ДАВЛАТШОҲ САМАРҚАНДИЙ (2-қисм)

| Print |
Category: Алломалар
Created on 23 July 2018 Hits: 3724

Давлатшоҳ Самарқандий тазкирасида жамланган шоирларнинг асарлари шарқ классик адабиётининг умумий йўналиши, унинг тараққиёт йўллари, шарқ шеъриятида кенг қўлланилган рубоий, қасида, ғазал, ҳажв жанрларининг пайдо бўлиши ва такомиллашуви, тарсиъ, тажнис, таржиъбанд, мураббаъ сингари шеърий шаклларни ўрганиш ҳамда тадқиқ этишда муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, улар орасида Жавҳарий Заргир, Хожа Кирмоний, Жалол Табиб, Хожа Исматулло Бухорий, Аминиддин Нузулободий сингари достончилик жанрининг етук намояндалари,

назм ва насрга оид “Таржимону-л-балоға” (“Нотиқликни тушунтириб берувчи китоб”) асари билан машҳур Фаррухий (ваф. тахм. 1037-1038 й.), “Чаҳор мақола” китоби билан шуҳрат топган Низомий Арузий Самарқандий (XII аср), форс тилининг шарҳли луғатини тузган Қатрон ибн Мансур Термизий (XII аср) “Ҳадоиқу-с-сеҳр” (“Сеҳр боғлари”) асари билан ном таратган хоразмлик Рашидуддин Ватвот (1088-1182), “Нигористон” асари муаллифи Мужиддин Жувайний, “Шабистони хаёл”нинг муаллифи Яҳё Себак Нишопурий, “Жавоҳиру-л-асрор” (“Сирлар жавоҳири”) асарини бутун Шарққа манзур эта олган Шайх Озарий (1382-1462) мусиқа илмининг машҳур намояндаларидан Соҳиб Балхий, хат ва хаттотлик илмининг пири Симий Нишопурий ҳам борки, булар ижоди мумтоз адабиёт ҳамда Ўрта аср Шарқ фани тараққиёти тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

Китобда таърифи келтирилган шоирларнинг аксарияти ўз даврининг малику-ш-шуароси бўлган. Авҳадиддин Анварий (XII аср), Рашидиддин Ватвот, Бухорода муламмаҳ (бир шеърни икки тилда ёзиш) анъанасини бошлаб берган, ҳажв жанри ривожига улкан ҳисса қўшган Хожа Исматуллоҳ Бухорий (1365-1426) ана шундай шоирлар жумласидандир.

Тазкирада жаҳонга машҳур файласуф шоир ва олим Носир Ҳусрав (1004-1088), шарқ мумтоз шеърияти даҳоларидан ва мусиқашунос Ҳусрав Деҳлавий (1253-1325), шоир ва йирик тарихчи олим Фахруддин Бинокатий (ваф. 1329 й.), Камол Хўжандий (1318-1401), Абдурраҳмон Жомий (1414-1492), Алишер Навоий (1441-1501) билан бирга меҳнаткаш халқ орасидан чиққан нозимлар ҳам қайд этилади. Асли деҳқон табақасидан, Низомий Ганжавийнинг (1441-1509) “Махзану-л-асрор”ига минг байтдан иборат жавоб ёзган Жамолуддин ибн Жаъфар Фарраҳоний; бир умр қўш қўшиб, деҳқончилик қилган, шеърни кетмон дастасига битиб юрган кўҳистонлик Муҳаммад Ҳисомуддин; авому-н-нос (оддий халқ)дан чиқиб, шоирлик, хаттотлик ва наққошликда ном чиқарган Симий Нишопурий; бўйра тўқиб кун кечирган самарқандлик Бисотий ҳақидаги маълумотлар шулар жумласига киради.

