МУҲАММАД ИБН ЖАЗАРИЙ (1350-1478)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 25 حزيران/يونيو 2018 الزيارات: 2298

Қироат ва тажвид илмининг буюк олими, қори ва муҳаддислар устози, ўз замонасидан тортиб то бизнинг дав­римизгача қироат ва тажвид илмининг шайхи бўлиб келаётган бу зотнинг тўлиқ исми – Ҳофиз Му­ҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Жазарий Дамашқий Шерозий Шофиъий бўлиб, Ибн Жазарий номи билан машҳур. Ибн Жазарий  25 рамазон 751/1350 йили 30 ноябр, жума куни Дамашқда таваллуд топган.

Ибн Жазарий ўн тўрт ёшида Қуръонни ёд олган. Сўнг илм талаб қилишга юзланиб, қироат илмини Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор ва Аҳмад ибн Иброҳим ибн Таҳҳондан таълим ола бошлаган. 768/1367 йили ҳаж сафарига боради ва Мадинаи Мунаввара имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ Хатиб ҳузур­ларида қироатларни тажвид асосида ўқиб берган­. Кейин Қоҳирага бориб, Фахр ибн Бухорий, Димйотий каби алломалардан таълим олган. Искандарияга бориб, у ердаги олимларга қироат қилиб берган. Шу орада тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, балоғат, сарф ва наҳв каби илмларни сабоқ олиб, ўзлаштирган. 

Ҳадис ил­ми­­ни Имод ибн Касир ва Ироқийдан таълим олган. Фиқҳ илмини эса, Шайх Абдурра­ҳим Иснавий, Булқийний, Баҳо Сабкий каби фақиҳлардан, усул, маъоний ва баён илм­ла­рини Мисрда Шайх Зиёуд­дин Саъдуллоҳ Қазвиний ва бошқа­лар­дан ўзлаш­ти­рган. Вафо­ти­­дан олдин, 774/1373 йили шайхулислом, муҳаддис, муаррих Абулфидо Исмоил Ибн Касир, 779/1378 йили Шайх Зиёуддин, шу­нинг­­дек, 785/1384 йили шайхулислом Булқийнийлар у зотга фатво чиқариш­га рухсат беришган.

Умавийлар барпо этган жомеда қироат илмини мукам­мал ўзлаштириб, ўша жойдаги машҳур қорилар­га раис бўлган ва кўпчиликка қироат илмини ўргатган. Дамашқ­да Қуръони каримга бағиш­лаб “Дору-л-Қуръони-л-карим” номли мадраса бино қилган. 793/1391 йил­дан бошлаб Шом(Сурия)да бир неча йил қозилик қил­гани­дан сўнг, 798/1396 йили Рум (ҳозирги Туркия)га сафар қилиб, Бурса шаҳри­да Усмонийларнинг султони Боязид ибн Усмоннинг меҳмони бўлиб, шу ерда яшай бошлаган. Боязиднинг ҳурмат қилишининг бир сабаби шундаки, Ибн Жазарий Боязиднинг ҳузурига кираётган чоғида Дамашқда Қуръони каримни тиловат қилиб берган устозларидан бири Шайх Ҳожи номли олимга рўпара келиб қолади. Унинг иқдидорини билган Боязид, ҳурмат қилади, куниги юз дирҳам маблағ тайинлайди, бир неча от ва мулк тақдим этади.  

Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан имом у ер­да бир неча йил ис­ти­қо­мат қилиб, юрт аҳолисига қироат ва ҳадис илмидан таъ­лим берган. Ўша диёрда икки жилдли “Ан-нашр фи-л-қиро­оти-л-ашр” (“Ўн хил қироат ҳақида нашр”) номли асарини таълиф этган. 805/1403 йили Боязид билан Амир Темур ўртасида жанг бўлиб ўтганида, Боязид билан бирга Ибн Жазарий ҳам асрга тушади. Ибн Жазарийнинг иқтидорини билган Амир Темур у зотни Рум­дан Мова­ро­ун­­наҳр­ диёрига олиб келади. Кеш (ҳозирги Шаҳ­ри­сабз) шаҳри­да Соҳибқирон салтанати ости­да ҳаёт кечира­ди­. Кеш ва Самарқанд аҳолисининг бир жамо­а­си у зот­дан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат эҳтиром кўрсатган.

 Кешда Абдулқодир ибн Тилла Румий, Ҳофиз Боязид Ке­ший ва Ҳофиз Маҳмуд ибн Муқрийлар ундан ўн хил қироат илмини ўрганиб, қироатлар шайх­лари унвонини олишган.

Имом Муҳаммад Жазарий­ Румдан Самар­қанд­га келганида Соҳибқирон катта базм уюш­тира­ди­. Унга таклиф этилган амир ва зодагон­лар­га чап тараф­дан, олимларга эса, ўнг тарафдан жой ажратишни бую­ради. Имом Жазарийга эса уламо­лар­га ажратил­ган жойнинг олд қисмидан, аллома Сай­йид Шариф Журжо­нийдан юқо­ри­роқ­дан ўрин ҳозирлашга амр қилади­. Сабаби сўралганида, Со­ҳиб­­қи­­рон: “Китоб ва суннат билимдони бўлган зотни ҳурмат қилмай бўладими?!”, – дея жавоб берган экан[1].

 
САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати
 

[1] Тошкубри Зода. Аш-шақоиқу-н-Нуъмония фи уламои давлати-л-Усмония. – Байрут. Дору-л-китоби-л-арабий, 1975. – Б. 29.