Видеолавҳалар
Харита
Марказимиз китоблари
Фотогаллерия
Меҳмонлар

Mehmonlar

Яндекс.Метрика

МИРЗО УЛУҒБЕК (1394-1449)

Created on 30 May 2018 Hits: 2868

Муҳаммад Тарағай (Улуғбек) машҳур давлат арбоби ва буюк олим бўлган. Академик В.В. Бартольд (1869-1930) Улуғбекка баҳо берар экан, тахт эгаси бўлган олим, мусулмон дунёси унгача бундай кишини кўрмаган, деб айтган эди. Ҳақиқатан ҳам Улуғбек халқ бошига турли-туман мусибатларни келтирувчи, инсонлар қўли билан неча ўн йиллар давомида яратилган фан ва маданият ўчоқларини хароб қилувчи талон-торождан иборат бўлган урушлардан кўра, халқнинг нисбатан тинч яшаши, унинг илм-маърифатининг ошиши, фан ва маданият тараққиётини кўзлаган давлат арбо­би ва буюк олим эди.

Улуғбек 796/1394 йили 19 жумадул аввал/22 мартда туғилган. Отаси Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо эди. Улуғбек Темурнинг барча ўғиллари ва набиралари каби ёшлигидан илм ўрганади. Уч ёшлик Улуғбекни тарбия қилиш учун машҳур олим ва шоир, бир қанча асарларнинг муаллифи Шайх Ориф Озарий (1382-1462) тайинланган эди. У Улуғбек билан тўрт йилга яқин бирга бўлиб, уни тарбиялайди, ўқитади. Улуғбек ўзининг бу биринчи устозини шундай эсида сақлаб қолган эдики, 46 йилдан кейин Исфароинда сайёр дарвиш кийимида юрган устозини бемалол танийди. Улуғ­бек билан ҳамкорлик қилган улуғ астроном олимлар Қозизода Румий (ваф. 1413 й.) ва Ғиёсуддин Жамшид (1380-1429) ҳам унинг устозларидан бўлганлар.

Улуғбек 1427 йилдан сўнг ҳарбий ишлар билан шуғулланмай, бутунлай илмга берилиб кетади. 1417-1420 йиллар мобайнида Самарқандда қурилган Улуғбек мадрасаси биринчи маданият ўчоғи бўлган. Унда диний фанлардан ташқари дунёвий фанлар ҳам ўқитила бошланган. Улуғбек бу мадрасага астрономия фанидан биринчи ўқитувчи қилиб Қозизода Румийни тайинлаган. Ўша вақтларда Самарқандда яшаган Абдурраззоқ Самарқандий (1413-1482) Регистонда Улуғбек мадрасаси ёнида Улуғбек томонидан хонақоҳ қурдирилганлигини ёзади. Бобур эса мадраса билан хонақоҳдан жануброқда Улуғбек масжид ҳам қурдирганлигини ёзади. Баъзи олимларнинг фикрича, Улуғбек расадхонаси қурилгунгача юлдузларни кузатиш иши шу хонақоҳ ва масжидда олиб борилган.

XV асрда Мовароуннаҳрда фан тараққиётининг маркази бўлган Улуғбек расадхонаси Улуғбек бошчилигида Қозизода Румий (ваф. 1413 й.),  Ғиёсуддин Жамшид (1380-1429), Муинуддин Кошифий (XIV аср охири – XV аср боши), Али Қушчи (1404-1474) ва Саид Имодуддин Насимий (тахм. 1369-1417) каби астроном ва математик олимларнинг маслаҳати ҳамда бевосита иштирокида Куҳак деган тепалик устида қурилган. Бу расадхонада бизнинг давримизгача илмий қийматини сақлаб келаётган, ўз даврига нисбатан ажойиб “мўъжиза” ҳисобланган “Юлдузлар жадвали” тузилди. “Зижи Кўрагоний” ёки “Зижи Улуғбек” деб аталган бу жадвалда 1018 та юлдузлар ўрни кўрсатилган. Бу асарнинг битта қўлёзма нусхаси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. № 2214) сақланмоқда.

“Юлдузлар жадвали” асари кириш ва асосий қисми жадваллардан иборат. Кириш ўз навбатида тўрт қисмга бўлинади. Биринчи қисм турли Шарқ халқлари томо­нидан қабул килинган йил ҳисобига, иккинчиси – амалий астрономия масалаларига, учинчиси – сайёралар назариясининг баёнига ва унча катта бўлмаган тўртинчиси – астрономияга бағишланган. Улуғбекнинг бу жадвали 1665 йили Оксфордда (Англия,) 1767 ва 1843 йиллари Лондонда, 1853 йили Парижда, 1917 йили Америкада нашр этилган. Улуғбек географик жадваллар ҳам тузган бўлиб, 1652 йили Лондонда Носируддин Тусийнинг (1197-1274) географик жадваллари билан бирга нашр этилган.

