Илмни қадрлаш ёшликдан бошланади

| Print |
Category: Мақолалар
Created on 23 July 2018 Hits: 5051

Ҳар бир инсон ҳаётда ўз ўрнига эга бўлмоғи, илму-маърифатга эришиш учун илм олмоғи лозим бўлади. Ҳозирги мураккаб, глобаллашган замонда мустаҳкам билим, кучли маърифий тушунчага эга бўлиш эса ҳар қадамда зарурлиги ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.

 Аждоларимиз азал-азалдан илм-у маърифатда пешқадам бўлганлар. Уларнинг ёзган асарлари минг йиллардан бери маънавиятнинг сарчашмаси бўлиб бутун оламга маърифат нурларини таратиб келмоқда.

Ҳозирги замонга келиб ёшларимизнинг илм-маърифатдан оғиб кетишаётгани, ўткинчи орзу ҳавасларга берилиб, ҳақиқатни унутаёзганлари бор гап. Информацион дунёда тараққий этган технология инсонни дангаса қилиб қўйиши мумкин. Инсоният фақатгина бугунги куни билан яшашга ўрганиб қолмоқда. Илм-маърифатнинг орамиздан камайиши жуда ачинарли ҳол эмасми? Нега ёшларимиз орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларнинг ўндан бирига биз ҳам етдикми? Нима учун улуғ аждодларимиз каби ўн ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билиш, минг-минг мисра шеърни ёддан айтиш, бир неча кашфиётларни ёш бўла туриб амалга ошириш, жуда кўп тилларни мукаммал билиш ва унда бемалол ижод қила олиш каби ишлар оддий ҳол эмас? Нега уйимизда кутубхонамиз йўқ? Нима учун илмга, китобга бойликка қизиққандек қизиқмаймиз? Нима учун кутубхоналаримиз бозорларимиздек гавжум эмас? Олган кийимимизни мақтаймизу, ўқиган янги китобимиздан, олган билимимиздан мақтанмаймиз. Нима учун илмга рағбат камайиб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилади. Биз ҳам улуғ аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиб, илм-маърифат йўлидаги хизматларини давом эттирсак, фарзандларимизни илм олишини таъминласак ана шунда уларнинг бахтли-саодатли ҳаёт кечиришларига, ҳаёт қийинчиликларини осонлик билан босиб ўтишларига ёрдам берган бўламиз.

Аллоҳга беадад ҳамд-у санолар бўлсинки, бугун озод ва обод, осмони мусаффо, тинч юртда яшаяпмиз. Ота-боболаримиз орзу қилган замонни Ҳақ Таоло бизга берган экан, бу неъматни асраб-авайлашимиз, Ватанимизни ғанимлардан, уларнинг четдан туриб қиладиган мафкуравий ҳужумларини фақат илм-у маърифатни чуқур англаш билан қайтарамиз. 

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби