ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ (2-қисм)

| Печать |
Категория: Алломалар
Создано 17 Июль 2018 Просмотров: 3857

Хожа Аҳрор Валий 895/1490 йилда Салхнинг Кошон қишлоғида вафот этган ва Самарқандда дафн этилган[1].

Йирик шарқшунос, тарих фанлари доктори А. Ўринбоевнинг ёзишича, бизгача унинг учта рисоласи етиб келган. Улардан бири “Фақароту-л-орифийн” (“Орифлар сўзларидан парчалар”) номи билан машҳур бўлиб, унда Хожа Аҳрор Валий ва бошқа баъзи мутасаввифларнинг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган.

Ўз отаси Хoжа Маҳмуд илтимосига биноан ёзган бошқа бир рисоласини олим “Волидия” (“Отага бағишлов”) деб атаган. Унда тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқ-одоби, фахр ва фано истилоҳлари ҳақида тушунчалар берилади. Бу рисола ўз даврида кенг шуҳрат қозониб, Абдурраҳмон Жомий ва Алишер Навоийдек буюк мутафаккирлар ҳам унга муносиб баҳо берганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса бу рисолани форсийдан ўзбек тилига назмий услубда таржима қилган. Бу таржима 1991 йили Тошкентда “Ёзувчи” нашриётида чоп этилган.

Учинчи рисола “Ҳавроия” деб номланган бўлиб, ХI асрнинг машҳур мутасаввиф шоири Абу Саъид Абулхайрнинг “Ҳавро” (“Ҳур парилар” ёки “Фаришталар”) сўзи билан бошланувчи бир рубоийсини шарҳлашга бағишланган. Бу рисолалардан ташқари нуфузли замондошларига йўллаган анчагина руқъа-мактублари ҳам бизгача етиб келганки, улар ҳам ҳазратнинг ўз даври ижтимоий, сиёсий ва маънавий ҳаётида тутган ўрнини белгилашда муҳим аҳамиятга эга[2].

Мактублар турли тўплам ва маноқиблар саҳифалари орқали бизгача етиб келган. Улардан энг муҳими Мажмуайи муросалот(“Рисолалар мажмуаси”) деб номланган XV аср дастхатлар тўплами таркибидаги руқъалардир. Тўплам Алишер Навоий буйруғи билан тузилган ва шунинг учун “Навоий альбоми” деб ҳам аталади (ЎзР ФА ШИ, инв. № 2178). Унда Хожа Аҳрорнинг 128 дона руқъалари мавжуд. Мавриди келганда айтиш керакки, узоқ йиллар тинимсиз изланишлари натижасида тарих фанлари доктори А. Ўринбоев томонидан ушбу номаларнинг русча таржимаси тайёрланган эди. Америкалик олима, Нью-Жерси университетининг профессори Жо Энн Гросс билан А. Ўринбоев ҳамкорлигида бу номалар инглиз тилига ўгирилиб, “Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг хатлари ва унинг муридлари” номи билан 2002 йилда Голландиянинг бутун дунёга машҳур “Брилл” нашриётида чоп этилди.

Умар Ризо Каҳҳола “Муъжаму-л-муалли-фийн” асарида келтиришича, Хожа Аҳрорнинг “Ал-урвату-л-вусқо ли арбоби-л-иртиқо” (“Тараққий этадиган арбоблар учун мустаҳкам қалъа”) ва “Анису-с-соликийн фи-т-тасаввуф” (“Тасаввуфда юрувчиларнинг меҳрибонлиги”) каби асарлари ҳам бўлган.

Ул зоти орифнинг ҳаёт йўллари, фаолияти, таълимоти ва ўгитлари ҳақида қимматли маълумотлар шогирдлари томонидан ёзилган асарларда ҳам ўз аксини топган. Улардан бири яқин шогирди ва маслакдоши мавлоно Муҳаммад Қозининг “Силсилату-л-орифин ва тазкирату-с-сиддиқийн” (“Орифлар силсиласи ва сиддиқлар тазкираси”) асари, иккинчиси Мир Абдулаввал Нишопурий қаламига мансуб “Масмуъот” (“Эшитилганлар”)дир. Мир Абдулаввал садоқатли мурид сифатида унинг алоҳида меҳр-илтифотига сазовор бўлади ва қизларидан бирига уйланади. Номидан ҳам кўриниб турганидек, ҳажм жиҳатидан унча катта бўлмаган бу асарда Мир Абдулаввал ўз устозидан эшитган тасаввуф назарияси ва амалиётининг муҳим масалалари билан бир қаторда, ўз устозининг ҳаётига доир қизиқарли воқеалар ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Манбалардан учинчиси Ҳусайн Али Воиз Кошифий Сафийнинг “Рашаҳоту айни-л-ҳаёт” (“Ҳаёт чашмасидан томчилар”) бўлиб, бу асар муҳим манба сифатида фақат мусулмон оламида эмас, балки Европа шарқшунослари орасида ҳам маълум ва машҳурдир. Бу қимматли асар 2003 йилда шарқшунос олимлар М. Ҳасаний ва Б. Умрзоқов томонидан Тошкентда Ибн Сино номли “Тиббиёт” нашриётида чоп этилган.

Марказий Осиёнинг ХV аср ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида катта роль ўйнаган буюк сиймолардан бири Хожа Аҳрор Валий ҳазратларининг 600 йиллик юбилейи ўтказилиши мустақиллигимиз берган буюк неъматнинг амалий ифодаси бўлиб, элу юртнинг маънавий пири комили бўлган буюк зотга кўрсатилган юксак эҳтиромдир[3].

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати

[1] Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 6. – Байрут: Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий,  2009. – Б. 246.

[2] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Уватов У. Хожа Аҳрор Валий. – Т.:  Маънавият, 2010. – Б. 334.

[3] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Уватов У. Хожа Аҳрор Валий. – Т.:  Маънавият, 2010. – Б. 334-335.