Оилада соғлом муҳит бўлиши кимга боғлиқ?

| Печать |
Категория: Мақолалар
Создано 23 Июль 2018 Просмотров: 5061

Муборак ҳадиси шарифда: “Фарзандларингизга адаб беринг ва одобларини чиройлик қилинг”, дейилган. Ота-она фарзандига одоб-ахлоқдан кўра яхши мерос қолдира олмайди. Ўзбек мақолларида ҳам “Қуш уясида кўрганини қилади” ёки “Отасидан ортиб қаерга борарди” деган нақллар бор.

Қаранг, ҳадиси шариф билан мақолларимизда ҳамоҳанглик бор.

Соғлом оила деганда бир томонлама саломатлик ёки бойлик тушунилмаслиги керак. Соғлом оила ҳар жиҳатдан барчага ўрнак, эътиқоди соф, ўзида мустақил фикр ва салоҳият бўлиши, яхшидан ёмонни ажрата билиши, гуноҳ ва савоб амалларнинг оқибатини теран англаши лозим. Ота-боболаримиз қадим-қадимдан бола тарбиясига жиддий эътибор берганлар. Оддий мисол: ҳайвон боқиб келган ўғиллари қўлидаги калтакни ҳам қаердан олдинг, эгасидан сўраб олмаган бўлсанг тез ташлаб кел, деб бировнинг ҳақидан хазар қилганлар.

Ҳозирда кўп холларда ота-оналар орзу-ҳавасга берилиб, фарзандларининг илм олишлари, касб-ҳунар эгаллашларини эмас, балки ҳали коллежни битирмай туриб ўзга юртларга чиройли уй қураман, дабдабали тўй қиламан, янги автоулов минаман деган мақсадда пул топиб келишга жўнатмоқдалар. Оқибатда қанчадан-қанча ёш йигитларимиз навқирон, кучга тўлган бир вақтда ўз туғилиб ўсган юрти корига ярайдиган даврда ўзга ўлкаларда меҳнат қилишга мажбур бўлмоқдалар.

Ота-боболаримизнинг ажойиб нақли бор: “Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши”. Бу билан тўқ-фаровон яшайман, деганга узоққа бориб ўтириш шарт эмас, ота-онанг, оила аъзоларинг олдида еган қаттиқ нонинг ширин дейилмоқчи. Аллоҳ ҳар биримизга ақл-фаросат берган, ризқимизни ҳам ўзи беради. Тезроқ бойиб кетиш илинжида хорижга йўл олаётган ҳамюртларимизга шуни эслатиб қўймоқчимизки, йўқотаётган соғлиғингиз, қолаверса, фарзандларингизнинг ота тарбиясидан айро ҳолда яшаб, балоғатга етиш жараёнида етадиган азиятларни ҳеч нима билан ўнглаб бўлмайди. Тарозининг икки палласи бор: йиллаб хорижда топган бойлигингиз ва шу жараёнда йўқотган соғлигингиз афзалми ёки ота-она хизматида, оила даврасида хотиржам, эл-юртингизга келтираётган фойдангиз афзалми? Шу ҳақда ўйлаб кўринг. Оилада соғлом муҳит ҳукм сурса ана шу оилада тарбияланган фарзандлар ҳам салоҳиятли, одоб-ахлоқли бўлиб вояга етишини ҳар биримиз унутмаслигимиз лозим.

 

Юнусхон Жаббаров
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом-ноиби