“Зижи Улуғбек” муаллиф яшаган даврдаёқ Шарқ астроном олимлари ўртасида кенг тарқалган машҳур ва мақбул асар эди. Бу “Зиж”ни астроном олимлар ўрганибгина қолмай, ундан фойдаланишни енгиллаштириш ва бошқа соҳа олимларига ҳам тушунарли бўлиши учун унга шарҳлар ёзганлар. Шундай шарҳлардан бирини Али Қушчи (1404-1474), иккинчисини эса Абдулало ибн Муҳаммад Биржандий (ваф. 1526-28 й.) ёзган. Биржандий форс-тожик тилида ёзилган бу асарига “Шарҳи Зижи Кўрагоний” (“Кўрагоний зижига шарҳ”) деб ном берган. Бу шарҳнинг 929/1522 йили муаллиф томонидан ёзилган ва бир қанча шакллар чизилган ноёб дастхат нусхаси ЎзР ФА ШИда (инв. №704) сақланмоқда.

Улуғбек “Зиж”ининг муваффақиятли чиқишидаги асосий омиллардан бири Самарқанд расадхонаси ва ундаги астрономик асбоблар эди. Бу масаланинг таҳсинга сазовор ўринларидан бири шуки, “Юлдузлар жадвали”ни тузиш учун дастлаб муаллифнинг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида Самарқанд расадхонаси қурилди, сўнг унга асбоблар ишланди ва ниҳоят кузатишлар олиб борилди. “Зиж”нинг ёзилишгача бўлган ана шу машаққатли ва фахрли йўлни босиб ўтиш жараёнида Улуғбек астрономия мактаби вужудга келди.

Бу мактаб кўплаб истеъдодли астроном ва математикларни етиштирди. Унинг таъсирида Шарқ мамлакатларида, жумладан, Ҳиндистонда расадхоналар бино қилинди. Уларда астрономик кузатишлар олиб борил­ди ва кузатишлар самараси ўлароқ янги илмий асарлар яратилди.

Улуғбек астрономиядан ташқари геометрия, тригонометрия ва математика билан шуғулланган. У ўзининг илмий текшириш ишларида ўз билими ва кузатишларига асосланибгина қолмай, Афлотун (мил. авв. 428-347), Арасту (мил. авв. 384-332) каби юнон олимлари, Аҳмад Фарғоний (797-865), Абу Наср Форобий (873-950), Абу Райҳон Беруний (973-1048), Абу Али ибн Сино (980-1037), Муҳаммад Хоразмий (783-850) ва шуларга ўхшаш ўзидан олдин ўтган олимларнинг асарларига суянган. Масалан, Улуғбек “Юлдузлар жадвали”ни тузишда Берунийнинг “Қонуни Масъудий” асаридан фойдаланган.

Улуғбек аниқ фанларни ўрганиш ва уларга ҳомийлик қилиш билан чегараланиб қолмасдан тарих, адабиёт, мусиқа ва шеърият билан ҳам қизиққан, шеърлар ёзган[1], мусиқашунос сифатида янги куйлар яратган, шоир ва ёзувчиларга ҳомийлик қилиш йўли билан ўзбек ва тожик классик адабиёти тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган[2].

Улуғбек Марказий Осиё халқлари тарихига оид “Улус арбаъайи чингизий” номли асарнинг ҳам муаллифидир. Бу асарнинг Британия музейида сақланаётган қисқартма бир қўлёзма нусхасини полковник Мейлс 1838 йили Лондонда “Шажарату-т-турк” номи билан инглиз тилига таржима қилиб нашр қилдирган.

 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати
 

[1] Алишер Навоий. Мажолису-н-нафоис (танқидий матни). – Т.,  1961, – Б. 199.

[2] Рустамов Э.Р. Узбекская поэзия в первой половине XV в., – М., 1963. – С. 29-35.

Add comment


Security code
Refresh

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР
Кўп ўқилган
Имом Бухорий сабоқлари журнали
Янгиликлар
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:5433

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:5449

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:5543

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:5584

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:5287

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:5610

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:4611

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:4563

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:3816

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...