АЛИ ҚУШЧИ (1404-1474)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 06 حزيران/يونيو 2018 الزيارات: 2455

ХV асрда илмий фаолият кўрсатган фақиҳ, математик ва астроном олимнинг тўлиқ исми – Алоуддин Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Самарқандий бўлиб, Улуғбек саройида овчи, қушларга қаровчи Муҳаммад исмли кишининг ўғли бўлганлиги учун унга Қушчи лақаби берилган[1]. Али Қушчи отасидан етим қолганидан сўнг Улуғбекнинг тарбиясида бўлган.

Аллома 806/1404 йили Самарқандда туғилган. Отаси Мулло Муҳаммад темурийлар хонадонига яқин бўлиб, кўп вақт Шоҳруҳ (1409-1447) саройида хизмат қилган. У ов қушларига қарайдиган ходимларга бошлиқ бўлган.

Али Қушчи отаси сингари ёшлигидан овга қизиқади, Улуғбекнинг қарчиғайларини тарбия қилади ва ниҳоят моҳир овчи бўлиб етишади. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Қушчининг ўғли Али “Қушчи” деган лақаб билан танилган. Али Қушчи қуш боқиш ва ов қилиш билан чегараланиб қолмасдан, Улуғбек саройида ҳалол хизмат қилиши, илм-фанга бўлган ихлоси Улуғбекда Алига нисбатан муҳаббат уйғотган. Бу муҳаббат шу даражада кучли бўлган эдики, Улуғбек Алини “ўғлим” деб атаган ва олим бўлиб камолотга етишида оталиқ вазифасини ўтаган.

Али Қушчи Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний каби илм осмонининг юлдузлари яратган асарларни, астро­номия, математика ва табобатга оид китобларни қунт билан ўқиб, ўрганди. Бошланғич билимларини Самарқанд олимларидан, математика ва астрономияга оид билимларини эса Қозизода Румий ҳамда Улуғбекдан олди.

Али Қушчи Самарқанд мадрасасини битиргач, Улуғбекнинг рухсати билан бир неча йил Эроннинг Кирмон вилоятида истиқомат қилди ва ижод этди. Бу ердаги олимлар ва шоирларнинг илмий мажлисларида иштирок этиб, кўпгина китобларни мутолаа қилди, шарҳлар ва мустақил асарлар ёзди. Жумладан, Али Қушчи у ерда Носируддин Тусийнинг “Таж-рид” номли асари­га шарҳ ва “Рисолайи ашколи-л-қамар” (“Ойнинг шакллари ҳақида рисола”) номли асарини ёзди. Мазкур “Тажрид”га ёзилган шарҳнинг бир нусхаси ЎзР ФА ШИда (инв. №5896/1) рақам остида сақланмоқда.

Али Қушчи фақатгина астрономия илми билан чекланмасдан фалсафага оид асар ҳам ёзган. Бу соҳадаги олимларнинг фикрича, ўшанда 15 ёшга кирган Али Қушчининг фалсафага оид рисоласи ҳудди шу муаммога бағишланган XIII асрнинг таниқли олими Носируддин Тусийнинг рисоласидан ўзининг кенг қамровли ва чуқур тадқиқоти билан ажралиб туради.

У Улуғбек обсерваториясини лойиҳалаштириш ва қуришда, уни замонасининг энг яxши асбоблари билан жиҳозлашда фаол қатнашиб, жонбозлик кўрсатди. Бевосита юлдуз ва сайёралар ҳаракатини кузатди, илми фалакиётга тегишли ҳисоблашларни бажарди. Оқибатда соҳада катта ютуқларни қўлга киритди. Улуғбек унга тўлиқ ишонган ва ҳатто, уни 1438 йили Xитойга элчи сифатида жўнатган.

Аллома сафардан қайтгач, Xитой тариxи ва жўғрофияси ҳақида “Xитойнома” ёкиТарихи хоқони Чин” (“Чин хоқонининг тарихи”) асарини ёзган. Мазкур асар XVI асрнинг охирларида турк тилига таржима қилинган, лекин таржимоннинг номи аниқ эмас. Унинг иккинчи тўлиқ бўлмаган туркча таржимаси 1863 йили Истанбул­да нашр қилинган. Бу асарнинг айрим қисмлари 1851 йили Флишер томонидан немис тилида, 1876 йили эса Зенгер томонидан француз тилида нашр этилган.

 Али Қушчи 1425 йили “Рисола фи-л-ҳисоб” (“Ҳисоб ҳақида рисола”) асарини ёзади. Бу асар мадрасаларда ўқув қўлланма тарзида қўлланилган.

Улуғбек расадхонасини қуришда ва унда олиб борилган кейинги кузатиш ишларида Али Қушчи фаол иштирок этган. Куҳак тепалигида қурилаётган расадхонанинг томи ёпилмасданоқ Қозизода Румий, орадан кўп ўтмай Ғиёсуддин Жамшид вафот этди. Бу ҳол Али Қушчи ва унинг устози Улуғбек учун оғир жудолик бўлди. Шу даврдан бошлаб расадхонани қуриш ва уни зарур кузатиш асбоблари билан жиҳозлаш каби барча ишлар Улуғбекнинг зиммасига тушди. Али Қушчи бу ишда ҳам устози Улуғбекнинг содиқ ёрдамчиси бўлиб қолди.

Расадхона битгач, у жой катта бир илм ўчоғи ва тажриба майдонига айланди. Унда юздан ортиқ илм аҳллари астрономия ва математика каби аниқ фанлар­ни ўрганиш билан банд бўлдилар. Бу олимлар расадхона ҳузуридаги икки катта кутубхона (бири расадхонага қарашли, иккинчиси, Улуғбекнинг шахсий мулки)дан бемалол фойдаланар эдилар. Улуғбек расадхонаси Ўрта Осиёда астрономия фанининг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшди.

Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг расадxона ишлари тўлиқ Али Қушчи зиммасига тушди. Улуғбекнинг Самарқанддаги машҳур кутубxонаси хавф остида қолади. Ривоятларга кўра, Али Қушчи кутубxонадаги китобларни кўп қисмини Самарқанд яқинидаги Ҳазрати Башир қишлоғига кўчирган.

 
САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Зириклий. Ал-аълом. Ж. 6. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 9.