ҲАЖ КИТОБИ (8-қисм)

| Print |
Category: Мунозара
Created on 09 July 2018 Hits: 3865

ФАСЛ

Эҳромдаги кишининг ҳайвонларни овлаши

Эҳромдаги кишига қуруқликдаги ҳайвонларни овлаш ҳаром қилинган, аммо денгиздаги ови ҳалол. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Сизларга денгиз (ҳайвонларини) овлаш ҳалол қилинди”, деган ояти далилдир.

Қуруқликдаги овдан мурод қуруқликда туғилиб, қуруқликда яшайдиган ҳайвонлардир. Аммо денгиз овидан мақсад сувда туғилиб ва сувда яшайдиганлардир. Овнинг умумий маъноси у ов қилинувчи жонивор асл яратилишида ёввойи, (одамлар кўзидан) қочиб юрадиган жонзотдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) фавосиқ деб аталмиш бешта жонзотни бундан истисно қилганлар. Яъни, уларни инсон эҳромда бўлганида ҳам ўлдириши мумкин. Улар: қопағон ит, бўри, калхат, қарға, илон ва чаён. Чунки булар инсонларга зарар етказувчилардир.

Қарғадан мурод , у ахлат ейди. Бу Абу Юсуфдан ривоят қилинган.

Эҳромдаги киши бирор овни ўлдирса ёки уни ўлдирадиган кишига кўрсатса, у жазоланиши керак. Ўлдирганга жазо “Эй, имон келтирганлар, эҳромда бўлган чоғингизда бирор овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унга овнинг баробарида) жазо бордир” оятига биноандир.

Агар овни кўрсатиб берувчи Ҳарам ичидаги эҳромсиз бўлса, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Бу ҳукмда қасддан қилувчи билан унутиб қилувчи баробар.

Шунингдек, биринчи бошлаган ва қайта-қайта қилувчи ҳам баробар. Бунинг белгиланга жазоси икки адолатли киши томонидан баҳоланади, кейин у жазони ўташда ихтиёри ўзида бўлади, хоҳласа овнинг қиймати қурбонликка етса, қурбонлик сотиб олиб сўяди, хоҳласа пулига таом сотиб олиб, ҳар бир мискинга ярим соъ (1,8 кг) буғдой ёки бир соъ (3,6 кг) арпа ёки хурмони садақа қилади ва агар хоҳласа рўза тутади.

Ҳайвон ўлдирилган жойида баҳоланади. Овнинг бирор аъзосини кесиб, айб-нуқсонли қилиб қўйса, унинг нуқсонини тўлдиришга ўшани қилган киши зомин бўлади.

Агар бирон қуш пати ёки бирон ов оёқларини кесиб қўйса, шундан сўнг у ўзини ҳимоя қилиш доирасидан чиқиб қолса, унинг қийматини тўла ҳолда тўлаши вожиб. Чунки, у ундан ҳимоя воситасини кетказиш билан унинг тинчлиги, хотиржамлигини кетказган бўлади. Шу сабабли унинг жазосини ўтайди.

Туяқуш тухумини синдирганга унинг қиймати вожиб. Чунки тухум овнинг асли бўлиб, у, кейинчалик, овга айланиши мумкин эди. Шу боис, тухумдан ўлик жўжа чиқса, тириклик қиймати миқдорида жазо ўташ вожиб. Истеҳсонга кўра, бунда тухум тирик жўжа чиқариш учун тайёр эди. Вақти келмасдан аввал уни синдириш жўжанинг ўлимига сабаб бўлди.

 

Фавосиқ деб аталмиш жонзотлари қатл қилиш

Қарға, калхат, илон, чаён, сичқон, қопағон (қутурган) ит ва бўрини ўлдирганлик учун ҳеч қандай жазо йўқ.

Чумоли, бурга кана, чивин ва пашшани ўлдирган инсонга ҳам жазо белгиланмаган.

Бит ёки чигирткани ўлдирган одам хоҳлаганича бир сиқим таом ёки хурмо садақа беради.

Эҳромдаги инсон сўйган овидан мажбуран бирор нарса еса, егани миқдорида жазо вожиб.

 

Эҳромга кирган кишига ҳалол қилинган ов

Эҳромдаги кишига қўй, сигир, туя, товуқ ва хонаки ўрдакни сўйишга рухсат берилган. Зеро, булар ваҳший бўлмагани учун ов ҳисобланмайди.

Аммо оёғи попукли каптар, хонакилашган кийикни ўлдирса, унга жазо вожиб.  Бундан ёввойи “Баир” мустасно.

Эҳромдаги киши эҳромда бўлмаган кишининг овлаган ови гўштидан ейишида зарар йўқ. Модомики, эҳромдаги киши уни кўрсатиб қўймаган ва уни овлашга буюрмаган бўлса.

 

Ҳарам (Макка шаҳри)да ов қилиш

 ва дарахтларини кесиш

Эҳромнинг овини эҳромдан бўлмаган одам сўйса, унинг нархини фақирларга садақа қилади, холос. Чунки ов Ҳарам сабабли омонликка эришган. Аммо у сўйган одам учун садақанинг ўрнига рўза тутиб бериши жоиз эмас.

Ҳарамдаги ўт (майса, кўкат) ёки дарахтни кесса, агар у бирор-бир кишининг мулки бўлмаса ва уни одамлар ўстирмаган бўлса, у одам унинг қийматини тўлаши вожиб. Башарти, кўкат ёки дарахт қуриб қолган бўлса, тўламайди. Чунки ўсувчи бўлмаган дарахт учун товон йўқ.

Ҳарамнинг ўт-ўлани билан ҳайвон ўтлатилмайди, улар кесилмайди. Фақат “Изҳир” номли дарахтни кесиш мумкин, шунингдек, ўт-ўлан туркумидан бўлмаган қўзиқоринни ҳам териш мумкин.

 

Жазода шерик бўлиш

Қорин (ҳаж билан умрани бирга қилувчи)нинг ҳар бир қилган жинояти учун икки қон, муфрид (ёлғиз ҳаж қилувчи)га эса бир қон чиқариш вожиб. Икки қоннинг бири ҳаж, иккинчиси умра учун.

Эҳромдаги икки киши бир овни ўлдиришда шериклик қилса, уларнинг ҳар бирига тўла жазо вожиб бўлади. Чунки улар шерикчилик билан бўлса-да, жиноятни тўлиқ содир қилган.

Эҳромда бўлмаган икки одам Ҳарамнинг овини ўлдиришда шериклик қилса, уларнинг иккисига битта жазо вожиб. Чунки бу ўринда товон, сон (ўрин)дан бадал бўлиб, жиноятдан мурод жазо эмас. Демак, ўрин бирлашиш билан товон ҳам бирлашади.

Эҳромдаги киши овни сотса ёки сотиб олса, қилган савдоси ботил. У овни тирик ҳолда сотса, овнинг омонлигини бузган бўлади; агар ўлдиргандан кейин сотса, ўликни сотган бўлади.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 209
ИБХИТМ Матбуот хизмати