Ғарбнинг ҳалокати12

| Print |
Category: Ғарбнинг ҳалокати
Created on 11 May 2015 Hits: 8446

ХАЛҚЛАРНИНГ БУЮК КЎЧИШИ

“Ғарбнинг ҳалокати” китобининг бешинчи боби шундай номланган ва асосан Осиё, Африка, Лотин Америкасидан Европа ва АҚШга кўчиб бораётганлар ҳақида маълумотлар беради. Ўзбек китобхони учун, назаримизда, Марказий Осиё тўғрисидаги маълумот ва башоратлар муайян даражада қизиқ бўлади.

 Бьюкенен, кўп сонли мутахассисларнинг тадқиқотларига таяниб, аҳоли сонининг яқин 25 йил ичида ўсишини қуйидагича тахмин қилади:

 

Мамлакатлар

2000 йил

2025 йил

1

Афғонистон

22,7

44,9

2

Қозоғистон

16,2

17,7

3

Ўзбекистон

24,3

33,4

4

Қирғизстон

4,7

6,1

5

Тожикистон

6,2

8,9

6

Туркманистон

4,5

6,3

 

Жами

78,6

117,3

Марказий Осиё (миллион киши ҳисобида)

Афтидан, ушбу минтақа ва ундаги демографик-миграцион жараёнларни чуқур ўрганиш ва яхши билиш имкони бўлмаган шекилли, Бьюкенен, бу жойдаги аҳоли ҳозир Россия аҳолисининг ярмига тенг, аммо 25 йил ўтгач, деярли тенглашади, ўша пайтда Россия халқи янада қариган, ислом миллатлари эса ёшариб кетган бўлади, деб тахмин қилишдан нарига ўтолмаган.

Мазкур бобда ислом дини, пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ҳақида ҳам юзаки ва андишасиз гаплар бор. Бьюкененнинг ислом дини ва мусулмонлар тўғрисидаги фикрларини охиригача ўқиш учун анчагина чидам ва босиқлик зарур бўлади: “Эрамизнинг еттинчи асри бошида ўрта ер денгизи атрофи христиан дунёси эди. Аммо ҳижрадан – пайғамбар Муҳаммаднинг 632 йили Маккага сафаридан эллик йил ўтгач, исломчи тўдалар Ўрта ер денгизининг жанубий қирғоқларига ёпирилди. Саккизинчи юзйиллик аввалида араблар ва берберлар визиготларнинг ожизгина қаршилигини енгиб, Испанияни қўлга киритдилар, Пиренеяни ўтиб, Францияга суқилиб кирдилар ва мана шу ерда инсоният тарихидаги энг буюк жанглардан бири содир бўлди. Карл Тур, “фаранглар тўқмоғи” мусулмонларни енгди ва улар Пиреней ортига қайтишга мажбур бўлдилар”.

Мусулмонлар учун муқаддас бўлган ҳижрий йил саноғи Пайғамбаримиз (САВ) нинг Маккага эмас, кейинчалик “Мадинатун ан-наби” деб улуғланган Ясриб шаҳрига сафарларидан бошланишини билмаган бу “мутахассис” билан баҳслашиш ўринли эмас. Бироқ, бундан кейинги матнда ҳам исломга беҳурматлик, ундан ҳайиқиш ва зорланиш сезилиб туради: “Шарқда исломнинг бостириб кириши кейинроқ содир бўлди, - деб ёзади Бьюкенен. – Ўн тўртинчи асрда Оттоман империяси (Усмонли турклар – М.О.) Болқонга кирди ва Косово яқинидаги жангда (1389) сербларни тор-мор этди. 1453 йили Константинополь қулади. 1683 йили турклар Вена дарвозалари олдида турган вақтда поляк қироли Ян Собесский уларни тўхтата олди. Аммо 1913 йилга қадар улар Болқон ярим оролининг аксарият қисмига эгалик қилиб келди.”

“Ғарбнинг ҳалокати” китоби муаллифининг тарихга унча ҳуши йўқ, шекилли, ҳеч бир мантиқсиз равишда исломдан Исроилга ўтиб кетади. “Ғарб цивилизациясининг фаоллиги, - дейди у, - Биринчи жаҳон урушининг тугаш вақтига тўғри келди. 1917 йил ноябрида инглиз лашкари Алленби қўмондонлигида Иерусалим (Қуддуси шариф)га кирганда, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Артур Бальфур: “Қирол жаноби олийлари Фаластинда яҳудий давлатини тузишга даъват қилмоқдалар”, деб айтди. Оттоман империясининг розилик беришдан бошқа иложи йўқ эди. Сайкс-Пико битимига кўра, Буюк Британия ва Франция Фаластинни таъсир доирасига бўлиб олди. Ўттиз йил ўтгач, Буюк Британиянинг оқ фотиҳаси ҳамда Қўшма Штатларга қарам бўлган БМТнинг қарори билан араб минтақасида яҳудий давлати пайдо бўлди. Бир йил ўтар-ўтмас инглизлар Ҳиндистондан, Фаластиндан, Иордания, Миср, Ироқ, Форс қўлтиғидан чиқиб кетди, тез ўтмай, французлар ҳам улар ортидан равона бўлишди”.

