Ғарбнинг ҳалокати13

| Print |
Category: Ғарбнинг ҳалокати
Created on 12 May 2015 Hits: 8529

“МОЗИЙГА ҚАРШИ УРУШ”

  Рус ёзувчиси А.Солженицин, “халқни йўқотиш учун унинг илдизига болта уриш керак”, деган. Халқнинг илдизи эса, унинг хотирасидир. Америка халқига йўллаган видолашув мурожаатида Рональд Рейган, биз нима қила олганимизни унутсак, кимлигимизни ҳам унутамиз, деб ёзган, шонли ўтмиш хотирадан ўчирилса, охир-оқибатда Америка руҳи ҳам йўқолади, деб огоҳлантирган эди. Шунга қарамай, Патрик Бьюкен ва у каби ватанпарварлар қанчалик қарши бўлмасин, тарихга болта уриш кучайгандан кучайиб бормоқда.

 “Ўрта асрларда Оттоман империяси (Усмоний турклар империяси Европада шундай аталган – М.О..) христиан динига эътиқод қиладиган Болқонда қонли солиқ солган – турклар ҳар беш боладан биттасини олиб кетарди. Ота-она меҳридан йироқ, бу ўғил болалар мусулмон дини асосида тарбияланар, улардан сара жангчи – янчарлар етишар, сўнг булар босқин қилиш ҳамда ўзларини туққан одамларни эзиш учун юборилар эди”, - деб ёзади Бьюкенен.

Замонавий давлатда хотирани ўчириш, бир бадиий асар қаҳрамони тили билан айтганда: “Ким ўтмишни бошқарса, келажакни бошқаради. Ким ҳозирги кунни бошқарса – ўтмишни бошқаради”, деган формула асосида олиб борилади, дейди у.

Америка ўтмишини ёритишга мутасадди бўлган кўпгина муассасалар шу пайтгача ифтихор манбаи бўлиб келган ўтмишни беаёв қоралай бошлади, қаҳрамонларни жиноятчи ва аблаҳларга чиқариб қўйди, деб куюнади Бьюкенен.

Гўдакнинг онага меҳри табиатан берилади, аммо ватанга бўлган муҳаббат тарбияланиши керак. Таълим олиш, ўқиш-ўрганиш орқали одам ўзининг халқи ва унинг ўтмиши, киндик қони тўкилган юрти ҳақида билиб олади. Иккинчи жаҳон урушидан олдин туғилганлар учун ватанга садоқат - одатий ҳол, ватанпарварлик – гўзал ахлоқий фазилат эди. Кейинчалик, “Ғарбнинг ҳалокати” муаллифи ўкинч билан таъкидлаганидек, ҳаммаси ўзгара бошлади.

“Аввалги тарих” Бу фаслда Бьюкенен ва унинг тенгдошлари болалик даврида ўқиган ва умрбод ёдида сақлаб юрадиган тарихий лавҳалар эсга олинади. “Яқин ўтган кунларда, - деб ёзади у, - ҳар бир америкалик болакай Магеллан, Васко да Гама, Кортес, Генри Гудзон каби буюк саёҳатчиларнинг номларини, инсоният тарихидаги энг улуғвор экспедицияларнинг бирида Американи кашф этган, буюк сайёҳларнинг ҳам буюги ҳақли равишда Колумб эканини билар эди. Тарих бўйича барча дарсликлар унинг номи билан бошланарди. Католик мактабларида болаларга француз ва испан сайёҳлари, миссионерлари, шимолий америкалик авлиё оталар ... ҳақида сўзлаб беришар эди”.

Бундан кейин улар ўқиган даврларда сўнгги юз эллик йилдаги ғалабалар, Американинг гуркираб ривожланиши кўтаринкилик ва хушчақчақлик билан баён этилар экан. Фуқаролар урушига бағишланган дарслик бобларида Ли ва Жексон қўрқув билмас аскар ва олижаноб инсонлар сифатда тасвирланар экан. Кейин Америка ғарбининг забт этилиши (Бьюкенен, “истило этилиши” демаяпти) бошлангани, генерал Кастер бу замоннинг қаҳрамони бўлгани, Панама канали қазилгани, Эдисон, ака-ука Райтлар, Белл ихтиролари ҳақида ғурур билан сўзланар экан.

