Масжид одобини Имом Бухорий ҳазратларидан ўрганайлик

| Print |
Category: Мақолалар
Created on 18 July 2018 Hits: 5001

Барчамизга маълумки, масжид мусулмонлар учун ибодат маскани бўлиб, унда ягона Аллоҳ таолога ибодат қилинади, қалбан ва руҳан У зотга қурбат ҳосил қилинади. Шунинг учун ҳам, масжид – Аллоҳнинг уйи, деб эътиқод қилинади.

Шу ўринда, масжидга киришнинг намозхон амал қилиши керак бўлган одоблари бўлиб, бунга намозхоннинг маънавий ва жисмий нопокликлардан пок бўлиши мисол бўлади. Бу борада буюк имомларимиз ҳаётларидан биз учун гўзал намуналар бисёр бўлиб, қуйида шулардан бирини келтирамиз.

Бу намуна буюк аждодимиз, ҳадис илми султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ тўғрисида бўлиб, воқеани ўтган асримиз шайхларидан бири Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имом Абу Абдуллоҳ Муҳасибий қаламига мансуб “Рисалатул мустаршидин” асарига ёзган шарҳида келтиради:

“Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг амаллари тўғрисида гапирганда, бунга Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг “Саҳиҳи Бухорий” шарҳида Имом Бухорий ҳақидаги ривоятлари кифоядир. Ҳофиз айтади: “ Муҳаммад ибн Мансур шундай дейди: “ Биз масжидлардан бирида Абу Абдуллоҳ Бухорий билан бирга эдик. Бир киши соқоли орасидан нопок нарсани олдида, уни ерга ташлади. Имом Бухорийга назар солдим. У киши бир ердаги нарсага қарарди, бир атрофдаги одамларга қарарди. Ниҳоят, одамлар ғафлатда туришганида, ердан нарсани олиб, чўнтакларига солиб қўйди. Масжиддан чиққанларида, уни чўнтагидан чиқариб, ерга ташлаганини кўрдим”.

Кўриб турганимиздек, Имом Бухорий ҳазратлари масжид ерини нопокликлардан асради. Менга нима, деб эътиборсизлик қилмади. Бу эса, у кишининг илму амали, тақвоси нақадар еканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизларга ўзининг солиҳ бандаларига эргашишни буюради:

" أولئك الذين هدى الله فبهداهم اقتده " (الانعام، 90)

"Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш" (Анъомсураси, 90-оят).

Манба:azon.uz
Халилуллоҳ Юсуф