Ғарбнинг ҳалокати Хотима

| Print |
Category: Ғарбнинг ҳалокати
Created on 22 May 2015 Hits: 8983

ВА НИҲОЯТ СИЗ КУТГАН ХОТИМА

 Ҳар бир жамиятнинг тараққиёти, ишончли истиқболи, аввало унинг маънавий пойдевори нақадар мустаҳкамлиги билан белгиланади. Ҳар бир шахснинг, пировардида халқ ва миллатнинг маънавий юксалиши эса минг йиллар мобайнида шаклланган, сайқал топиб келган маънавий-ахлоқий қадриятларга собитлик, миллий-маданий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ўзликни англаш, инсоний комилликка интилиш, фан ва техниканинг замонавий ютуқларини эгаллаш билан  таъминланади.

Мамлакат ва миллат тақдири билан боғлиқ жараёнларда фуқароларнинг пок эътиқод, ҳушёрлик ва масъулият билан ҳаракат қилиши, яхшини ёмондан, аслни сохтадан фарқлай олиши маънавият даражасининг мезони  сифатида майдонга чиқади.

         Айни чоғда, маънавиятни юксалтирадиган омиллар, уни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган кучлар билан бир қаторда, ҳар қандай жамиятда маънавиятни пасайтириш пайида юрадиган, маънавий бузғунчиликдан “баҳра” оладиган тоифа ва кимсалар ҳам бўлади.

Ҳозирги даврнинг муҳим хусусиятларидан бири – кишиларнинг онги ва қалбини эгалллаш учун курашнинг кучайганидир. Қонли урушлар, ҳарбий юришлар, иқтисодий исканжага олишлар ўрнига энди тобора кўпроқ мафкуравий восита ва маънавий қуроллар ишлатилмоқда. Одамларнинг тафаккури, онги, дунёқарашини эгаллашга уринишлар маънавият майдонида кўпроқ юз бермоқда. Бошқа ҳудуд ва халқларни ўзига қарам қилиш учун энди очиқдан-очиқ кўриш ва сезиш қийин бўлган воситалар, хусусан маънавий бузғунчилик усуллари қўлланмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов XX аср охири – XXI аср бошида мафкура полигонлари ядро полигонларига қараганда кўпроқ кучга эга бўлиб бораётганини кўп бора таъкидлайди. Маънавиятсизлик «касали», ахлоқсизлик «эпидемияси» ҳар қандай бактериологик қуролга қараганда кўпроқ “руҳий вайроналик” ва “маънавий қашшоқлик” келтириши ҳақида неча бор огоҳлантиради..

Ўзининг фалсафаси, меъёр ва мезонларини “жаҳон стандарти” даражасига кўтариб, бошқаларга зўрлаб тиқиштиришга уринишлар айрим хорижий давлатлар ва сиёсий кучлар хатти-ҳаракатида яққол намоён бўлиб бормоқда. Иқтисодий салоҳият, техника ва технология соҳасидаги пешқадамлик, ўз ҳолича маънавий соҳада ҳам раҳнамоликка асос бўла олади, деган хато фикрлар тарқатилмоқда.

Сиёсий гегемон бўлиш илинжида юрган айрим геостратегик кучлар кейинги пайтларда маънавиятни пасайтириш, маънавий таназзул ва қашшоқликни ёйиш усулидан фойдаланишни кўзлайди. Ғоявий-маънавий рақибларимиз томонидан ахлоқсизлик – шахс эркинлиги деб, беҳаёлик, тартибсизлик –  демократия тантанаси деб, тарғиб этилмоқда. Ўзлигини, ўз маънавияти ва миллий ғурурини сақлаб қолишга бўлган интилишлар мухолифлар томонидан эскиликка ёпишиш, озодликни бўғиш, демократия тақчиллиги, деб талқин қилинмоқда.

