АЛИ ҚУШЧИ (1404-1474)(2-қисм)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 11 حزيران/يونيو 2018 الزيارات: 2089

1451 йили бир вақтлар Улуғбек тарбиясида бўлган Темурийлардан Султон Абу Сайд Самарқанд тахтини эгаллади. У Улуғбекнинг яқинларига, жумладан, Али Қушчига ҳам ҳомийлик қилди. Бу даврда Самарқанддаги маданий ҳаёт бирмунча тартибга келди. Шу даврда Али Қушчи Носируддин Тусийнинг “Тажрид” номли китобига илгари ёзган шарҳини тугатиб, Султон Абу Саъидга тақдим қилди.

Али Қушчи бир неча илмий рисолалар ёзди ва Улуғбек мактабининг энг ёрқин намояндаси сифатида катта обрў-эътибор орттирди.

У Носируддин Тусийнинг “Зиж”ига ёзган шарҳини Султон Абу Саъидга тақдим этганида саройда тантанали равишда қабул қилинади ва унга 50 минг динор ҳадя этилди. Кўп ўтмай таъқиблардан қочиш учун Али Қушчи Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Дастлаб Кармана ва бошқа шаҳарларда яшайди. Бу даврга келиб Туркия султони Муҳаммад II, яъни Султон Муҳаммад Фотиҳ (1429-1481) тараққийпарвар шаxс бўлиб, ўз атрофига замонасининг етук олимларини тўплаётган эди. У Али Қушчининг довруғини эшитиб уни Туркияга таклиф қилади. Али Қушчи Султон Муҳаммад II таклифига биноан Туркияга боради. Бу воқеа тўғрисида олим ўз рисолаларида шундай ёзади: “Султон мени қабул қилганида унинг таклифидан мен билан сўзлашиш нияти бор эканлиги яққол кўриниб турарди. Султон мендан унга атаб илми риёзиётдан китоб ёзишимни сўради. Мен Султондан табиий фанларга муҳаббат борлигини сездим ва қисқа вақт ичида илми риёзиётдан кичик китоб ёздим”. Олим Султон шарафига атаб “Китобу-л-Муҳаммад” деб номланган риёзиётга оид рисолани ёзди ва унга тақдим этди. Бу иши учун у мукофот тариқасида ҳар ойда 200 дирҳам пул оладиган бўлди.

Али Қушчи 1472 йилда Истанбулдаги Аё София (ибодатхона бўлган Муҳаммад II масжид ва таълим муассасига айлантирган) мадрасасига бош мударрис қилиб тайинланган. У шундан сўнг риёзиёт, фалакиёт, адабиёт, мусиқа ва бошқа фан соҳаларидан рисолалар ёзади. Бу қисқа вақт ичида кўплаб шогирдлар етиштириб чиқаради. Али Қушчи, унинг шогирдлари ва авлодларининг Туркияда астрономик илмий мактаблар яратишдаги xизмати яxши маълум. У “Зижи Кўрагоний” асарини кўп нусxада кўпайтирди ва турк тилига таржима қилди. Бугунги кунда ўша “Зиж”нинг Али Қушчи дасxати билан тўлдирилган нусxалари деярли барча кутубxоналарда сақланади.

Али Қушчининг буюк xизматларидан яна бири шундаки, у агарда Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асарини Туркияга олиб келиб турк тили ва бошқа тилларга таржима қилиб тарқатмаганда эди “Буюк географик кашфиётлар” бу даражада аҳамиятли бўлмас эди. Чунки XVI-XVII асрларда янги денгиз йўллари кашф қилинаётган вақтда юлдузларнинг аниқ жадвалига эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган. Бу “Буюк географик кашфиётлар” натижасида Xристофор Колумб, Америго Веспуччи, Магеллан ва бошқа сайёҳлар инсониятга маълум бўлмаган географик ҳудудларни кашф қилган. Айнан шу даврга келиб Мирзо Улуғбек юлдузларни аниқ жадвалини тузишга муваффақ бўлган эди. Бу асар “Зижи Кўрагоний” бўлиб, у Али Қушчининг xизматлари ўлароқ бутун дунёга тарқалган эди.

Али Қушчининг бизгача ўттизга яқин асари етиб келган. Жумладан, унинг “Ал-имтиҳон фи илми-л-баён” (“Баён илми борасида имтиҳон”), “Шарқи Мифтоҳи-л-улум Тафтазоний” (“Тафтазонийнинг “Мифтоҳу-л-улум”ининг шарҳи”), “Рисола дар илми ҳайъа” (“Астрономия илми ҳақида рисола”) асари форс-тожик тилида ёзил­ган бўлиб, унинг бир нусхаси ЎзР ФА ШИда (инв. №3356) сақланмоқда. “Рисола дар илми ҳайъа” Абдулла Афанди  (ваф. 1571 й.) томонидан турк тилига таржима қилинган.

“Рисолайи фатҳия” (“Ғалаба рисоласи”) асарида турли воқеалар, жумладан, Муҳаммад Фотиҳнинг 1472 йили Узун Ҳасан билан қилган жанги ва унинг устидан қозонган ғалабасини шарҳлайди. Бу рисолага машҳур турк олими Мирам Чалабий шарҳ ёзган.

“Рисолайи Муҳаммадия” (“Муҳаммад рисоласи”) форс тилида ёзилган бўлиб, ҳинд математикаси ва астрономиясига бағишланган. Бу асарни Али Қушчи араб тилига таржима қилган. Олим бу аса­рини Самарқандда ёзган ва Истанбулда бўлган вақтида уни Муҳаммад Фотиҳга тақдим қилган. Рисоланинг форсча бир қўлёзмаси ЎзР ФА ШИ да (инв. №3356) сақланмоқда.

“Маҳбубу-л-ҳамоил фи кашфи-л-масоил” (“Масалаларни ечишда қўлланиладиган мақбул ён дафтари”) номли асарида 20 га яқин фанлар (астрономия, математика, фалсафа, тарих, география, грамматика, стилистика, тафсир, ахлоқ ва шунга ўхшаш)нинг моҳияти кўрсатилган. Айтишларича, Али Қушчи бу асарини ҳамма вақт ўзи билан бирга олиб юрган. Булардан ташқари, олимнинг ўз давридаги фанларнинг таснифи ҳақида “Рисола фи мавзуоти-л-улум” (“Илмларнинг мавзулари ҳақида рисола”) номли асарни ёзганлиги ҳам маълум.

Шундай қилиб, Али Қушчи XV асрда Самарқандда туғилиб камол топган, илмий асарларини араб ва форс тилларида ёзган буюк олимдир. У астро­номия, математика, география, геометрия, фалсафа, тарих ва тил каби фанларни мукаммал эгаллаган устоз ва бу фанларни ўрганишни тарғиб ва ташвиқ қилган маърифатпарвар мутафаккир ва зиёли киши бўлган[1]. Юртимизнинг буюк математик ва астрономларидан бири Али Қушчи 879/1474 йили Туркияда вафот этган[2].


САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати

[1] Абдуллаев И., Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.:  Фан, 1969. – Б. 57-61.
[2]  http://www.alukah.net/library/0/84298/