ОЛИМ ВА ПРОФЕССОРЛАРНИНГ УЧРАШУВ ЖОЙИ САМАРҚАНД БЎЛДИ

| Print |
Category: Янгиликлар
Created on 04 June 2018 Hits: 2794

Туркиянинг Dirilispostasi.com номли интернет нашрида жорий йилнинг 4 июн куни бир гуруҳ туркиялик профессор ва докторлардан иборат делегациянинг Самарқандга, хусусан, муҳтарам Юртбошимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2017 йил 27 апрелда таъсис этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига қилган ташрифлари ҳақидаги хабар юқоридаги мавзу билан эълон қилинди.

Хабарда келтирилишича, делегация аъзолари илк бор ислом тарихининг буюк намояндаларидан бири – Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган мажмуага ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Самарқанд вилояти Бош имом-хатиби З. Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов ва марказ илмий ходимлари кутиб олдилар.

Зиёратдан сўнг делегация аъзолари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, Марказ Қўлёзма ва тошбосма фонди билан танишдилар.

Мармара Университетининг илоҳиётшунослик профессори Неждет Тосуннинг айтишича, у Ўзбекистонга бир неча марта илмий тадқиқотлар учун келган ва бу ердан етишиб чиққан олимларнинг қолдирган бой илмий мерослари бутун дунёни ҳайратда қолдирди.

Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида Ўзбекистон ва Туркия илмий тадқиқот олимлари ўртасида музокаралар ўтказилди. Марказ директори Ш. Зиёдов туркиялик делегатция аъзоларини мақаддас Рамазон ойидаги ташрифи билан табриклади ва марказ фаолияти билан таништирди.

Ибн Халдун университети ректори, профессор Режеп Шентурк ўз нутқида Ўзбекистонда яқин келажакда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Имом Бухорий симпозиуми ўтказилиши ҳақида таъкидлади.

Истанбулнинг Сабаҳаттин Заим университети ректори Меҳмет Булут Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қўлёзмалар фонди таркибида сақланаётган асарларнинг аҳамияти катта эканлигини ва бу ёзувларни илмий тадқиқотларда қўллаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Кастамону университети ректор ўринбосари Доктор Али Рафет Озкан эса ўз нутқида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Кастамону Университети ўртасида илмий алоқалар бошланганлигини мамунияният билан таъкидлади.

Истанбул университети илоҳиёт факультети профессори, Доктор Муртазо Бедир сўзга чиқиб, Ўзбекистонда мавжуд кўплаб ўрганилмаган қўлёзмаларни излаш, каталоглаш ва олимлар учун тақдим этиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув охирида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Ибн Халдун университети, Сабаҳаттин Заим университети, Кастамону университети ва Истанбул университлари ўртасида таълим ва илм-фан соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

 

ИБХИТМ илмий котиби
Отабек Муҳаммадиев