлар келтирилган. “Марямни ўз қарамоғига олиб, унга кафил бўлиб тарбия қилган Закариё (алайҳиссалом)ни бир гуруҳ яхудийлар зинокорликда айблаб, тухмат уюштириб, уни ўлдирмоқчи бўладилар. Махоратли дурадгор бўлган Закариё (алайҳиссалом) улардан қочиб, бир дарахт кавагига кириб яшириниб олади. Иблис уларга йўл кўрсатиб, топиб бергач, дарахтга қўшиб Закариё (алайҳиссалом)ни ҳам арралаб ўлдирадилар. 

2-давра 3-босқич тингловчиси
Шахрихон тумани бош имом хатиби
Иззатуллоҳ Турғунов

Add comment


Security code
Refresh

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР
Кўп ўқилган
Имом Бухорий сабоқлари журнали
Янгиликлар
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:5542

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:5566

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:5664

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:5718

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:5399

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:5733

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:4703

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:4758

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:3894

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...