حدثني إسحاق عن جرير عن أبي حيان عن أبي زرعة عن أبي هريرة رضي الله عنه : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم كان يوما بارزا للناس إذ أتاه رجل يمشي فقال يا رسول الله ما الإيمان ؟ قال (الإيمان أن تؤمن بالله وملائكته ورسله ولقائه وتؤمن بالبعث الآخر) . قال يا رسول الله ما الإسلام ؟ قال (الإسلام أن تعبد الله ولا تشرك به شيئا وتقيم الصلاة وتؤتي الزكاة المفروضة وتصوم رمضان) . قال يا رسول الله ما الإحسان ؟ قال: (الإحسان أن تعبد الله كأنك تراه فإن لم تكن تراه فإنه يراك) . قال يا رسول الله متى الساعة ؟ قال: (ما المسؤول عنها بأعلم من السائل ولكن سأحدثك عن أشراطها إذا ولدت المرأة ربتها فذاك من أشرطها وإذا كان الحفاة العراة رؤوس الناس فذاك من أشراطها في خمس لا يعلمهن إلا الله {إن الله عنده علم الساعة وينزل الغيث ويعلم ما في الأرحام }). ثم انصرف الرجل فقال (ردوا علي) . فأخذوا ليردوا فلم يروا شيئا فقال (هذا جبريل جاء ليعلم الناس دينهم)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни одамлар билан суҳбатлашиб турган эдилар. Бир нотаниш киши қошларига келиб, Расулуллоҳ с.а.в.га: “Эй Расулуллоҳ! Имон нима?” — деб сўради. “Имон Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга ишонишингдир”, — дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Ислом нима?” — деди. “Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур”, — деб жавоб қилдилар. “Эй Расулуллоҳ! Эҳсон нима?” — деди. “Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди”, — дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Қиёмат қачон бўлади?” — деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Бу ҳақда сўралувчи киши сўрагувчидан билимдонроқ эмас, лекин сизга қиёматнинг аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадур: “Аёл ўз эгасини (яъни, гапига итоат қилмайдиган, аксинча ўзига буйруқ қиладиган фарзандлар) туғса, бу қиёмат белгиларидандир, агар яланғоч одамлар элга бошлиқ бўлсалар, бу қиёмат белгисидир. Бешта ғойибий (сир) нарса бор, уларни фақат Аллоҳ билур; “Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир.”[1]”, — дедилар. Кейин, ҳалиги киши қайтиб кетди. Жаноб Расулуллоҳ: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!”, –дедилар. Саҳобалар уни орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ: “Бу Жаброил алайҳи-с-салом эдилар, одамларга динларини ўргатиш учун келган эдилар”,[2] – дедилар.
Бошқа ривоятларда “Бу Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келган эди.” – лафзи билан келтирилган. Имом Бухорий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳамма нарсаларни иймондан деб ҳисобладилар”[3].
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу ҳадис зоҳирий ва ботиний ибодатларни, амалларга зарар берувчи офатлардан қандай сақланишга бўлган ишоротларни ва иймон, эътиқод ҳамда ихлос ақидасини ўзида мужассам этган. Ҳатто шариати Исломнинг барча рукнлари ушбу ҳадис замирига билвосита бириктирилган, десак муболаға бўлмас. Ислом уламолари бу ҳадис ҳақида шундай дейдилар.
Имом Нававий: “Бу ҳадис илму маърифат, одобу латофатлардан бир неча турини қамраб олгандир. Балки, бу ҳадис диннинг аслидир.” – дедилар.
Имом Қуртубий: “Бу ҳадис ўзида суннатнинг жумла илмини ифода этганлиги учун уни “Суннат она”си[4] деб айтилса тўғри бўлади,” – деди.
Ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар: “Қуръон маъноларини ўзида жамлагани учун Фотиҳа сураси "Умму-л-Қуръон" - "Қуръон онаси" деб номланганидек, бу ҳадис ҳам "Суннат онаси"дир.”
