Муснад китобидан ҳадислар (252-ҳадис)

| Print |
Category: Бир ҳадис шарҳи
Created on 09 July 2018 Hits: 2800

Қайс ибн Убоддан ривоят қилинади:

“Али розияллоҳу анҳу билан бирга эдик, у киши агар одамлар тўпланадиган жойни кўрсалар ёки тепаликка кўтарилсалар, ё водийга тушсалар: “Аллоҳ ва Унинг расули тўғри айтди” дер эдилар. Шунда мен Бани Яшкурдан бўлган бир одамга: “Биз билан юр, мўминларнинг амиридан “Аллоҳ ва Унинг расули тўғри айтди” деган гаплари ҳақида сўраймиз”, – дедим. Кейин биз у кишининг ҳузурларига бориб:

“Эй, мўминларнинг амири, биз сизни, агар одам-лар тўпланадиган жойни кўрсангиз ёки тепаликка кўтарилсангиз “Аллоҳ ва Унинг расули тўғри айтди” деганингизни кўрдик, шу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга бирор нарсани аҳд қилганмидилар?” деб сўрадик. У киши биздан ўзларини олиб қочдилар. Биз у кишига жуда қатъият билан туриб олдик. Бу қатъиятни кўрганларидан сўнг, у киши: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга аҳд қилган нарсадан бошқани менга аҳд қилганлари йўқ. Лекин, одамлар Усмонга қарши чиқиб, уни қатл этдилар. Мен бу халифалик ишига ўзимдан ўзгани муносиб деб билмадим. Сўнг ўзимни унга улар ичида ҳақлироғи деб билиб, шу ишга киришдим. Хато қилдикми ёки тўғри қилдикми, Аллоҳ билади”, – деди”. (Мавқуф ҳадис).

Абдуллоҳ ибн Муборак. Муснад китоби.
ИБХИТМ Матбуот хизмати