ҲАЖ КИТОБИ (4-қисм)

| Print |
Category: Мунозара
Created on 25 June 2018 Hits: 4087

Лаббайка айтишнинг ҳукми

“Лаббайка”ни бир бор айтиш шарт. Бир мартадан зиёда қилиб айтиш эса суннатдир.

 

Эҳромда ман этилган ва макруҳ бўлган нарсалар

Эҳромга кирган киши ўзини жинсий алоқада бўлишдан, гуноҳ ишлар, ёмон сўзлар, уруш-жанжал, ерда ов қилиш, ов қилишга ишора қилиш ва унга далолат қилиш кабилардан эҳтиёт қилиши лозим.

Унга денгизларда ов қилиш мубоҳ.

Эҳром кийган одам тикилган кийим, салла, телпак, маҳси кийиш мумкин эмас.

Эҳромга кирган юзини ва бошини беркитмайди. Ёғ ва хушбўй нарсалар суртиш, соч олдириш, тирноқ қисқартириш, бўялган кийим кийишни тарк қилади.

Аммо рангланган кийимнинг ювилган бўлиши бундан мустасно.

Сочини ва соқолини хитмий билан ювмайди. Чунки хитмий хушбўй модда бўлиб, бошдаги ҳашаротларни ўлдиради.

Шунингдек, сочини тарамайди ва бошини силамайди, аммо бошида сочи бўлса, бошини юмшоқлик билан силаб қўяди.

 

Эҳромга кирган киши учун рухсат

 берилган нарсалар

Аммо эҳромдаги киши чўмилиши, ҳаммомга, ҳожатхонага кириши мумкин. Шунингдек, Байтуллоҳ, чодир ва замбилнинг соясидан фойдаланса, бўлади. Ҳамёнини, бошқа одамнинг пулига зарурат бўлмаслиги учун, белига боғлаб олса ҳам, жоиз.

 

Лаббайкани кўп айтиш

“Лаббайка” (“талбия”) намозлар кетидан, тепаликка чиққанда, пастликка тушганда ёки отлиққа йўлиққанда ҳамда саҳар пайтларида кўп айтилади. У баланд овозда айтилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Энг афзал ҳаж бақириш ва қон оқизиш”, – деган ушбу ҳадислари бунга далилдир.

 

Эҳромга кирган киши Макка шаҳрида энг

аввал қиладиган иши ҳақида

Маккага кирган инсон ибодатни тавофу-л-қудумдан бошлаб Байтуллоҳни етти марта тавоф қилади. Аммо тавофини Ҳатийм орқасидан қилади. Чунки Ҳатийм Байтуллоҳдан ҳисобланади. Аввалги уч тавофда рамл қилади.

Рамл – юрганда икки елкани ҳаракатга келтириб, саф ўртасида мағрур жангчи каби ҳаракаат қилишдир.

Қолган тавофларида сокин, тинч юради. Шундан кейин, Мақоми Иброҳимга келиб, икки ракаат намоз ўқийди. Сўнг Сафо ва Марва орасидаги икки яшил аломатга етганда, улар оралиғида югуради.

Сўнг, Марва тоғига етгунча яна секин юради. Унга чиқиб, Сафо тоғида нима қилган бўлса, шуни такрорлайди.

Сафодан Марвага юриш бир шавт ҳисобланади. Умумий ҳисобда етти марта шундай юради. Барча юришларни Сафодан бошлаб Марвада тугатади. Ҳар сафар икки яшил аломат ўртасида югуради.

Сўнг, Маккада муҳримлик ҳолида туради. Вақт топди дегунча, хоҳлаганича Байтуллоҳни, рамл ҳам, саъй ҳам қилмасдан, тавоф қилади. Шунингдек, ҳар бир тавофни икки ракаат намоз ўқиш билан тугатади. Чунки, тавоф ҳам намоз каби ибодатдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Байтуллоҳдаги тавоф намоздир. Намоз – яхши ибодат”, – деганлар.

 

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 183
ИБХИТМ Матбуот хизмати