Президентимиз 2005 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13 йиллигига бағишланган, тантанали маросимда сўзлаган маърузасида ҳамда “Ёшлик”  талабалар шаҳарчасидаги бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари билан танишиш чоғида ёшлар билан қилган суҳбатлари давомида маънавий таҳдидларга, “универсал демократия”, эркинлик ва эгоцентризм ниқоби остида юртимизга кириб келаётган зарарли оқимларга яна бир бор эътиборни қаратди.

Демократияни, айниқса, америкача демократияни кенг ёйиш шиори, аслида демократияга зиддир; уни экспорт қилиш режаси остида эса, ғаразли геостратегик мақсадлар ётгани аён. Ҳар ҳолда, халқимиз, ёшларимиз онги ва қалбини эгаллашга, маънавиятига суқилиб кириб, уни ичдан кемиришга бўлган уринишлар бор ва бундан кейин ҳам бўлиши тайин. Асосий масала – ҳар қандай ташқи ғоявий, ахлоқий таъсирга нисбатан, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос «маънавий элак» шакллантиришдадир. Одамларнинг ўзи ҳар бир ахборотни, янгилик ва билимни ақл тарозусида тортиб, маънавият элагидан ўтказиб, яхши-ёмонни ажратиб олсин.

Яна бир муҳим вазифа – миллий маънавий заминга ишлов бериш, уни бегона ўтлардан тозалашдан иборат. Сир эмаски, ташқи ғоявий таъсир фақат ички маънавий қолоқлик, мафкуравий заифлик муҳитида илдиз отади.

Бинобарин, маънавиятни пасайтирадиган, ичдан емирадиган иллат ва нуқсонларни аниқлаш, бартараф этиш, уларнинг олдини олиш муҳим тарбиявий  ва мафкуравий вазифа бўлиб қолаверади.

“Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият” номли маърузасида Ислом Каримов қуйидаги муҳим масалага диққатимизни қаратди. “…Олдимизга қўйган марраларга эришиш йўлидаги муаммолар, қийинчиликлар ва етишмовчиликлар, жойларда йўл қўйилаётган хато ва нуқсонлар, учраётган тўсиқ ва ғовлар, содир бўлаётган жиноятлар ҳақида ошкора гапириш, бу тўғрида одамларга ҳаққоний ва холис ахборот етказишда биз ҳамон заиф бўлиб келмоқдамиз”.

Америкалик сиёсатшунос Патрик Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати” асарини мутолаа қилар экансиз, муаллифнинг миллий ифтихори миллий мутакаббирликка айланган сатрлардан энсангиз қотса, ўз маданияти, дини ва урф-одатларининг кун-паякун бўлишидан алам билан изтиробга тушаётганидан раҳмингиз келади. Дунёга гегемон бўлиш ва бошқаларга ақл ўргатиш, қаерда нефть ва газ бўлса, шу  ерда ҳатто ўз йигитларини ўлимга ташлашга тайёр бўлган сиёсатчилар хақида ўйлаганда эса, бундай иккиюзламачи сиёсатдонлардан ғазабингиз ортади. 

Исломнинг Ғарбга таъсир ўтказаётгани ҳам, мусулмонларнинг Европа давлатларида кўпайиб бораётгани ҳам ҳақиқат. Шу аснода маданиятлар, динлар юзма-юз келиши, ғоялар кураши ва мафкуралар рақобати кучайиши табиий. Аммо, Яратган берган ақл-идрок билан, ҳамма динлар даъват қиладиган сабр-тоқат, бағрикенглик ва инсонпарварлик билан барча муаммоларни тинч йўл, ақл-идрок асосида ҳал қилса бўлади.

Чунки президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, “ҳозирги даврда, халқаро майдонда турли сиёсий манфаатлар тўқнашаётган мураккаб бир шароитда фақат ўз фикри, ўз ҳаётий позициясига эга бўлган халқ ва жамият енгилмас кучга айланиб, ўз келажагини ўз қўли ва ақл-заковати билан қуришга қодир бўлади”.

ЭНДИ НАВБАТ СИЗГА, АЗИЗ ЎҚУВЧИМ!

Фикрингизни эркин баён этишингиз мумкин. Марҳамат, азизлар!

 

Профессор Бахтиёр Тураев
Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари