Видеолавҳалар
Харита
Марказимиз китоблари
Фотогаллерия
Меҳмонлар

Mehmonlar

Яндекс.Метрика

Ғарбнинг ҳалокати14

Category: Ғарбнинг ҳалокати
Hits: 8855

“АЛВИДО, КОЛУМБ”

– навбатдаги фаслнинг номи шундай.

Америка - сеҳрли диёр,

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,

Денгиз ортин ёритди илк бор

Берунийнинг ақл машъали.

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним”.

Абдулла Орипов

Ушбу сатрлар беғараз, самимий ёзилган, шоир фақат тарихий хотирага ҳурмат ва илмга муҳаббат юзасидан, “Колумбда бор аламим маним”, деб дунёнинг адолатсизлигидан нолийди. Аммо, тарихнинг ҳазилини қарангки, ўзбекнинг аламини колумббаччаларнинг ўзи оладиган кўринади.

Америка кашф этилган сананинг 300 йиллигида пойтахт Вашингтон жойлашган округ ҳам, Нью-Йоркдаги қирол коллежи  ҳам Колумб номи билан аталган эди. Ҳатто 1882 йили ирланд католиклари Колумб орденини таъсис этишган эди.

Янги қитъа очилганининг 500 йиллиги эса, Бьюкененнинг афсус билан таъкидлашича, ошиқча тантана ва дабдаба билан нишонланмаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Американинг кашф этилиш санасини юбилей сифатида нишонлашни бекор қилди. Черковлар миллий кенгаши эса, барча диндорларга даъват қилиб, бу кунни байрам қилмасликка чақирди, чунки бу ўлкада “геноцид, қуллик, экоцид (табиатга нисбатан шафқатсизлик) ва эксплуатация (зулм)” нинг илдиз отишида буюк сайёҳ Христофор Колумб гуноҳкор экан.

Киркпатрик Сейлнинг “Жаннатнинг босиб олиниши” ва Йэн Кэрьюнинг “Колумб: жаннатнинг булғаланиши” асарларида ҳам италиялик денгизчи “Америкага қулчиликни олиб келиш ҳамда ҳақсизлик ва ирқчилик уруғларини сепиш” да айбланади.

         “Нью-Йорк Таймс” газетаси шархловчиси Жорж Самуэли бундай деб ёзди: “1992 йили Колумбнинг трансатлантик экспедицияси юбилейи деярли ими-жимида ўтди ва Американинг ҳеч бир ерида амалда нишонланмади; ушбу қирғоқларга беш юз йил аввал қадам қўйган европаликларнинг шафқатсизлиги, очофатлиги ва ёввойилигини миллат мана шу тарзда сукут билан қоралади”.

         Денвер шаҳрида 2000 йили бўлган парадда насли-насаби италиялик бўлган америкаликлар Колумб сурати солинган байроқ кўтарганда, Америкалик ҳиндулар ҳаракатининг қизиққон фаоллари жисмоний чора кўриш билан таҳдид қилишди. Бу ҳаракат фахрийси Рассел Миненинг фикрича, Колумбнинг олдида ҳатто фашистлар фюрери Гитлер ҳам ип эшолмайди. Тақдирга тан бериш учун Калифорния штатидаги Беркли университети “Колумб куни” ни “Аборигенлар куни” деб ўзгартирди.

         “Тўғри гап - туққанингга ёқмайди”, деганларидек, бу юртни “ўзлаштириш”да “жонбозлик” кўрсатган испан сайёҳлари ва олтин излаб борган конкистадорларнинг қилмишлари ҳақида сўз борса, Бьюкененнинг энсаси қотади, Америка кашф этилмаган, босқинчилик билан бўйсундирилган, туб аҳоли ҳиндуларнинг маданияти поймол этилган, деган фикр ҳам унинг ғазабини қўзғатади. Ҳам Шимолий, ҳам Жанубий Америкада европаликлар пайдо бўлганда, кўпгина ҳинду қабилалари канибализм – одам гўштини истеъмол қилишни хуш кўришар эди, бирор қабила ҳатто ғилдирак ҳам ихтиро қилмаган эди, деб  раддия билдиради.

         Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов тарихни ҳаққоний ёритиш ўта зарурлигини, тарихий хотира – юксак маънавият асоси эканини неча бор таъкидлаган. Тарихни ҳаққоний ёритмасдан, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқармасдан туриб, бугунги кунни ҳам, келажакни ҳам тушуниш мумкин эмаслигини кўп бора қайд этган.

         Бьюкененнинг раддияси ноўринлиги яна шунда кўринадики, ерли халқларда ўзига хос ва бетакрор маданият бўлган, майя ва ацтек қабилалари қурган улкан иншоотлар инсон ақлини лол қилади. Босқинчиларнинг ваҳшийлиги, ёввойи ҳайвонни овлагандек ҳиндуларни қирғин қилгани ҳам тарихий далиллар билан исботланади ва эътирозга ўрин қолдирмайди. Шундай экан, тарихни хаспўшлаш, сохталаштириш йўлидан эмас, ҳиссиётга берилмасдан уни ўрганиш, қора қилмишларни такрорламаслик йўлидан борган афзал.

         “Ғарбнинг ҳалокати” китоби - ўз юртини ўта яхши кўрадиган, унинг на ўтмиши, на бугунида бирор қора доғ кўришни хоҳламайдиган ватанпарастнинг асари, десак ва муаллифнинг айрим эҳтиросларига кўзни юмсак бўлар эди. Бироқ, бундай беозор кўринган ижтимоий фикрлар ва фалсафий мушоҳадалар бу юртдаги айрим кучларнинг дунёга устун бўлиш даъвоси, барча минтақа ва мамлакатларда ўз стандартларини ўтказиш режасига ғоявий асос бўлиши, америкача гегемонизм тегирмонига сув қуйиши мумкинлиги одамни хавотирга солади.

         Бьюкенен Америка ва америкача озодликка муассис бўлган улуғлар ҳақида, булар тўғрисидаги фикр ва баҳоларга алоҳида тўхталади. Китобнинг ушбу бобида юртга асос солган бобокалонларни, озгина бўлса-да, танқид қилганлар роса “дўппосланади”.

         “Энди навбат юртни тузган бобокалонларга келди. Дастлабки етти президентимиз, фақат иккита Адамсни истисно этганда, қулдор бўлган. Мустақиллик Декларациясидаги Барча инсонларнинг тенглиги” ҳақидаги баландпарвоз гапларига қарамай, Жефферсон умрининг охиригача қулларга эга эди. Ўрни келганда, унинг Салли Хемингс билан ўйнашиб бола орттиргани, аммо уларни тан олмаганини ҳам эслатиш мумкин. Вашингтон ҳам қулдор бўлган, худди Медисон каби, Америка тарихидаги бу буюк шармандаликда иштирок этган. Аболициончи Гарри Ллойд Гаррисон, Медисон конституцияси - “ўлим билан битишма ва жаҳаннам билан шартнома”, деганида, мутлақо ҳақ эди. Мазкур конституцион битимни мустаҳкамлаган қабиҳ тил бириктирув натижасида қуллар “тўлақонли” фуқаролар, яъни эркин одамларнинг учдан икки қисмига тенглаштирилган эди. Эндрю Жексонга, Чақилмас ёнғоқ лақабини олган зотга келсак, тарихчи Роберт Новакнинг фикрича, у “ҳинду қабилаларини қирғин қилишда айбдор бўлган қотил, сафсатабоз, аблаҳ, ирқчи ва бошдан-оёқ коррупционер” экан”.

         Юқоридаги фикрлар Бьюкенен китобидан олинган бўлса-да, муаллиф буларни эътироф этиш учун эмас, инкор қилиш учун келтирган. Бизнинг “тўғрисўз вазирлигимиз”, деб киноя қилади муаллиф, қарангки, мамлакатимиз ўтмишига мана шунақа муносабатни шакллантирмоқда. Ота-оналаримиз ёш бўлган пайтда, дейди сиёсатшунос, 89 фоиз америкалик эркак ва 94 фоиз хотин-қиз Американи Ер сайёрасидаги энг буюк давлат деб тан олишган эди. Бугунги кунда бор-йўғи (эътибор беринг – “бор-йўғи”) 58 фоиз эркагу 51 фоиз аёл “Америка дунёдаги энг яхши мамлакат” деган фикрда.

         Ҳақиқат шароби доим ҳам хуштаъм бўлавермайди. “Ғарбнинг халокати” китобининг муаллифи тарихнинг аччиқ ҳақиқатини хаспўшлаш, нари борганда четлаб ўтишда ўзига ҳамфикрлар ахтаради. Шундайлардан бири – доктор Дэвид Игли – насл-насаби команчи қабиласидан бўлган, “Франт-пейж” журнали шахрловчиси - тарихнинг янгича талқин қилиниши ёшлар қалбида юртига меҳрни сўндираётганини бундай ҳикоя қилади: Оклахома давлат университетида социал психологиядан машғулотлар олиб борар чоғида ватанпарварлик нима ва америкалик бўлиш нимани англатади, деган масала юзасидан қизғин бахс-мунозара бўлди. Хушрўйгина оқ танли қиз дабдурустдан  бундай деди: “Қулоқ солинг, доктор Игли, мен фахрлансак арзийдиган ҳеч нима кўрмаяпман. На маданиятда, на халқда бирор арзирли нарса бор. Мана, сизнинг маданиятингиз, америкалик ҳиндуларнинг анъаналари – бу бошқа гап, бу жуда ажойиб. Сиз мағрурлансангиз ярашади. Бизчи… Мен ҳозирги Америка қандай вужудга келганидан зиғирча ҳам фахрланмайман”.

         Доктор Игли шу ўқув юртидаги Америка тарихи факультети раҳбари билан мулоқот қилган заҳоти талаба қиз кимга тақлид қилаётганини, сув қаердан лойқаланишини фаҳмлаган. Бироқ бу мураббийни хайрат ва изтиробга солган нарса тингловчиларнинг сукунати, ўша қиз америка халқи шаънига айтган ҳақоратни индамай “ютиб юборгани” бўлган.

Ўзбек томошабинларига ҳам анча таниш бўлган, бош ролни Мел Гибсон маҳорат билан ижро этган “Патриот” фильми ва унга бўлган муносабат “Ғарбнинг ҳалокати” асарида анча батафсил келтирилган. Бироқ муҳтарам ўқувчи учун қизиқарли жойи, фикримизча, бу асар ҳам Бьюкененга ёқмаган, унда ҳам тарихий ҳақиқат янги америка ғояси руҳида бежаб, бузиб кўрсатилган экан.

Америка ўтмишини қоралаш натижасида, дейди Бьюкенен, қуйидагиларга эришдик:

  • илгари миллий байрам сифатида нишонланган Жорж Вашингтон таваллуд куни Президент куни билан алмаштирилди ва бу жасур аскар ҳамда буюк давлат арбоби қолиб, бошқа раҳбарлар тилга олинади;
  • Янги Орлеандаги Вашингтон номидаги бир мактаб кенгаши бу номдан воз кечди, чунки собиқ қулдор ва тенгсизлик тарафдори бунга лойиқ эмас, деб топилди;
  • Нью-Жерси штатида Мустақиллик декларацияси автори Томас Жефферсон “персона нон грата” деб эълон қилинди ҳамда мактабларда Декларациядан парча келтириш, уни эслатиш тақиқланди, чунки бу “хотин-қизларга, қора танлиларга қарши ёзилган ва худога ҳаддан зиёд пахта қўядиган ҳужжат” эмиш;
  • испанлардан Флоридани жанг билан тортиб олган Эндрю Жексон Америкалик ҳиндулар ҳаракати нишонига айланди, унга “қотил ва маньяк” деган лақаблар, “Гитлернинг ўтмишдоши” деган тавқи лаънатлар осилди, бу еттинчи президентни миллий қаҳрамон деб хотирлаш тақиқланди; “Чақилмас ёнғоқ” лақаби билан машҳур бу қаҳрамон номидаги Шимолий Каролинадаги шоҳйўл ҳам энди “қизлик фамилиясини” ўзгартирадиган бўлди, чунки ҳундуларни қирғин қилган, ўзи қулдор бўлган, ҳатто президент бўлгандан кейин ҳам чероки қабиласини Жоржия, Каролина ва Оклахомадан қувғин қилиш ҳақидаги қонунга имзо чеккан бу зот эҳтиромга лойиқ эмас, деб топилди. Энди 20 долларлик америка пулидан унинг расмини олиб ташлаш қолди, холос;
  • “Кастер майдони” яқинда “Литтл-Бигхорн” бўлиб ўзгарди ва бу ўлкага биринчилар қаторида қадам қўйган ва албатта, қўли ҳиндулар қонига ботган бу босқинчининг ҳам номи ўчсин, дея қарор қилинди; 
  • жангари ҳиндулар спорт командалари номидан ўзларига тааллуқли барча номлар олиб ташланишини жаҳд билан талаб қиляпти, чунки бу уларнинг ўтмиши ва жойлари номига нисбатан ҳақорат экан. Бу талаб Граждан ҳуқуқлари бўйича комиссия томонидан қўллаб-қувватланди. Китобда келтирилган кўпдан-кўп мисол ва далиллар муаллифнинг, янги мафкура яратаётганлар тарихнинг авра-астарини ағдаришга астойдил бел боғлаган, ўтмишда на бирор муқаддас сиймони, на бир шонли воқеани қолдирмаяпти, деган  фикрни тасдиқлайди.

Тарихга муносабат – мураккаб масала. Ҳар бир халқ тарихида шонли саҳифалар ҳам, қора кунлар ҳам бўлган. Бирини улуғлаб, иккинчисини унутиш, бирини бўрттириб, бошқасини ерга уриш – адолат ва ҳаққоният тамойилларига зид нарса.

Бьюкенен, шу пайтгача куйлаб келинган айрим қўшиқларнинг, миллионлаб америкаликлар севиб ўқиган китобларнинг тақиқланишидан ҳам ғазабга келади. Ҳар ҳолда, унинг эҳтиросини тушуниш мумкин, чунки дунёга машҳур Марк Твеннинг “Гекльберри Финнинг саргузаштлари” асарига ҳам мухолифлар топилгани таажжубланарли.

Американинг “дехристианлашуви” муаммосига бағишланган 8-бобда яна ўша фикр ривожлантирилган – диний қадриятларнинг инкор этилиши барча маънавий-ахлоқий бузуқчиликларнинг асосидир.

Муаллифнинг фикрича, Ғарбда насронийликнинг мавқеи пасайгани сари туғилиш ҳам кескин қисқара бошлаган; демак иймон ва катта оила ўзаро боғлиқ экан. Мисол – яқин ўтмишда Нью-Сквер шаҳарчасидаги яҳудий динидаги оилаларда 10 нафар бола ўртача ҳисобланган. Ҳозир Россиядаги Кострома шаҳрида 16 фарзанднинг отаси бўлган Владимир Алексеев ҳам ўта художўйлиги билан машҳурдир.

Бироқ ҳозир ғарбдаги кўпчилик худодан юз ўгирмоқда, динни бир пулга олмаяпти. “Ньюс-уик” журнали тадқиқотига кўра, 39 фоиз французлар ҳеч бир динга эътиқод қилмайди, инглизларнинг фақат 56 фоизи худога ишонади, 15 фоиз италияликлар Якшанбалик месса (ибодат)га боради, Чехияда эса, бор-йўғи 3 фоиз аҳоли черковга қатнайди.

Маълумки, христиан динидаги еттита муқаддас маросимнинг энг биринчиси – чўқинтириш; ваҳоланки, Шимоли-ғарбий Европадаги бирорта йирик шаҳарда болаларнинг ярми ҳам чўқинтирилаётгани йўқ. Хуллас, худога қарши курашган коммунистик атеизм тарих музейидан жой олган бўлса-да, аммо “атеистик цивилизация” Ғарбда илдиз отгандан отиб бормоқда.

Геллап (жамовтчилик фикрини ўрганувчи институт – М.О.) сўровларида 1999 йили иштирок этган ёшларнинг 62 фоизи “Америка жамиятига диннинг таъсири йўқолиб бормоқда”, деган фикрда; бошқа сўровга кўра, АҚШда яҳудий дини, мормон ва мусулмонларга қараганда атеист ва агностиклар кўпроқ экан. Бу мамлакатда 14 миллион одам ҳеч қайси динга сиғинмайди.

Бьюкененнинг бир хулосаси диққатга сазовор: “Агар Америка христиан мамлакати бўлмай қолса – демократик мамлакат ҳам бўлмай қолади”.

“Ғарбнинг ҳалокати” китобининг 9-боби “Қўрқитилган кўпчилик” деб аталади ва асосан республикачилар партиясининг мафкуравий фаолияти, майда-чуйда ички масалаларга бағишланган.

 

Профессор Бахтиёр Тураев

Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 (Давомини кейин ўқийсиз)

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР
Кўп ўқилган
Имом Бухорий сабоқлари журнали
Янгиликлар
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:5525

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:5554

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:5649

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:5703

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:5384

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:5717

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:4689

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:4741

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:3881

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...