Ўзбекистонда виждон эркинлигининг ҳуқуқий асослари

| Print |
Category: Мақолалар
Created on 26 July 2018 Hits: 8207

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришгандан сўнг ўтган давр мобайнида виждон эркинлигини таъминлаш борасида улкан ишлар қилинди. Хусусан мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб, виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий, шу жумладан халқаро хуқуқий асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисидаги Олий Кенгаш Баённомасида Ўзбекистон Республикасининг шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий садоқатини баён этиши, миллати, диний эътиқоди ва ижтимоий мансублигидан қатъий назар, республика ҳудудида яшовчи ҳар бир кишининг муносиб ҳаёт кечиришини, шаъни ва қадр-қимматини таъминлайдиган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга интилиши ҳақидаги ғоя илгари сурилди. Ушбу ғоя 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Конституциявий қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топди. Қонуннинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инсон ҳуқуқлари умумий декларациясига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги жорий этилади.

Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллатидан, элатидан, ижтимоий келиб чиқишидан, қайси динга мансублигидан ва эътиқодидан қатъий назар бир хил фуқаролик ҳуқуқларига эгадирлар, Республика Констутицияси ҳамда унинг қонунлари ҳимоясида бўладилар”, - деб қайд этилди. Ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясида мазмунан бойитилди ва ривожлантирилди. Конституциянинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланди. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мужбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. 43-моддасида “Давлат фуқароларнинг Конституция  ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эринликларини таъминлайди”. 44-моддасида “Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” деган қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди.

Ушбу қоидалардан келиб чиқиб, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро хужжатга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий  халқаро шартномасига қўшилди, қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлди, давлатлараро, хукуматлараро ва идоралараро шартномаларни имзолади. Ҳусусан, 1992 йил 2 мартда Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзолигига қабул қилинди. Ташкилот уставига биноан унинг асосий вазифаси инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахсининг қадр-қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлигига ва катта-кичик миллатлар ҳуқуқларининг тенглигига ишончни қайта қарор топтиришдан иборат бўлиб, ташкилотга аъзо давлатлар “барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришни таъминлаш учун зарур бўлган тенглик, адолат ва фаровонликнинг муҳим омили ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.

БМТ Уставида ўз ифодасини топган ушбу қоидалар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясида мазмунан бойитилди ва аниқлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси 1991 йилнинг 30 сентябрида унга қўшилди. Декларацияга биноан унга қўшилган давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан энг муҳимлари сифатида виждон ва дин эркинлигини эътироф этади. Унинг 18-моддасига кўра “ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу хуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ва ҳусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади” Ўзбекистон Республикaси виждон эркинлигини тaъминлaш бўйичa улкан ишлaрни aмaлгa оширди. “Виждон эркинлиги вa диний тaшкилотлaр тўғрисидa”ги Қонунни қaбул қилди, ушбу ҳуқуқни бузгaнлик учун ўз қонунчилигидa мaъмурий вa жиноий жaвобгaрлик белгилaди. Шунингдек жорий йил 16 апрелда “Диний-маьрифий соҳани тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикaси Президенти фармони қабул қилинди, унга мувофиқ Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикaси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ва хборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси хузурида “Вақф” хайрия жамоат фондилари ташкил этилди.

Диний-маърифий тадбирлар
бўлим ходими  Б. Каримов