Кейинги сатрларда Бьюкененга хос ватанпарварлик меъёридан ошиб, муболаға косасидан тоша бошлайди. Унинг фикрича, кашф қилса бўладиган неки бор, барини америкалик олимлар ихтиро этган, қайсики уруш бўлган – АҚШ енгган экан…

Кейин Биринчи жаҳон уруши бошланди ва президент Вильсон йигитларимизни дунёни демократияга мослаш” учун сафарбар этди... Кемаларимизни торпедодан ўққа тутиб уруш бошлаган Германияни биз (қаранг-а, бошқа ҳеч ким урушмаган – М.О) енгдик. Тез ўтмай, Япония сотқинларча Перл-Харбордаги флотимизга ҳужум қилди. Шунинг учун яна қўлга қурол олиб, Муссолини ва Гитлерни тугатишимизга тўғри келди; дарвоқе, католик мактабларида Сталин ҳам анави икковидан яхши эмаслигини уқтиришарди... Кейин оламни “атеистик коммунизм”дан қутқаришимизга тўғри келди”.

Америка тарихи, Бьюкененнинг фикрига кўра, шонли тарих, ҳозирги бошқа давлатлар ёки ўтмишдаги республикалар тарихига қараганда ҳам анчалик буюк тарих экан. “Хатолар бўлганми, кимгадир озор етганми? Шубҳасиз. Бошқача бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо Америка тарихида, мағлубиятлар ва қора доғларга қараганда, ғалабалар кўпроқ...” 

“Американинг умумтаълим мактаблари, зарур бўлганда, ўз мамлакатини ҳимоя қилишга қодир гражданин ва ватанпарварларни тарбиялаши лозим. Бу мактаблар болаларни Американи севишга ўргатиши керак... Ўз юртига муҳаббат қанча кучли бўлса, ўзини унинг бир парчаси сифатида ҳис қилишга, ўз мамлакати учун ўзини қурбон қилишга, керак бўлганда, жонини тикишга, халқини ўз оиласидек ҳимоя қилишга иштиёқ шунча кучли бўлади” – деб ёзади Бьюкенен. Бу фикрга эътироз билдириш қийин. Бироқ, ўз тарихини ҳаққоний ёритмай, ярим ҳақиқат билан болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўз юрти, халқи, ўтмишидан самимий ифтихор ўрнига меъёридан ошган мағрурликни зўрайтириш ҳам самарасиз экани маълум.

“Ғарбнинг ҳалокати” асарида эътироф этилишича, тўғрироғи, эътироз билдирилишича, ҳозирги Америкадаги “маданий тўнтариш” айнан тарихни замбаракдан ўққа тутишдан бошланган экан. “Халқни тугатишдаги дастлабки қадам – унинг хотирасини ўчиришдир. Унинг китобларини, унинг маданиятини, унинг тарихини йўқотинг. Сўнг кимдандир янги китоблар ёзишни, янги маданият ясашни, янги тарих ихтиро қилишни сўранг. Қарабсизки, халқ кимлигини ва ким бўлганлигини унута бошлайди”.

Биз Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг “Тарихий хотирасиз – келажак йўқ” асарида билдирилган тарихий хулосалар, фалсафий мушоҳадалар, илмий ғоялар нақадар теран мазмунга, ҳаётий аҳамиятга эга эканини яхши биламиз. Аммо, уммон ортидаги айрим мутакаббир геосиёсий марказлар ўз стандартларини ўзгаларга тиқиштириш, бировларга ақл ўргатиш ўрнига бошқалардан ўрганиш йўлидан борса, ўзлари учун кўпроқ фойда бўлар эди. 

Профессор Бахтиёр Тураев

Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 (Давомини кейин ўқийсиз)