Муснад китобидан ҳадислар (258-ҳадис)

| Print |
Category: Бир ҳадис шарҳи
Created on 23 July 2018 Hits: 3760

Ҳорун ибн Саъддан ривоят қилинади:

“Шомдаги Рабазада Хайф ибн Саҳақ деган киши Ҳубайс ибн Дулжага рўпара келиб қолди. Улар билан жанг қилиб уларни енгди. Кейин Мадинага кирди. У ерда Ибн Умарга дуч келди. Шунда у: “Эй Ибн Умар, сизни ибн Зубайрга ёрдам беришдан нима кечиктирмоқда, ахир сизнинг қадрдон биродарингиз-ку, сиз унга ёрдамга шошмаганингиз сабаб одамлар ҳам ёрдам беришга шошишмаяпти?”, – деди. Шунда у:

“Ибн Зубайр қўлини қиффи (яъни, бирор нарсанинг усти, ташқи томони)га қўйди. Қифф нималигини биласанми?” – деди. У: “Йўқ” – деди. Ибн Умар: “Кўрмаганмисан, аёл боласини эмизганида агар эмишдан қонса ёки тўйса, эмишдан оғзини тортиб олади, сўнг оғзига қўлини солади. Онаси унга “Қифф” дейди. Аллоҳга қасамки, албатта, мен, семиз туя кабиман, унинг нималигини биласанми?” – деди. У: “Йўқ” – деди. Ибн Умар: “У бир жойда юрмасдан қариб қолган туя. У жойини тарк этмайди, ҳатто, шу ерда сўйилади. Мен ҳам шунга ўхшайман, ўз уйимда бўлишни лозим тутаман, шунда мени туя каби сўядиган киши келолмайди. Ёки одамлар бир кишига қарши тўпланишса, шу тўпланишлари жамоатининг солиҳ кишилари билан бўлса ҳам, улар тарқалиб кетишса, уларни яна қайта тўплашга ҳаракат қилмас эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бир одамни Аллоҳ бир халқ устига бошлиқ қилиб қўйса, Аллоҳ ундан улар ҳақида қиёмат куни сўрайди. Уларнинг ичида Аллоҳнинг ҳаққи адо қилинганми ёки у зоя қилинганми. Ҳаттоки, киши ўз аҳли хусусида улар ичида Аллоҳнинг буйруқлари бажарилдими ёки зое қилиндими?” деб сўралади”, – деб айтганларини эшитганимдан кейин бундай иш тутмайман”, – деди”. (Марфуъ ҳадис).

Абдуллоҳ ибн Муборак. Муснад китоби.
ИБХИТМ Матбуот хизмати