Соғлом бола ва саодат йўли-3

| Print |
Category: Соғлом бола ва саодат йўли
Created on 13 April 2016 Hits: 2072

Худо ўз хоҳиши ва иродаси ила фарзанд беради ёки...

Аллоҳ таоло ўз фазли ва карами билан ўзи хоҳлаган бандасига фарзанд бериши ёки бермаслиги ҳақида қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ (۴۹) أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ (۵۰) 

Яъни:  “Осмонлар ва Ернинг хукмронлиги Аллоҳга (хос) дир. (У)  хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини бепушт (туғмас) қилиб қўяр. Албатта У (бунинг ҳикматини) билгувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) Қодирдур”. (Шуаро, 49-50)

Мазкур оятларда: Осмонлар ва ерни яратувчи-ҳолиқи ва унинг эгаси-молики Ўзи эканлиги ва унда ўзи хоҳлаганидек тасарруф этиши, тақсимот ва тақдир қилиши хусусидаги барча ҳукмлар ёлғиз ўзига хос эканлиги баён қилинади.

Аҳли сунна вал жамоъа ақидасига кўра энг машҳур ибора:

مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَ مَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ وَ يَحْكُمُ مَا يُرِيْدُ

“Худо хоҳлаган нарса бўлади. У хоҳламаган нарса бўлмайди ва Ўзи ирода қилган нарсага ҳукм қилади” - дейилган.

Ўзи хоҳлаган кишига беради ва хоҳламаса бермайди. Берадиган нарсаси учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ . У ман қилган нарсани эса, берувчи бирор бир куч-қувват йўқ. Ўзи хоҳлаган нарсани истагига кўра яратади. Аллоҳ ўзининг азалий ҳикмати ва қудрати билан эру-хотинга хоҳласа қиз ёки ўғил беради. Хоҳласа фақат қизлар ёхуд фақат ўғил болалар беради. Истаган бандасига аралаштириб-ўғил ва қиз бериб, хоҳламаса фарзанд кўрмайдиган, бепушт қилиши ҳам мумкин.

Абул Баракот Насафийнинг “Мадорукут танзил ва ҳақоиқут таъвил” номли тафсир китобида баён қилинадиким; “Фарзанд ато қилиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўлгани учун ҳатто пайғамбарларга ҳам бир хил жинсда ёки бир ҳил миқдорда фарзанд берилмаган. Масалан: Лут ва Шуайб (а.с) ларга фақат қиз болалар, Иброҳим (а.с) га фақат ўғил болалар (ўн уч нафар), Муҳаммад (с.а.в) га ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар, Яҳё ва Ийсо (а.с) ларни эса бефарзанд бўлишларини ирода қилди. Бу илоҳий тақдир ва тақсим бандалар учун ибрат ва  синовдир. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир инсон Худо берган неъматлар эвазига шукр қилиши, бошига тушган мусибатларга сабр-қаноат қилиши лозимдир.

Ибн Касир ўзининг “Тафсирул Қуръонил аъзийм” номли китобида юқоридаги оятларни шарҳлаб: “Аллоҳ таоло одамларни тўрт хил турга бўлишни ихтиёр қилди” - дейдилар. Қизлар берилган, ўғил болалар берилган, ўғил ва қиз берилган, икковидан ҳам берилмай, бепушт бўлгани, бунинг ҳикматини эса фақат ёлғиз ўзи билгувчидир.

Бу ўринда Ҳазрати Ийсо (а.с)нинг туғилиши жараёнидаги ҳолатни  баён қилувчи оят “Марям” сурасида зикр қилинади:

...وَلِنَجْعَلَهُ آيَةً لِلنَّاسِ وَرَحْمَةً مِنَّا و كَانَ اَمْرًا مَقْضِيَّا... (۲۱)

“... Биз у (болани) одамлар учун мўъжиза ва ўз томонимиздан раҳмат (манбаи) қилурмиз ...” (Марям, 21)

“Оли Имрон” сурасининг 59-оятида ҳам

إِنَّ مَثَلَ عِيسَى عِنْدَ اللَّهِ كَمَثَلِ آدَمَ خَلَقَهُ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ قَالَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ (۵۹)

“Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида бамисоли Одам (а.с) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга “Бўл”-деди, бас (У жонли одам) бўлди”.

Мазкур оятда одамларни тўрт хил услубда яратган Улуғ зотнинг беқиёс қудратига ишорат бор:

  1. Одам (а.с) на бир эркак ва на бир аёлсиз, тупроқдан  яратилгани.
  2. Ҳавво (а.с) ни бир эркакдан, аёлсиз яратилгани, (Ҳазрати Одам  

       Атонинг чап қовурғаларини юқори қисмидан).

  1. Ийсо (а.с) дан бошқа инсонларни эркак ва аёлдан яратилиши.
  2. Ийсо (а.с) ни эса бир онадан, отасиз (Руҳул Қудс-Жаброил (алайҳиссалом)нинг муборак нафасларидан вужудга келган)лигидир.

(бу ҳақида мазкур китобнинг кейинги бобларида ёритилган Биби, Марям ҳақидаги мавзуда тўлиқ баён қилинган.

Закариё (алайҳиссалом)нинг хотини Ашбоъ бинти Имрон умуман хайз кўрмаган, туғмас аёл эди. Кексайиб ҳолдан тойган кампирни ҳомиладор бўлишини ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин. Лекин ҳар бир ишга қодир Аллоҳ таоло Закариё (а.с) нинг дуоларини ижобат қилиб, уни баракотидан қари кампирга ҳомиладор бўлиш салоҳиятини ато қилди ва у ҳомиладор бўлди.

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَوَهَبْنَا لَهُ يَحْيَى وَأَصْلَحْنَا لَهُ زَوْجَهُ إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَيَدْعُونَنَا رَغَبًا وَرَهَبًا وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ (۹۰)

“Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ато этдик ҳамда жуфти (ҳалоли) ни ўнглаб (туғадиган қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар ҳамда Бизга (барча буйруқларимизга) итоат этувчи эдилар”. (Анбиё, 90)

Ўғилми, қизми бу Худо берган улуғ бир неъматга шукрлар қилиб, бола тарбиясига жиддий аҳамият бериб, унинг илму ҳикмат ўрганиши ва касб-хунар эгаллаши учун ғамхўрлик қилиш ота-оналар зиммасидаги шарафли ва маъсулиятли бурчдир.

2-давра 3-босқич тингловчиси
Шахрихон тумани бош имом хатиби
Иззатуллоҳ Турғунов