Ғарбнинг ҳалокати8

| Print |
Category: Ғарбнинг ҳалокати
Created on 22 April 2015 Hits: 9428

“ИНҚИЛОБИЙ КЕТЕХИЗИС” (АХЛОҚ КОДЕКСИ)

Патрик Бьюкенен қаламига мансуб “Ғарбнинг ҳалокати” асарининг учинчи боби шундай номланади.

Бьюкененнинг фикрича, омманинг онгида рўй берган инқилобий ўзгаришлар янги эътиқод ва ақидаларни яратди. Янги ахлоққа асосланган бу дунёқараш сизни чекламайди. Айтайлик, насронийлик динига эътиқод қилмоқчимисиз, марҳамат. Инжилдаги ривоятларга ишонасизми – ихтиёрингиз!

Дунёнинг яратилиши, Одам Ато ва Момо Ҳаво, жаннатдан қувилиш афсоналари сизга маъқулми – бемалол. Ўнта насиҳатга амал қилиб яшамоқчимисиз – бош устига. Аммо бу ақидаларни мутлақ ҳақиқат деб бошқаларга тиқиштирманг! Дарвин таълимоти, ҳозирги фан инсон эволюция натижаси эканлигини тасдиқлаб бўлган ва ҳоказо.

Бундай қарашнинг ўз панду насиҳатлари ҳам бор. Унингча,  худо йўқ, мутлақ қадрият мавжуд эмас, илоҳиётга ишониш эскилик сарқити. Ҳаёт шу ерда бошланиб, шунда адоғига етади. Унинг мақсади – айшу-ишрат, роҳат-фароғат. Ҳар бир жамият ўз ахлоқ кодексини танлашга ҳақли. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавобгар. Ҳаётнинг гултожи – бахт-саодат. Инсон ақлли жонзот бўлгани учун ўз умрини қачон ва қай усулда тўхтатишни ўзи ҳал қилиши мумкин. Роҳатидан азоби кўпайган ҳаётни ўз қўли ёки шифокорлар кўмагида (яъни эвтаназия) поёнига етказиш айб эмас, деб талқин қилади бу янги қараш.

Янгича эътиқоднинг БИРИНЧИ АҚИДАси – “шахс эркин, демак, истаганини қилишга ҳаққи бор”. Ҳаётдан мақсад – лаззат экан, севги ва ишқий ўйинларда ҳам кўнгилга келганини қилиш мумкин.

ИККИНЧИ АҚИДА - “Бировга айб тақаманг, ўзингиз ҳам айбланмайсиз!” Яъни, бошқалар устидан ҳукм чиқарманг, уларнинг иши, туриш-турмушига аралашманг, шунда сизнинг ҳаётингизга ҳам бошқа одам бурнини суқолмайди...

Аммо сўзда бағрикенглик, инсон эркинлиги тарафдори бўлган бу янги дин, бу жинсий инқилоб тарафдорлари биринчи ақидани бузганларни қаттиқ таъқиб остига олади. Уларнинг айтишича, христиан дини никоҳдан ташқари жинсий алоқаларни қоралаган, бесоқолбозликни гуноҳ деган, чунки унинг ахлоқи  бидъатга, мунофиқликка, ёввойилик анъаналарига асосланган экан. Христиан ахлоқи инсонни букиб, ўтмишда кўплаб умрларга зомин бўлган, айниқса, бир жинслилар никоҳига қаршилик қилиб, зулм етказган эмиш.     

Янги ахлоқ эса маърифат ва ўзгаларга ҳурмат руҳида яратилган эмиш. У инсон эркинлиги чегараларини кенгайтириб, эзилиб келган майда гуруҳлар, озчилик ҳуқуқини ҳимоя этар эмиш. Бундан келиб чиқадиган биринчи хулосаэркин алоқа йўлидаги ҳар қандай тўсиқ бартараф этилиши, ҳомилага қарши воситалар ва бола туширадиган усулларга ҳамманинг, жинсий жиҳатдан фаол қатламларнинг, ҳатто бешинчи синф ўқувчиларининг ҳам қўли етадиган бўлиши керак эмиш. 

Америка мактабларининг янги роли тўғрисида Жон Данфи 1983 йилдаёқ қуйидагиларни очиқ-ойдин таъкидлаган эди: “Инсониятнинг истиқболи учун жанг энди мактаб синфларида олиб борилади ва бу курашда башарият янги дини, янгича эътиқодининг собитқадам фидоийлари бўлмиш ўқитувчилар яловбардорлик ва етакчилик қилади. Синф хоналари эскилик ва янгилик ўртасидаги – чириб бораётган христианлик билан инсониятнинг янги эътиқоди ўртасидаги низолар майдонига айланиши мумкин ва айланиши шарт. Бу муҳорабада биз христиан ахлоқи устидан ғалаба қозонамиз”.

Бьюкенен бу янги эътиқод тарафдорларининг ўзлари мақтанганчалик тинчликсевар ва эркпарвар эмаслигидан таҳликага тушади. 

Янги эътиқод эгаларининг фикрича, ўз мамлакатига ҳаддан зиёд меҳр қўйиш қўшниларига бўлган шубҳа ва эътирозни кучайтириши, бунинг натижасида урушлар келиб чиқиши мумкин экан. Инсоният тарихи – урушлар тарихи эмиш, шунинг учун янги эътиқод ватанларни, миллат ва миллий давлатларни йўқотишга уринар экан.

Бьюкененнинг кўнглини ғаш қилган яна бир ҳолат – ҳозирги Ғарб адабиёти, шеъриятида тараннум этилаётган ғоялардир. Унингча, ҳақиқий шоирлар ўрнини  қўшиқ тўқувчилар эгаллагани ўзи бир кулфат. Бунинг устига, ашула орқали ёшлар онгига (агар онг деб аташ мумкин бўлса) сингдирилаётган ақидалар янада даҳшат.

Ўтган асрнинг 60-йилларида “Битлз” машҳурлик чўққисига кўтарилган, Жон Леннон янги авлоднинг энг севимли машшоғига айланган вақтда янги эътиқод жадал оёққа тураётган эди.

Жон Леннон қўшиқларидан бирининг мазмуни қуйидагича эди:

Бошимиз узра жаннат йўқ деб тасаввур қилгин,

Сен бир уриниб кўр, бу жуда осон!

Тагимизда дўзах йўқ деб тасаввур қилгин,

Бошимиз устида – мусаффо осмон.

Одамлар, бир тасаввур қилиб кўринг-а,

Давлат йўқ деб тасаввур қилинг, 

Шошилиб ховлиқиб ишлаш керакмас,

Уруш ҳам йўқ, қотиллик ҳам йўқ.

Тасаввур қилгинки, дин ҳам йўқ,

Ҳамма тотувликда, тинчликда яшар...

Қўрқинч ҳам йўқ, ўкинч ҳам йўқ.

 Ўзини “инстинкт бўйича социалист” деб атаган Леннон мулксиз ҳам барча нарсага эришиш мумкин, деб ташвиқот қиларди. Ваҳоланки, қирқ ёшида вафот этганида машҳур қўшиқчининг 275 миллион доллари борлиги, у дунёдаги энг бой одамлар сирасига кириши маълум бўлади. Бироқ, Леннон ва унинг шериклари Поль Маккартни ва Боб Дилан куйлаган фаровон дунё қанчалик хаёлий ва афсонавий бўлмасин, ёшлар онгида ўзгариш ясади. Уларнинг қадриятига айланди. Чунки охиратдаги жаннатга ким етади, ким етмайди, Леннон эса, диний ақидаларга зид равишда бу ёруғ дунёда, ҳозирнинг ўзида жаннат ваъда қилар эди. Бьюкенен, ёшларнинг авлиёсига айланган бу ижодкорнинг 1960 йил берган интервьюсида айтган гапларини ўкинч ва алам билан эсга олади: “Христанликнинг куни битган. У сўлмоқда ва ҳалок бўлмоқда. Бу масалада бахслашишнинг ўзи бефойда - ҳаммаси кундай равшан. Мен ҳақлигимни биламан, қолганлар эса, яқинда бунга шоҳид бўлади. Биз ҳозир Исога қараганда анча машҳурмиз”.

Бу ўринда америкалик сиёсатшуносга тасалли беришга биз ожизмиз. Дарҳақиқат, асрлар мобайнида қадрият бўлиб келган дин ўз таъсир доирасини йўқотса, афсусланиш мумкин, Бироқ айб фақат Леннон каби машҳур ашулачидами!? 

Бьюкенен китобининг учинчи бобида яна бир бўлим бор, унинг номи - Инсониятнинг “саратон касаллиги”

Профессор Бахтиёр Тураев

Имом Бухорий халқаро маркази директор ўринбосари

 (Давомини кейин ўқийсиз)

(Бу ҳақда эртага маълумот оласиз. Сайтимизни кузатиб боринг)