Ибн Ражаб дейди: “Бу ҳадис диннинг ҳар бирини шарҳини ўзида мужассам этгандир. Шунинг учун Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келганди” дедилар. Расулуллоҳ с.а.в. ислом дини даражаларини, иймоннинг даражаларини ва эҳсоннинг даражаларини шарҳлаб берганидан кейин мана шуларнинг барчаси дин эканлигини уқтирдилар.”
Шунингдек, мазкур ҳадис воқеъ бўлганда Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида ўтирган – Абу Ҳурайра, Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Зарр, Анас, Ибн Аббос, Абу Омир Ашъарий ва Жарир (улардан Аллоҳ рози бўлсин.) каби кўпчилик саҳобийлар томонидан ривоят қилинган бўлиб, даражаси мутавотир, яъни Расулуллоҳ с.а.в.дан кўпчилик ривоят қилган саҳиҳ ҳадис даражасига мансубдир.
Ҳадиснинг умумий маъноси
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпчилик билан суҳбатлашиб турган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим саҳобалар даврасида ёки ҳамроҳлигида, ёки назарларида бўлган. Дунё олимлари орасида “Бу дунёда Муҳаммад с.а.в.дан бошқа сири бўлмаган киши йўқдир,” деган эътироф мавжуд. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки, саҳобалар динга ва шариат илмига ўта ҳарис ва чанқоқ эканлигидан Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бирор сўзи, ҳаракати ва ҳатто ишораларини ҳам назардан четда қолдирмаганлар. Саҳобалар доим у зотнинг суҳбатларидан баҳра олишга ҳаракат қилишар ва у зотни давра бўлиб ўраб олиб, динни, шариат аҳкомларини, Қуръон оятлари ҳамда тафсирларини, иймон-эътиқод ва ибодатга оид маълумотларни, дунё ва охиратга оид кўрсатмаларни олишар эди. Ана шундай одатий кунларнинг бирида Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига нотаниш бир киши келиб:
“Эй Расулуллоҳ! Имон нима?” — деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.:
“Имон Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга ишонишингдир”, — дедилар.
Иймоннинг луғавий маъноси ишониш, тасдиқ қилиш. Шаръий маъноси; имон – Аллоҳ таолонинг бирлигига, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қазою қадар – тақдирга ҳамда унинг яхшилигию ёмонлигига қалб билан ишониш ва тил билан иқрор бўлишдир.
“Эй Расулуллоҳ! Ислом нима?” — деди.
“Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур”, — деб жавоб қилдилар.
Исломнинг луғавий маъноси - Аллоҳ таолога бўйсуниш, таслим бўлиш. Шаръий истилоҳда эса, Ислом қуйидаги беш устун устида бино қилинган диндир:
Мазкур ҳадисда Исломнинг бешинчи устуни – Ҳаж амали келтирилмаган. Аммо, айнан шу маънодаги бошқа санад билан ривоят қилинган мутавотир ҳадисларда ҳаж амали Ислом динининг бешинчи устуни эканлиги баён этилган.
“Эй Расулуллоҳ! Эҳсон нима?” — деди.
“Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди”, — дедилар.
Эҳсонннинг луғавий маъноси яхшилик қилишдир. Инсон ўзи масъул бўлган ва масъул бўлмаган иш-вазифани, хоссатан ибодатларни чин ихлос ила пухта ва мукаммал бажариши ҳам эҳсон саналади. Пайғамбар с.а.в. ибодатдаги эҳсонни қандай бўлишлигини ушбу ҳадис орқали биз умматларга аниқ, лўнда ва чиройли тарзда баён қилиб бердилар. Шу ўринда мўмин-мусулмонлар шуни унутмаслиги лозимки, ниятнинг софлиги ва холислиги сабаб оддий ишлар ва амаллар ҳам ибодат даражасига етади ва ўз соҳибига улкан савобларни келтиради. Аммо, ниятнинг нохолислиги ила бажарилган ибодатлар эса одатга айланиб қолиб, натижада ҳеч қандай савоб ҳосил бўлмаслиги мумкин. Пайғамбаримиз с.а.в. ушбу ҳадислари билан умматни ибодатда ҳушёр бўлишга, бепарво бўлмасликка чақирадилар.
“Эй Расулуллоҳ! Қиёмат қачон бўлади?” — деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Бу ҳақда сўралувчи киши сўрагувчидан билимдонроқ эмас, ...
Қиёмат кунининг қачон бошланиши Аллоҳ таолонинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илмлар жумласидан бўлиб, Аллоҳ буни бандаларидан ҳеч кимга, ҳатто фаришта ва элчиларига ҳам маълум қилмаган. Шунинг учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломга: “У ҳақида сўралаётган киши (яъни, ўзлари) сўровчидан (Жаброил а.с.дан) кўра кўпроқ билувчи эмас”, - деб жавоб бердилар. Яъни, бу ҳақда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ҳеч нарса билмайди.
“... лекин сизга қиёматнинг аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадур: “Аёл ўз эгасини (яъни, гапига итоат қилмайдиган, аксинча ўзига буйруқ қиладиган фарзандлар) туғса, бу қиёмат белгиларидандир, агар яланғоч одамлар элга бошлиқ бўлсалар, бу қиёмат белгисидир. Бешта ғойибий (сир) нарса бор, уларни фақат Аллоҳ билур; – дея ушбу Луқмон сурасининг 34-оятини ўқидилар:
“Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир.””, — деб унинг аламатларини бирма-бир баён қилиб, унинг яқин қолганлигини билдирувчи баъзи аломатларни ушбу ҳадисларида санаб ўтдилар:
Ушбу ҳадисни Имом Термизийнинг “Сунану Термизий” ҳадис тўпламида Умар ибн Хаттоб санади билан ривоят қилинган матнида[10] савол берувчи кимса Расулуллоҳдан саволининг жавобларини ҳар эшитган вақтларида “Тўғри айтдингиз” дея тасдиқлаб турган. Ҳадисни Пайғамбаримиз с.а.в.дан ривоят қилган саҳобий (Умар ибн Хаттоб): “Биз унинг ўзи сўраб ўзи жавобни тўғри эканлигини тасдиқ қилаётганидан ажабландик”, – дейди.
Кейин, ҳалиги киши қайтиб кетди. Жаноб Расулуллоҳ: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!”, –дедилар. Саҳобалар уни орқасидан чақиргани чиқишиб, топмадилар.
Расулуллоҳ с.а.в. келган кишини Жаброил а.с. эканлигини билганлар. Буни бошқаларга ҳам билдириб қўйиш учун уни қайтариб келишга буюрдилар, аммо уни ахтариб чиққан саҳобалар ўша сўровчини чиққанига бор-йўғи бир неча сониялар ўтган бўлсада ташқаридан у кимсани тополмай қайтишдилар. Шунда жаноб Расулуллоҳ: “Бу Жаброил алайҳи-с-салом эдилар, одамларга динларини ўргатиш учун келган эдилар”,[11] – дедилар.
Ҳадисдан маълум бўладики, фаришталар инсон қиёфасига кираолишлари мумкин экан. Шунингдек, бунинг мисоли Қуръони каримда ҳам келтирилган, яъни Жаброил а.с. Марям онамизнинг ҳузурларига инсон қиёфасида келган. Жумладан Иброҳим а.с. ва Лут а.с. ҳузурларига келган фаришталар ҳам инсон қиёфасида бўлган. Фаришталар Аллоҳ таоонинг қудрати ила турли қиёфа ва шаклларга кира олишлари мумкин.
Фаишталарнинг ҳар бирини ўз вазифалари мавжуд бўлиб, улардан фақат ваҳий келтиришга вакил қилинганлари, ёмғир ёғдиришга, онанинг қорнидаги ҳомила учун ва ҳаказо бундан бошқа вазифалар учун вакил қилинганлари бор. Уларнинг ҳар бирлари Аллоҳ таолонинг амрига ҳар доим итоатдадирлар ва ҳаргиз исён ва итоатсизлик қилмаслар.
Ҳадис олинадиган фойдалар;
Қобилов Н.С.Самарқанд Ҳадис илми мактаби ўқитувчисиИБХИТМ илмий ходими
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Тошкент ислом университети, 2002. Луқмон сураси, 34-оят таржимаси.
[2] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. –Б18, ўша асар; 2-жуз, Қуръон тафсири китоби, 2-боб, 4777-ҳадис.–Б178. Қаранг: Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу муслим. 9-ҳадис. –87.
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. –Б18.
[4] Суннатнинг онаси – Расули акрам с.а.в.дан ворид бўлган шариат йўлларининг манбаси, бошланадиган жойи.
[5] Илоҳий китоблар; Забур, Таврот, Инжил, Қуръони карим ҳисобланади. Шулардан учтаси – Забур, Таврот, Инжил, агар ўзининг асл ҳолатини йўқотмаганлари бўлса ҳам Қуръон нозил қилиниши билан ўз муддатини ўтаб бўлган илоҳий китоблар саналади.
[6] Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 136-оятида имон-эътиқод бандаларни ножот топишининг энг аввалий сабабларидан бири эканлигини таъкидлаб: “Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Расулига ва шу Расулига нозил қилинган китобига ҳамда илгари нозил қилинган китобларга иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди.” – деб бандалар аввало имонларини Ўзи буюрганидек даражада сақлашга чақиради. Иймон арконлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун ақоид китобларига мурожат қилинг.
[7] Ҳадисларда келтирилганидек, бир кунда беш вақт номоз фарз қилинган.Банда ўз нафс-хоҳишидан келиб чиқиб “Мен номозни уч маҳал ўқийман, мен фақат бомдодни (ёки бошқа беш вақтдан бирини) ўқийман” деб номозни ўз хоҳишига мослашга ҳаракат қилииши шариатга зиддир.
[8] Ислом дини арконлари ҳақида маълумот олиш учун батафсил илмга эга бўлиш учун ислом қонуншунослигига оид фиқҳ асарларини ўқиб-ўрганиш ёки хос устозлардан таълим олиш керак. Агар таълим олишга имконияти бўлмаса холи ҳаёти давомида шариат илми борасида ўзига йўл-йўриқ кўрсатадиган бир устозни топиш лозим бўлади. Жойлардаги имом-хатибларимиз бунинг учун кифоядир.
[9] Қиёмат аломатлари хусусида бошқа ҳадисларда ҳам бир неча тафсилотлар келтирилган. Шулардан; дин ва дунё ишлари ўзгача тус олиб, ҳақ ва ноҳақ аралашиб-қоришиб кетади, фитналар ва қотилликлар, табий офатлар, одамлар қўлида мол-дунё кўпаяди, дабдаба, исрофгарчилик авж олади. Одамлар иморатларининг баландлиги ҳамда молу давлатларининг кўплиги билан мақтанишга ўтадилар.
[10] Муҳамад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий. Сунану Термизий. Жаброил а.с. сифатлари ҳақидаги боб, 2815-ҳадис.
[11] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. –Б18, ўша асар; 2-жуз, Қуръон тафсири китоби, 2-боб, 4777-ҳадис. –Б 178. Қаранг: Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу Муслим. 9-ҳадис. –Б 87.
26-07-2018 Hits:5200
25-07-2018 Hits:4939
17-07-2018 Hits:4994
16-07-2018 Hits:4800
06-07-2018 Hits:4938
04-07-2018 Hits:4917
27-06-2018 Hits:4751
04-06-2018 Hits:4928
14-03-2018 Hits:4275
26-07-2018 Hits:5564
26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...
26-07-2018 Hits:5591
Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...
25-07-2018 Hits:5692
2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...
23-07-2018 Hits:5746
20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...
16-07-2018 Hits:5423
15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...
20-07-2018 Hits:5757
Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди. Мамлакатимизда... Batafsil...
06-07-2018 Hits:4723
Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...
04-07-2018 Hits:4771
2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...
27-06-2018 Hits:3903
Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...