Ғарбнинг ҳалокати10

| Print |
Category: Ғарбнинг ҳалокати
Created on 01 May 2015 Hits: 8842

(Бошланиши ўтган кунларда эълон қилинган)

“УЛАР ИНҚИЛОБ ҚИЛДИ”

Америка демократияси асосларини қақшатган тўнтаришни ўтган асрнинг 60-йилларидан эмас, Биринчи жаҳон уруши бошланган 1914 йил августидан ахтариш керак. Чунки Жак Барзун таъбири билан айтганда, “айнан шу зарба дунёмизни ўз-ўзини ҳалок қилишга йўналтирган” экан.

 Ўша машъум йилнинг 4 август куни немис рейхстагидаги социал-демократлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳукуматга ҳарбий харажатлар учун қўшимча маблағ ажратишни ёқлаб овоз беради. Бу билан улар рейх армиясининг Бельгияга бостириб кириши муносабати билан кўтарилган ватанпарастлик жазавасига қўшилган эди. Марксистлар қувончининг чеки йўқ: шунча давр кутилган умумевропа уруши ниҳоят бошланмоқда.

“Коммунистик партия манифести” асарида Маркс “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!” деб даъват қилган эди. Марксчилар учун уруш Европа пролетариатини муқаррар бирлаштирадиган, уларни қўлига қурол олиб, бошқа юртдаги ўзлари каби йўқсиллар билан эмас, балки буржуазия билан курашга мажбур этадиган воқеа эди. Аммо бундай бўлмади. Европанинг энг йирик социал-демократик партияси бир зумда уруш партиясига айланди-қолди, пролетарлар эса, қўлига қурол олиб, марксчилар нафратига қолган миллий буржуйларни ҳимоя қилишга отланди.

Ёзувчи Барбара Тикман бундай деб ёзган эди:  “Жангга даъват янграган заҳоти, Маркснинг фикрига кўра, миллий мансублиги бўлмаган ўша пролетарий бир зумда ўз синфига эмас, ўз қадрдон мамлакатига садоқатини намоён этди. Унинг ҳам, жамиятнинг бошқа аъзолари каби, “миллий оила”га мансублиги аён бўлди-қолди. Капитал билан курашиш ўрнига у ўз хорижий биродарига қурол ўқталишни афзал билди. Қолаверса, ишчилар синфи, ҳудди ўрта синф каби, олий табақа каби ўз ихтиёри билан урушга ошиқар эди”.

Марксчиларнинг тутуни чиқди”, масҳара бўлишди. Уруш, қанчалик даҳшат ва қирғин келтирмасин, юз минглаб солдатлар жон бермасин, аммо анча давом этди, на немис, на француз, на инглиз пролетари қуролини ташлади.

Биринчи жаҳон уруши якунида вазият ўзгарди. Россиядаги Октябрь тўнтаришидан сўнг Будапешт, Мюнхен ва Берлинда коммунистик тўнтариш ясашга уриниб кўрилди. Немис фахрийлари, ҳеч қийинчиликсиз, Бавария Республикасини янчиб ташлади, “Спартак” қўзғолани етакчиси Роза Люксембург ҳамда Карл Либкнехт Берлинда отиб ташланди. Бела Кун режими Венгрияда бир неча ой ҳукм сурди. Пролетариат ўзининг номидан бошланган ва унга аталган  инқилобни қўллаб-қувватлашга ошиқмаётгани аён эди.

Хуллас, марксчиларнинг башорати амалга ошмади. Ғарб ишчилар синфи, йўқсиллар доҳийси Маркс ёзган сценарийга кўра, инқилобий роль ўйнашдан бош тортди. Кейинчалик марксча таълимот тарафдорлари ўз устозлари хатосини тузатишга уринди. Капитализмнинг ривожи пролетариатнинг қашшоқланишига олиб келмайди, аксинча, у бойиб, ўрта синф сафига тортилади. Инқилобда иштирок этмагани эса, унинг ҳақиқий манфаатларини англашга қўймаган икки минг йиллик насронийлик  тарбиясидир, деди улар. Инсон қалбида христианлик мафкураси ҳамда ғарбий маданият “уя” қўйган экан, марксизм илдиз ота олмайди, ўз фойдасини билмаган пролетариат эса, инқилобга хийнат қилаверади. Инжилда Исо тилидан айтилган ривоятга кўра, дон (яъни, иймон) тошлоқ ерга тушса, ҳосил бермаганидек, инқилоб уруғи ҳам христианликнинг метин заминида ниш ура олмайди.

Марксни бундай “ривожлантирган” назариётчилардан бири Коминтерн агенти, “Тарих ва синфий онг” асари муаллифи венгриялик Дьерд Лукач эди. “Инсоний қадриятларни умумжаҳон миқёсида ўзгартириш аввалги дунё қадриятларини йўқотмасдан ҳамда янги, инқилобий қадриятлар яратмасдан туриб мумкин эмас, - деб ёзган эди у. Бела Кун ҳукуматида маданият ишлари халқ комиссари ўринбосари сифатида фаолият юритганда у ўз қарашларини амалиётга жорий қилиб, кейинчалик “маданий терроризм” номини олган қабиҳ ишларга бош бўлди. Унинг раҳнамолигида мактаб дастурларига жинсий тарбиянинг энг беъмани усуллари жорий этилди, болаларни муҳаббат эркинлиги ва ҳиссий лаззатдан тоймасликка даъват этдилар, оиланинг “эскиргани” ва диннинг афюнлигини уқтирдилар.

