МУҲАММАД ИБН ЖАЗАРИЙ (2-қисм)

| Печать |
Категория: Алломалар
Создано 27 Июнь 2018 Просмотров: 2873

Ибн Жазарий Амир Темурнинг вафоти­дан сўнг, 807/1405 йили Мовароуннаҳрни тарк этиб, Хуросон­нинг Ҳирот шаҳрига сафар қилади. У ерда ҳам кўпчилик­ка ўн хил қироатдан дарс беради. Сўнг Яздинга қайтиб келган­ида, у ерлик аҳолининг ҳам бир гуруҳи у зот қўли­да қироат илмини мукаммал ўрганади. Ҳофизу-л-муқрийи-л-фозил Шам­сид­дин ибн Муҳаммад Даббоғ Бағдодий шулар жум­ла­сидандир.

Кейин Исфаҳонга сафар қилади. У ерда ҳам аҳолининг кўпчилиги у зотдан сабоқ олади. 808/1406 йили Рамазон ойида Шероз шаҳрига боради. Шероз султони Бир Муҳаммад у зотни ўз диёрида олиб қолиш мақ­са­ди­да унга қозилик вазифасини топширади. Шун­дай қи­либ, у ерда ҳам бир оз муддат қолади. Бундан кўпчилик яхши фойдаланиб, у зотдан қироат илми­ни ўрга­нади.

Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Басра орқали йўлга чиқади. Икки довон ошиб, Унайза шаҳрига етгач, Бани Лом аъро­бий­лари у зотни тутиб, бор нарсала­ри­ни тортиб олишади. Унайзага қайтиб, у ерда учта қироатга бағишлаб “Ад-дурра” (“Дур, марварид”) номли назмий асарини ёзади. Сўнг Аллоҳ таоло унга ҳаж ибодати амалини адо қилишни насиб этади. Ҳара­майн шарифайнда бир муддат истиқомат қилади. Шу муддат ичида ҳам кўпчилик у зотдан таълим олади. Қоҳира ва Яманга бир неча марта сафар қилади. Сафар давомида ўзи илм олиш билан бирга жуда кўп инсонларга қи­ро­ат, ҳадис ва бошқа илмлардан таълим беради.

Ибн Жазарийнинг устозлари кўп бўлиб, энг машҳурла­ри ­­қуйи­да­гилардир: Шайх Аҳмад ибн Иброҳим Таҳҳон (1303-1381), Қози Аҳмад ибн Ҳусайн Ҳанафий (1292-1378), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Соиғ (1305-1376), Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор (1299-1380), Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ (XIV аср), Ҳофиз Абулфидо ибн Касир (1302-1373), Шайхулислом Сирожиддин Булқийний (1324-1403) ва бош­қа­лар.

 Муҳаммад Жазарий замонасининг кўзга кўрин­ган олим­ла­ридан таълим олиш билан бирга ўзи ҳам кўплаб шо­гирд етиштирган. Уларнинг энг машҳурлари қуйидаги­лар: ўғли аллома Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад, Шайх Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Сулаймон Шерозий, Шайх Абу Бакр ибн Мусбиҳ Ҳамавий, Шайх Абдуллоҳ ибн Қутб Байҳақий, Шайх Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Хижозий, Шайх Хатиб Муъмин ибн Али  Румий, Шайх Юсуф ибн Аҳмад Хабаший, Шайх Али  ибн Иброҳим ибн Аҳмад Солиҳий ва бошқалар.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати