ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ (1404-1490)

| Печать |
Категория: Алломалар
Создано 12 Июль 2018 Просмотров: 3961

Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Марказий Осиё халқларининг XV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, маданий ва тафаккур ривожида муҳим ўрин тутган.

Хожа Аҳрор ҳазратлари нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси сифатида мусулмон оламининг буюк мутасаввиф донишмандлари сафидан ўз муносиб ўрнига эга бўлган улуғ сиймодир[1].

Алломанинг тўлиқ номи – Носируддин Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ибн Маҳмуд ибн Шиҳобиддин Шоший Самарқандийдир.

Хожа Аҳрор лақаби билан машҳур бўлган аллома 806/1404 йил март ойида, Рамазон ойида[2] Шошга (ҳозирги Тошкент вилояти) қарашли бўлган Боғистонда дунёга келган. Отаси Хожа Маҳмуд ва бобоси маърифатли кишилардан бўлиб, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланган. Она тарафидан Хожа Аҳрор машҳур Шайх Хованди Тоҳурга бориб уланади.

Хожа Аҳрор дастлабки таълимини Тошкент мадрасаларида олиб, ёшлик чоғлариданоқ муқаддас жойларни зиёрат қилишга мойиллик кўрсатади ва 23-24 ёшларда тоғаси, замонасининг билимдон кишиларидан бўлган Хожа Иброҳим уни Самарқандда ўқитишни мақсад қилиб қўяди. Хожа Аҳрор кўпроқ тасаввуф илмига қизиқади. Шу мақсадда Ҳиротга бориб, 1428-1431 йиллар орасида Шайх Баҳоуддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофий каби таниқли мутасаввиф билимдонлари билан учрашади. Сўнг Чаюниённинг Хулғату мавзеида истиқомат қилувчи Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди бўлган Яъқуб Чархийга (ваф. 1447 й.) қўл бериб, ундан Нақшбандия тариқати асосларини ўрганади.

1431-1432 йиллар орасида Хожа Аҳрор Тошкентга қайтиб, Нақшбандия тариқатининг йирик арбоби Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг давомчиси сифатида танилиб, айни вақтда деҳқончилик ва тижорат ишлари билан машғул бўлади.

У тижорат аҳлининг раҳнамоси сифатида бутун Мовароуннаҳрда ички савдо, қолаверса, Шарқий Туркистон, Хуросон ва Кичик Осиё билан ташқи савдонинг ривожланишига ҳам салмоқли ҳисса қўшган. Ўз тасарруфидаги беҳисоб бойликларини кўплаб диний ва маданий иншоотлар, жумладан, Самарқанд, Тошкент ва Кобул каби шаҳарларда мадрасалар, қорихоналар қурилишига, қолаверса, ҳожатманд инсонлар ва оилалар манфаатига ишлатиб, ўз меҳр-мурувватини аямаган. “Бизнинг молимиз фуқаро учундир” деган шиорга умр бўйи амал қилган[3].

Хожа Аҳрорнинг хўжалик фаолияти тез орада жуда кенг ривож топади. Чунончи, “Рашаҳот” асари муаллифи Фахриддин Али Хожа Аҳрор ерлари Тошкент вилоятидан то Амударё соҳилларигача бўлган ҳудудда 1300 дан ортиқ экинзорларни ташкил этганини эслатади. Шуниси эътиборга сазоворки, тадқиқот ишларида аниқланишича, майда мулкчилар солиқлардан қутулмоқ учун ўз ерларини Хожа Аҳрор ихтиёрига ўтказишган. Хожа Аҳрорнинг ҳукмдор олдидаги нуфузи шариатда белгилангандан (ушр, мол, закот) ташқари фавқулодда солиқларни меҳнаткашлар гарданига юклашдан уларни ҳимоя этган. Хожа Аҳрор ерларининг кўпайиб боришига шу омил ҳам бир сабаб бўлган, холос. Деҳқончилик, чорвачилиқдан ташқари Хожа Аҳрорнинг шаҳарларда ҳам ҳунармандчилик расталари, устахоналари бўлган ва булардан ҳам катта даромад келиб турган.

Хожа Убайдуллоҳ 1447 йили Темурийлар давлати бош ҳукмдори Шоҳруҳ, 1449 йили эса Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбекнинг вафотидан сўнг бир неча йил Темурий шаҳзодалар орасида тахт учун кураш боради. 1451 йили шаҳзодалардан бири Абу Саъид Мирзо Тошкентда бўлиб, Хожа Аҳрорни ўзига маънавий мададкор деб танийди ва шу йили Мирзо Абдулло билан бўлган жангда қўли баланд келиб Самарқандни эгаллайди ҳамда Хожа Аҳрорни Тошкентдан Самарқандга кўчириб келади. Хожанинг Самарқандда муқим туриши ана шу 1451 йилдан бошланади. Унинг мамлакатдаги сиёсий жараёнларда иштироки 1454 йилга оид бўлиб, шу йили Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур Самарқандни қамал қилганида Хожа Аҳрор шаҳар ҳимоячиларига бош бўлиб, душманни сулҳ тузишга мажбур этади. Шу билан Хожа Аҳрорнинг шаҳзодалар орасидаги низоларни сулҳ билан якунлаб, мамлакатда осойишталик ўрнатишга қаратилган сиёсий фаолияти умр бўйи давом этади.

Унинг 1458 йили Шоҳруҳияда ўзаро қонли тўқнашувга тайёр уч ҳукмдор: Султон Абу Саъиднинг (1451-1469) ўғиллари Султон Аҳмад Мирзо (1451-1494), Умаршайх Мирзо (1456-1494), Юнусхон (1462-1487) ва Султон Маҳмудлар (1453-1495) ораси-даги низони сулҳ билан бартараф қилганлиги манбаларда кўп талқин этилган.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Қаранг: Али Саййидин. Пашмина пушон (Фаранг силсилаҳойи суфия). – Теҳрон, 2008. – Б. 40-42.

[2] The encyclopedia of Islam. Volume 12. Leiden. Brill. 2004. – P. 50.

[3] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Уватов У. Хожа Аҳрор Валий. – Т.:  Маънавият, 2010. – Б. 333.