Шунингдек, тазкирада ўз шеърлари билан шохлар ва ҳакимлар, ноиблар ва қозилар кирдикорларини фош этган Яминиддин Фархомадий ва унинг ўғли Амир Маҳмуд (ибн Ямин), Убайд Законий, Бурундий Бухорий ҳамда Бобо Савдоий Абивардий каби шоирлар зикри ҳам келтирилганки, бу ҳол асар қимматини янада оширади.

Асарнинг яна бир фазилати унда айрим муҳим тарихий воқеалар баёни ҳам келтирилганидир. Чунончи, Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон халқларининг султон Жалолиддин Мангуберди (Манкбурни) бошчилигида 1221-1232 йиллари мўғул босқинчиларига қарши олиб борган кураши тарихидан айрим лавҳалар; 1337 йили Хуросонда бўлган сарбадорлар қўзғолони ҳамда шу қўзғалон натижаси ўлароқ, Хуросоннинг каттагина қисмида бунёд топган сарбадорлар давлатининг (1337-1381) қисқача тарихи ҳам асарда акс эттирилган. Шунингдек, китобда келтирилган Хуросон ва Ўрта Осиё жанубий қисмининг XV аср 40-йилларидаги сиёсий ҳаёти билан боғлиқ тафсилотлар, йирик тарихий шахслар – вазир ва олим Низомулмулк, улуғ шоир ва олим Умар Хайём, исмоилийлар тариқати асосчиси Ҳасан Сабоҳ ва буюк астраном Мирзо Улуғбек ҳаётига оид воқеалар ҳам алоҳида эътиборга молик[1].

Асарнинг тўлиқ форсча матни тош босма ҳамда типография усули билан 1259/1843 йили Истанбулда, 1305/1887 йили Бомбейда, 1901 йили Лондонда ва 1958 йили Теҳронда босиб чиқарилган. Асардан олинган айрим парчалар турли мамлакатларда кўплаб нашр этилган. Тазкиранинг тўлиқ инглизча таржимаси 1900 йили машҳур инглиз олими Эдуард Браун томони­дан Лейденда нашр этилган. 1318/1900 йили Хивада Муҳаммад Рафиъ томонидан эски ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Бу қўлёзма тарзида ЎзР ФА ШИда (инв. № 7016)  сақланмоқда.

“Тазкирату-ш-шуаро” асарининг қўлёзма нусхалари дунёнинг кўпгина кутубхоналарида сақланмоқда. Жумладан, Беруний номидаги шарқшунослик институтида 11 та нусха бўлиб, 972/1565 йили Мунажжим Нишопурий (инв. № 4352), 979/1571 йили Иброҳим ибн Ҳофиз Раҳимдод (инв. № 53), 983/1575-1576 йили номаълум котиб (инв. № 5666), 988/1580 йили Муҳаммад Боқий Самарқандий (инв. № 2262) ва 1025/1616 йили Муҳаммад Муҳсин Ҳиравий томонидан (инв. № 2119) кўчирилган бу қўлёзмалар қадимийлиги ва чиройли безаклари билан катта аҳамиятга эгадир.

1967 йили шарқшунос олим Б. Аҳмедов “Давлатшоҳ Самарқандий” номли китобчани нашр эттирди (Тошкент, 1964 й.). Асарда Давлатшоҳ яшаган давр, унинг таржимаи ҳоли ҳақида қисқача маълумотлар берилган ва “Тазкирату-ш-шуаро”даги адиблардан 35 таси ҳақида маълумотлар илова қилинган, холос. Бу катта (1958 йилги Теҳрон нашрида 569 бетдан иборат) асарни тўлиқ илмий ўрганиш, ўзбек тилига таржима қилиш ва кенг китобхонлар оммасини таништириш олимларимиз олдидаги муҳим вазифадир[2].

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Ўринбоев А. Давлатшоҳ Самарқандий. – Т.: Маънавият,  2010. – Б. 343-346.

[2] Абдуллаев И., Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.:  Фан, 1969. – Б. 72.