ШАЙХ ХУДОЙДОДИ ВАЛИ (1461-1532)

| Печать |
Категория: Алломалар
Создано 26 Июль 2018 Просмотров: 4363

XV асрнинг охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган тасаввуф шоири, Вали бобо сифатида шуҳрат қозонган зотнинг асл номи Худойберди бўлиб, 866/1461 йилда ҳозирги Навоий вилоятининг қадимий Кармана тупроғида, Ортиқ Шайх хонадонида таваллуд топган.

Муҳаммад Шариф Ҳусайний Алавий Бухорийнинг (ваф. 1697 й.) “Ҳужжату-з-зокирин”  (“Зикр қилувчиларнинг ҳужжати”) тазкирасида қайд қилинишича, ҳазрати азизон Ортиқ шайх асли Хоразмда шуҳрат қозонган ва эътиборга сазовор хонадондан бўлиб, укаси азизон Зикриё шайх, оила аъзолари, қавм-қариндош ва содиқ муридлари билан аввал Бухорога, ундан сўнг эса Карманага келиб, Карманадан икки фарсах (15-16 км) масофада бўлган тоғ яқинидаги қишлоқда турғун бўлиб қолган. Ана шу манзилда  Худойберди таваллуд топган[1].

Кўп саргардонлик ва офатлардан омон қолганлари учун ҳам Аллоҳдан саодатманлик тилаб, фарзандларига Худойберди деб ном қўйишади. Аммо ота-онанинг ҳам, Худойбердининг ота-она меҳридан, тарбиясидан баҳраманд бўлиши ҳам узоққа чўзилмади. Бу ҳақда “Маноқиби шайх Худододи Вали” (“Шайх Худойдоди вали мартабаси”) китобида келтирилган.

Ота-онасидан жуда ёш етим қолган Худойберди мактабхонада илм олишни қийинчиликлар билан бўлса ҳам давом эттиради. Шайх Худойдоди Вали ўзининг бу аҳволини шундай ҳикоя қилади: “Бировларнинг қўйларини боқиб чўпонлик қилардим. Очлик, кийимсизликдан шундай аҳволга тушардимки, баъзан хушсиз бўлиб ўзимдан кетиб қолардим. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг бир мард кишининг менга раҳми келиб ўғил қилиб олди, у мени мактабга олиб борди. Ҳаддан ташқари озғинлигим ва юпун кийинганимдан мактабдагилар мендан ор қиларди. Аҳволим шу даражада бўлсада, таҳсилни тарк этмадим”[2]. Демак, Ортиқ Шайх Азизон хонадони Кармана атрофига кўчиш асносида моддий қийинчиликларни бошидан кечирган, ҳатто унинг қўлловчилари ҳам бўлмаган.      

Гўдак Худойберди туғилганидан сўнг уч-тўрт йил ўтгач, вафот этганидан жисмонан толиққан ёки анча кекса эканлиги ҳам англашилади. Айни маҳалда ҳозирда ҳам Навбаҳор, Кармана туманлари ҳудудида (Олчин ва Жалойирда) хоразмликлар авлодлари яшаб келишадики, улар Шайх Худойдод Азизоннинг қариндошлари, авлодлари бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас[3]. Абу Тоҳирхўжа Самарқандий “Самария”да шу нарса сезиладики, Яссавия тариқати намояндалари асосан Самарқанд шаҳри теварагида, Алиободда яшаб ўтишган. Демак, Ортиқ Шайх Азизон ўз қариндошлари ёки пири томон интилган деган эҳтимоли ҳам бор. Шайх Худойдоди Вали ўзини фарзандликка олган кишини Мавлоно Халил Қорақумий тарзида эсларкан, бу етимпарвар инсон ҳам ёш Худойбердини кийинтиришга қодир эмаслиги манбаларда таъкидланган. Мавлоно Халил Қорақумий исмига ҳам этибор қаратиш керак. Чунки   “Қорақум” географик атамаси XVIII аср охирларида пайдо бўлган, унгача биз билган саҳро бошқача ва турлича юритилган. Қизбий чўққиси яқинида қорақўтон, қорақуш, қорақум ва қорақудуқ қушхоналари борлигидан чўпонлик қилиб юрган Худойбердига мадад қўлини чўзган киши эса чорвачилик ишларига аралашиб турганлиги ойдинлашади. Умуман, пайғамбарлик ва авлиёлилик чўпонлик билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бўлажак авлиёуллоҳ болалигидаёқ  пири амири билан барибир чўпонлик босқичидан ўтган. Тез орада таҳсилдаги пешқадамлиги сабабли устози муаллимнинг ва таълимдошларининг назарига тушади. Илм олишига эҳтиёжи ошиб, Ғиждувонга йўл олади. Фақирлик ва қийинчиликлардан чўчимасдан, уч йил мобайнида бу ерда саводини оширади. Самарқанддаги Шердор мадрасаси шарқий томонида жойлашган “Жавзония” мадрасасининг илму толиби ҳам бўлган. Худойдод Вали Бухорога бориб, таълим-таҳсилни “Мулло Муҳаммад” мадрасасида давом эттиради.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Валихўжаев Б, Ўринбоев Б. Худойдоди Вали. – Самарқанд. 1995. – Б. 8.

[2] Валихўжаев Б, Ўринбоев Б. Худойдоди Вали. – Самарқанд. 1995. – Б. 8.

[3] Иноятов С, Ҳайитова О. Кармана тарих кўзгусида. – Т.: Шарқ,  2006. – Б. 151.