БИРЖАНДИЙ (ваф. тахм. 1526-28 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 13 حزيران/يونيو 2018 الزيارات: 2282

Улуғбек мактабининг кўзга кўринган намоянда-ларидан яна бири астроном ва математик, шунинг-дек, ҳанафий фақиҳларидан бири Абдулало ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биржандий Туркистоннинг “Биржанд” деган жойига нисбат берилган[1]. Унинг туғилган санаси ҳақида маълумотлар топилмади. Аллома 932/1526[2] ёки 935/1528[3] йил вафот этган. Маълумотларга қараганда, аллома Эроннинг Машҳад шаҳридаги “Қатлгоҳ” мақбарасига дафн этилган.

Унинг таржимаи ҳоли ҳақида етарли маълумот-лар йўқ. Академик Т.Н. Қори-Ниёзийнинг ёзишича, у Улуғбек мактабининг намояндаларидан Муинуддин-нинг ўғли Мансур Кошийнинг шогирди бўлган. Биржандийнинг илмий фаолияти унинг бизгача етиб келган илмий асарлари билан анча ойдинлашган. У қуйидаги асарларга муаллифлик қилган:

“Шарҳ Зижи Кўрагоний” (“Кўрагоний зижига шарҳ”) асари Улуғбекнинг астрономия жадвалига ёзилган мукаммал шарҳ бўлиб, Биржандий уни 929/1522 йили форс тилида ёзган. Бу шарҳни Биржандий ўз қўли билан ёзган, кўпгина шакллар чизилган, дастхат қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИда (инв. № 704) сақланмоқда.

Қозизода Румийнинг “Чағминий астрономик рисоласи”га ёзган шарҳларини изоҳлаган. Бу асар-нинг бир қанча қўлёзма нусхаси бизгача етиб келган бўлиб, жумладан, бир нусхаси Санкт-Петербург Шарқшунослик институтида (№126,2), яна бир нусхаси Саудия Арабистонининг “Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломийя” кутубхонасида сақланмоқда.

“Шарҳу-т-таҳрир Мажастий” (“Мажастий таҳ-ририга шарҳ”)ининг кириш қисмида ёзишича, Батлимуснинг (мил. аввал II асрнинг биринчи ярми) “Мажастий” номли асарини Носируддин Тусий (1197-1274) “Таҳриру-л-Мажастий” номи билан араб тилида баён қилган. Бу таҳрирда ва унга Низо-муддин Ҳасан Нисобурий (Нишопурий)нинг ёзган шарҳида кўпгина изоҳ талаб сирли, қоронғи истилоҳ ва иборалар борлиги учун Биржандий уни қайта шарҳ қилган. Араб тилида қилинган Биржандий шарҳининг бир нусхаси Беруний номидаги Шарқ-шунослик институтида (инв. №464) сақланмоқда.

“Шарҳи китоби бист боби устурлоб дар маърифати аъмол устурлоб” (“Устурлоб ишларини билиш ҳақида йигирма бобли устурлоб китобига шарҳ”) асарида аллома устурлоб (астролябия)ни батафсил шарҳлаб, уни астрономиянинг турли масалаларига қўллаш лозимлигини баён этган. Бу асар бир неча қўлёзма нусхада бизгача етиб келган бўлиб, улардан бири ЎзР ФА ШИда (инв. № 1854) сақланмоқда.

“Рисола дар маърифати тақвим” (“Йил ҳисоби ҳақида рисола”) асари форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, астрономия ҳақида ёзилган рисоланинг ягона нусхаси Оксфордда сақланмоқда[4].

“Шарҳу-н-ниқоя мухтасари-л-виқоя” асари Сад-рушшариъанинг асарига шарҳдир. Асарни Қосим ибн Қутлубғо (ваф. 879/1474 й.) ёза бошлаган, 932/1526 йил Биржандий Истанбулда ёзиб тугатган. Асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари Саудия Арабистонининг “Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломийя” кутубхонасида (инв. № в/12079-12075ب, 13812, 13582-13576ب) сақланмоқда.

Шунингдек, математикага оид “Шарҳул-л-фаво-иди-л-баҳийя” (“Чиройли фойдаларнинг шарҳи”), усулга оид “Шарҳу-л-манор ли-н-Насафий” (“На-сафийнинг Ал-манорига шарҳ”), Носируддин Тусий-нинг “Тазкира” асарига ёзган шарҳи “Шарҳу-т-тазкира”ларни таълиф этган.

 
САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Ўша манба. – Б. 30.

[2] Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 5. – Байрут: Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий, 2009. – Б. 266.

[3] Зириклий. Ал-аълом. Ж. 4. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 30.

[4] Абдуллаев И. Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.: Фан, 1969. – Б. 63.