Бьюкененнинг фикрига кўра, Ғарб маданияти ва христианликнинг асоси бўлган оилани йўқотишга қаратилган Лукач ғоялари, у ўз юртидан қочганига 50 йил ўтганидан кейин, сексуал революция тарафдорлари томонидан завқ-шавқ билан қарши олинди.

Маркс таълимотини ўзига хос тарзда ривожлантирганлардан яна бири - итальян коммунисти Антонио Грамши бўлиб, айримлар уни йигирманчи асрнинг энг йирик марксисти деб аташади. Муссолини 1922 йили Римни эгаллагач, у Россияга қочади, бироқ ҳиссиётга берилган айрим ёзувчи ва арбоблардан фарқли ўлароқ, большевиклар тузуми ваъда қилган жаннат хомхаёл эканини у дарҳол пайқайди. Грамши бу мамлакатда ленинизм ғалаба қозона олмаган, деган хулосага келади.

Грамши коммунистик идеаллар руслар онгига сингмагани сабабини бунга тўғаноқ” бўлган христиан динидан  ахтарди. Икки минг йил ибронийлик-насронийлик дини руҳида тарбияланган Ғарбдаги тузумни ўзгартириш учун марксчилар аввало шу ақидаларни тугатиши, бинобарин Ғарбни христианликдан халос этиши лозим, деб хулоса қилди.

Грамши Сталиннинг зуғумидан қочиб,  ўз Италиясига қайтиб кетади, у ердаги коммунистларга бошчилик қилмоқчи бўлади. Бироқ Муссолини уни қаматади ва 1937 йилгача, сил касалидан мадори қуриганига қарамай, авахтада сақлайди. Грамши озодликка чиқади-ю, кўп ўтмай 46 ёшида вафот этади.

Бьюкененнинг тахминича, ҳозирги Ғарбдаги маданий инқилоб Грамши усули билан амалга оширилаётгандек кўринади. Чунки, Грамши ғоясига биноан, тепадан бошлаб тизимни йўқотишга урингандан кўра, пастдан бошлаб маданият ва маънавиятни ўзгартириш осонроқ; аста-секинлик, иложи бўлса, пинҳоний тарзда оммавий ахборот воситалари – газета ва журналлар, радио ва телевидениени, кинематография, театр, мактаблар, ўқув юртлари, санъатни “қўлга олиш” керак, уларни инқилоб қуролига айлантириш зарур. Шунда жамият, пишган мева ерга тушганидек, ўз-ўзидан инқилобий ғоялар домига тушади.

Грамши ўз ҳамфикрлари – марксчиларга буржуа маданияти ва христианликни инкор этадиган Ғарб интеллектуаллари билан бирлашишни, капитализмни яратган ва озиқлантирадиган маданиятни ўзгартириш зарурлигини маслаҳат берган эди. Мана, бир-икки авлод умри ўтмай, Ғарбнинг ўзи шу фикрга келди. Бу, албатта, Бьюкененга маъқул эмас. Унинг жаҳлини чиқарган муаллифлардан яна бири – “Американи кўкаламзорлаштириш” китоби автори Чарльз Райх.

Мана ўша китобга ёзилган сўш боши: “Инқилоб яқинлашмоқда! У ўтмишдаги барча инқилоблардан фарқ қилади. У синфларга эмас, инсонга мурожаат қилади, аввало маданиятга тааллуқли бўлади, сиёсий системанинг ўзгариши эса, энг охирги босқичда содир бўлади. Муваффақият қозониши учун у зўрликка мухтож эмас, зўрлик билан уни бостириб ҳам бўлмайди. У хайратомуз тезлик билан тарқалмоқда, унинг таъсирида қонунларимиз ҳам, институтлар ва социал структура ҳам ўзгариб бормоқда. Янги авлод инқилоби мана шунақа!”

Хуллас, Ғарбда инқилобнинг мумкинлиги тўғрисидаги Грамши ғоялари башорат бўлиб чиқди.

Дунёни етмиш йил даҳшатда ушлаб келган ленинча тузум тарихий бурилиш палласида барбод бўлди, рус инқилоби мағлубиятга учради. Ленин-Сталин коммунистик партияси яна ибтидосига қайтди, яъни оммабоп иборалар билан хас-пўшланган мутлоқ ҳокимият учун кураш қасдида юрадиган бир ҳовуч сиёсий авантюристлар ҳизбига айланди. Собиқ шўро тузуми жон берди ва ортиқча ўкинчсиз дафн этилди. Бироқ, Бьюкененни хавотирга солган Грамши инқилоби давом этмоқда, кучаймоқда ва янги издошларини топмоқда. 

Профессор Бахтиёр Тураев

Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 (Давомини кейин ўқийсиз)