Бугунги кунда ҳар ерда исломнинг уйғонишини сезиш осон. Филиппин (ороллари)да ислам сепаратчилари (айирмачилари) ҳаракат қилмоқда. Индонезияда мусулмон аскарлари христиан айирмачилари билан жанг қилмоқда. Фаластиндан то Покистонгача тўда-тўда одамлар Пентагоннинг вайрон ва Жаҳон савдо ташкилотининг ер билан яксон қилинганини қутлайди. Афғонистон толиблар даврида кўп йиллар мобайнида Усома бен Ладен ва унинг террорчилик тармоғига бошпана бўлиб келди ҳамда Марказий Осиёдаги собиқ совет республикалари ва Чеченистонга “мужоҳидлар” тайёрлаб берди. “Толибон” ҳаракатининг бошлиғи мулла Муҳаммад Умар 2001 йил март ойида Афғонистон ҳудудидаги барча диний тасвир ва ҳайкалларни, шу жумладан, Бамьяндаги еттинчи асрга тааллуқли Будда ҳайкалини ҳам йўқотишга буюрди; “Бу санамлар – кофирларнинг худоси”, деди у”. Бу билан у инсониятнинг тарихий хотирасига зарба бераётганлигини, тарихий узлуксизлик занжирини узиб ташлаб, ўзининг келажагига болта урганлигини англаганмикин?

Америкалик сиёсатшунос айнан шу бобда ўзининг асосий ташвиши – христианларнинг камаяётгани эмас, мусулмонларнинг кўпаяётгани эканини яширмай баён этади. “Европада, - деб таъкидлайди Бьюкенен, - христиан конгрегациялари (уюшмалари – М.О.) ўлиб, черковлар хувиллаб бормоқда, масжидлар эса, тўлгандан-тўлмоқда. Фақат биргина Францияда ҳозир беш миллион, Европа Иттифоқи ҳудудида эса – 12 дан 15 миллионгача мусулмон яшамоқда. Германияда 15 мингга яқин масжид бор.  Дадил айтиш мумкинки, ислом Европада иккинчи ўринда турадиган яҳудолик динини сиқиб чиқарди. Биз ҳақиқий “ислом тўфони”ни кузатмоқдамиз. 2000 йили инсоният тарихида биринчи марта мусулмонлар сон жиҳатидан католиклардан ўтиб кетди.”

“Исломлаштириш” мафкураси Афғонистон, Эрон ва Суданда бошқа мусулмон мамлакатлари ўрнак олса арзийдиган замонавий давлатларни вужудга келтира олмади. Бироқ ислом дини бундан оз бўлсада зарар кўргани йўқ. Фанда, технологияда, иқтисодда, саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, қурол-аслаҳа яратиш ва ишлаб чиқаришда, демократиялаштиришда Америка, Европа ва Япония бир қанча авлод умрича олдинга ўтиб кетди. Аммо ислом дунёси Ғарб йўқотган бир нарсани сақлай олди, бу ҳам бўлса – бола туғиш истаги, цивилизацияни, маданиятни, оила ва иймонни давом эттириш иштиёқидир.

Ҳозир туб аҳолиси камайиб бормаётган бирор европа давлатини тополмайсиз, дейди Бьюкенен; айни пайтда аҳолиси кундан-кунга кўпаймаётган мусулмон мамлакатини ҳам тополмайсиз. Дарҳақиқат, Ғарб ислом билмайдиган кўп нарсани билиб олди, аммо ислом Ғарб унутган қадриятни ёдида тутмоқда:

“Иймон яратган дунёдан бошқа дунё йўқ”!

“Ғарбнинг ҳалокати” китобининг 7-боби мозийга назар, ўтмишга муносабат масалаларига, яъни америкача янги мафкуранинг тарих авра-астарини ағдариш борасидаги “ютуқлари” таҳлилига бағишланган. Буни бобнинг номидан ҳам билиш мумкин:

“Мозийга қарши уруш”

 

Профессор Бахтиёр Тураев

Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 (Давомини кейин ўқийсиз)