БУРҲОНУДДИН НАФИС ИБН ЭВАЗ КИРМОНИЙ (ваф. тахм. 1438-48 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 19 حزيران/يونيو 2018 الزيارات: 2291

Мирзо Улуғбек даврида Самарқандга хорижий Шарқ мамлакатларидан бир қанча олимлар келиб, маҳаллий ҳамкасб дўстлари билан ҳамкорлик қилганлар. Табобат илмининг намояндаларидан бири Бурҳонуддин Нафис ибн Эваз Ҳаким Кирмоний бўлиб, у Эроннинг Кирмон шаҳрида туғилган. Туғилган санаси ҳақида манбаларда маълумотлар топилмади. 841/1438 йилдан кейин[1], баъзи манбаларда 852/1448 йил вафот этгани келтирилган. Кирмон шаҳрига нисбат берилиб Кирмоний дейилган.

Аллома дастлабки таълимини Кирмонда олган, кейин Самарқандга кўчиб келиб илмини ривожлантирган. Табиб оиласидан етишиб чиққан Бурҳонуддин Самарқандда ҳам табиблик касбини давом эттирган. У касалларни бевосита даволаш билан бир қаторда ўзи ҳам Ибн Сино (980-1037) ва Нажибуддин Самарқандий (ваф. 1222 й.) сингари табибларнинг ёзиб қолдирган асарларини ўқийди, ўрганади ҳамда ўз билимини шу китобларни мутолаа қилиш билан бойитади.

Аллома бу билан чегараланиб қолмай, машҳур ўзбек табиби Нажибуддин Самарқандийнинг “Ал-асбоб ва-л-аломот” (“Касаллик сабаблари ва аломатлари”) номли асарига “Шарҳу-л-асбоб ва-л-ало-мот” (“Касаллик сабаблари ва аломатлари шарҳи”) номи билан шарҳ ёзган. Самарқандда тугатилган бу шарҳни Бурҳонуддин 827/1424 йили Улуғбекка тақдим этган[2]. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ да (инв. № 2872), яна бошқа қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналарида, 35 дан ортиғи эса Туркиядаги кутубхоналарда сақланаётгани маълум. Асар 1836 йил Калькуттада, 1879 йил Лакҳнавда, 1905 йил Ҳиндистонда иккинчи жилди тошбосмада нашр этилган.

Нажибуддин Самарқандийнинг мазкур асари биз­гача етиб келганлиги маълум эмас. Аммо Бурҳонуддиннинг ана шу шарҳи туфайлигина “Ал-асбоб ва-л-аломот” номли асар ёзилганлиги маълум. Бу жиҳатдан ҳам шарҳнинг аҳамияти буюкдир.

Алломанинг яна бир бизгача етиб келган ва Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланаётган (инв. № 3320, 7636) қўлёзма асари “Шарҳу-л-муъжаз” (“Қисқартманинг шарҳи”) Шарқ табобати тарихини, айниқса, Ибн Синонинг ўзидан кейинги табибларга кўрсатган таъсирини ўрганишда катта ил­мий аҳамиятга эга. Асарнинг яна ўн учта қўлёзмаси Дамашқ, Ҳалаб, Байрут, Бағдод, Мосул, Теҳрон, Дублин, Барнстон, Лейден ва Лондон каби шаҳарларнинг кутубхоналарида сақланмоқда[3].

Бурҳонуддиннинг бу асари Алоуддин Али Абулҳазм Қарший (ваф. 696/1296 й.) томонидан Ибн Сино “Тиб қонунлари”асарининг қисқартмаси – “Муъ-жазу-л-қонун”асарига араб тилида ёзилган шарҳ бўлиб, у тўрт қисмдан иборат. Биринчи қисми назарий ва амалий та­бобат ҳақида. Иккинчи қисми оддий ва мураккаб дорилар ҳақида. Учинчи қисми бадан аъзоларининг айрим касалликларини аниқлаш ва даволаш ҳақида. Тўртинчи қисми бадан аъзоларининг барчасига умумий бўлган касалликларни аниқлаш ва уларни даволаш ҳақида. Бурҳонуддиннинг ўз олдига қўйган вазифаси “Муъжазу-л-қонун”даги унча тушунарли бўлмаган ўринларни изоҳлаш ва шарҳлашдан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам у асарни шарҳлашдан олдин Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” ва бошқа бир қанча эътиборли тиббий асарларни ўрганиб чиққан. Ҳожи Халифанинг ёзишича, “Муъжазу-л-қонун” шарҳларининг орасида мукаммали ана шу Бурҳонуддин тарафидан ёзилган шарҳдир[4].

Аллома, Ибн Сино “Тиб қонунлари” қисқартмасига ёзган бу шарҳини Улуғбек ҳузурида – Самарқандда тугатган ва 841/1438 йили май ойида Улуғбекка топширган. Лакҳнав (1855 ва 1895 йиллари), Теҳрон (1855 ва 1886 йиллари) каби шаҳарларда тошбосмада нашр эттирилган.

Алломанинг“Шарҳ куллиёт қонун ибн Сино” (“Ибн Сино қонуни куллиётига шарҳ”) асари Ибн Синонинг тиб қонунлари ҳақидаги асарига шарҳдир. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Вашингтондаги тиббиёт кутубхонасида сақланмоқда.

“Шарҳу-л-амрози-л-жузъия” (“Жузъий (майда) касалликлар шарҳи”) асари ҳам тиббиётга оид бўлиб, икки қўлёзма нусхаси Дамашқдаги “Аз-Зоҳирия” кутубхонасида сақланмоқда.

Бу истеъдодли олим ижодини чуқур ўрганиш, шарқ табобати тарихини ёритиш билан бир қаторда Темурийларнинг, айниқса, Улуғбекнинг хорижий Шарқ мамлакатлари билан қандай маданий-маънавий ва иқтисодий алоқада бўлганлигини билишда ҳам катта илмий аҳамиятга эга.

 
САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати

[1] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж. 2. – Байрут: Дору-л-фикр. –Б. 1899; Зириклий. Ал-аълом. Ж. 8. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б.44; Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 13. – Байрут: Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. 2009. – Б. 114; Истанбулнинг “Ҳамидия” кутубхонасида сақланаётган “Фиҳрис”.

[2] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж. 1. – Байрут: Дору-л-фикр.  – Б. 77.

[3] Iskandar A.Z. A Descriptive List of Arabeic Manuscripts on Medicine and Science of the University of Califonia Los Angeles.

[4] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж. 1. – Байрут. Дору-л-фикр. – Б. 77.