Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш.Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 1-10 июль кунлари ишчи ташриф билан Малайзияда бўлди

| Print |
Category: Янгиликлар
Created on 17 July 2018 Hits: 4203

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш.Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 1-10 июль кунлари ишчи ташриф билан Малайзияда бўлди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари ташриф доирасида II "Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар" халқаро конференциясида иштирок этди. 

Халқаро араб илмий-тадқиқот форуми билан Малайзиянинг Ислом фанлари университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда дунёнинг 20дан ортиқ давлатидан келган етакчи экспертлар, олимлар, илмий тадқиқотчилар қатнашди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ш.Умаров "Ўзбекистонда қўлёзмаларни ўрганишга бўлган эътибор" мавзуида маъруза қилди. Тадбир доирасида тақдимоти ўтказилган "Имом Бухорий таърифи" ва "Қўлёзмалар каталоги" мавзуидаги мамлакатимизда амалга оширилган илмий изланишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 

Конференция доирасида Малайзия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайтдаги етакчи илмий марказлар билан тарихий асарлар ва шахслар ҳаётини ўрганиш, тадқиқ қилиш соҳасида қатор келишувларга эришилди. Навбатдаги "Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар" халқаро конференцияни мамлакатимизда ўтказишга келишиб олинди. 

Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси аъзолари 6-10 июль кунлари Малайзиянинг бир қатор таълим муассасаларида бўлиб, учрашувлар ўтказди. Мулоқот чоғида қўшма анжуман ва семинарлар ташкил қилиш орқали ислом илмий меросини ўрганиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви йўлга қўйиш ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. 

 
Манба:uza.uz
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси
билан ҳамкорликда тайёрланди