ҚОЗИЗОДА РУМИЙ (ваф. 1413 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 28 أيار 2018 الزيارات: 2373

XV аср бошларида Мовароуннаҳрда Қозизода Румий номи билан шуҳрат қозонган улкан математик ва астрономлардан бири бўлган олимнинг тўлиқ исми – Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд бўлиб, Мирзо Улуғбек (1394-1449) даврида Самарқандда яшаб ижод этган.

Аллома аслида ҳозирги Туркиянинг шимолиғарбидаги Мармара денгизидан жануброқдаги Бурса шаҳрида таваллуд топган. Отаси Муҳаммад “Хожа Афанди” лақаби билан маълум бўлиб, Қозизоданинг болалик йилларида вафот этган.

Хожа Афанди анча олим ва комил одам бўлиб, кўп йиллар Бурсанинг қозиси лавозимида хизмат қилган. Қозизоданинг туғилган йили аниқ маълум эмас. Турк манбаларда (755-765/1354-1364) йиллар орасида туғилган, деб тахмин қилинади. Бир манбада келишича 765/1364 йили туғилган[1].

Қозизода Румий дастлабки сабоқларни Бурсада Шамсуддин Фанорийдан олган. XIV аср охирларида Хуросон ва Мовароуннаҳрга келиб олимлардан таҳсил олиб, билимини камолотга етказган. Хусусан, у Темурнинг сарой астрономи Мавлоно Аҳмаддан астрономия ва математика фанларидан чуқур маълумотлар олган[2].

Аллома 1404 йил ёзида биринчи марта Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандга келади. Тез орада Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари орасида “Қозизода Румий” номи билан шуҳрат қозонган.

1405 йилнинг бошида Соҳибқироннинг вафотидан кейин Мовароуннаҳрда ҳукм сурган нотинчлик Қозизодани Улуғбек билан биргалиқда Ҳиротга кетишга мажбур қилган. Бу ерда у бир неча йил давомида бўлажак буюк олимга астрономия ва математика фанларидан сабоқ берган. Улуғбек кейинчалик ўз “Зиж”ида Қозизодани миннатдорчилик билан “устозим” деб тилга олган. Демак, Қозизода Румий Улуғбекнинг устози ҳисобланади.

Аллома Самарқандда жуда кўплаб шогирдларга устозлик қилган. Булардан бири Фатҳуллоҳ Шервоний бўлиб, у 1449 йили Улуғбек ўлдирилиши билан дарҳол Кичик Осиёга кетади ва Кастамону шаҳрида мударрислик билан шуғулланади.

Қозизода Самарқандда уйланиб, бу никоҳдан бўлажак йирик олим Мирам Чалабийнинг (XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI асрнинг бошларида яшаган) отаси Қутбиддин Маҳмуд дунёга келган. Қозизода 1437 йил вафот этган[3].

Астроном олим Ғиёсуддин Жамшид вафотидан сўнг Самарқандда олиб борилаётган астрономик кузатишларга бошчилик қилган. 1420 йили Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасаси қурилиб битгач, Қозизода Румий шу мадрасада аниқ фанлардан астрономия бўйича биринчи мударрис этиб тайинланади. Барча талабалар сингари Абдурраҳмон Жомий (1414-1492) ва Улуғбек ҳам шу мадрасага келиб таълим олган.

1424 йили Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона қуриш ишига киришишдан олдин юқорида айтганимиздек, бу масалада самарқандлик йирик олимлар – Ғиёсуддин  Жамшид,  Мавлоно Муинуддин Кошифий ва Қозизода Румийлар билан келишиб олади. Бу ҳол “Афлотунизамон” (“Замонасининг Афлотуни”) деб аталган Қозизода Румийнинг ўз замонаси билимларидан тўлиқ фойдаланганлигини ва ўша давр олимлари тўлиқ тақдирланганлигини кўрсатади.

Қозизода Румий мударрислик қилиш ва расадхонада астрономик кузатишлар олиб бориш билан бир вақтда ҳисоб ва юлдузлар илмига оид бир қанча илмий рисолаларга муаллифлик қилган. Қуйидаги асарлар унинг қаламига мансубдир:

“Рисола фи-л-ҳисоб” (“Ҳисоб ҳақида рисола”) арифметикага доир араб тилида ёзилган рисола бўлиб, унда каср ва бутун сонларнинг ўнлик услубларидаги ҳисоби баён этилган. Рисола 1382 йили Бурсада ёзилган. Иккита қўлёзмаси Машҳадда Имом Ризо кутубхонасида сақланмоқда.

“Шарҳи мулаххас фи-л-ҳайъа” (“Астрономия ҳақида қисқача рисоланинг шарҳи”) асари Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар Хоразмий Чағминийнинг (ваф. 1344 й.) “Мулаххас фи-л-ҳайъа” (“Астрономия ҳақида қисқача рисола”) номли асарига ёзилган шарҳидан иборат. Шарҳ 1412 йили Улуғбек учун Самарқандда ёзилган. Бу шарҳ астрономия фанини ўрганувчилар орасида кенг тарқалган ва талабалар қўлида энг зарур қўлланма бўлиб қолган эди. Бу асарнинг бир қўлёзма нусхаси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. № 1341), шунингдек, 150 дан ортиқ қўлёзма нусхалари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланмоқда.

“Шарҳ ашколи-т-таъсис” (“Асосланган жумлалар шарҳи”) рисоласи XV асрда яшаган математик Шамсуддин Самарқандийнинг “Ашколу-т-таъсис” (“Асосланган жумлалар”) номли геометрияга доир рисоласига ёзилган шарҳдир. Бу ҳам 1412 йили Самарқандда Улуғбек учун ёзилган. Бу рисоланинг ҳам 70 дан ортиқ қўлёзмалари бўлиб, турли кутубхоналарда сақланади. Бу шарҳ 1851 ва 1857 йилларда Истанбулда икки марта нашр қилинган. Шарҳнинг ҳар иккала нашри ҳам Беруний номидаги Шарқшунослик институтида мавжуддир.

“Рисолату-л-жайб” (“Синус ҳақида рисола”)  рисоласида бир даражанинг синусини аниқлашнинг янги бир усули баён этилган. Унинг икки қўлёзмаси Истанбулда Султон Муҳаммад кутубхонасида сақланмоқда.

“Дар баёни истироҳати жайби йак даража” (“Бир даража синусини аниқлаш усулининг баёни ҳақида”).

“Дастуру-л-амал ва тасҳиҳу-л-жадвал” (“Амал дастури ва жадвалларини тузатиш”) Улуғбек “Зиж”идаги бир математик масаланинг шарҳига бағишланган асар бўлиб, биргина қўлёзмаси Тбилисида сақланмоқда.

“Мисох” (“Ўлчаш”)асарининг бир нусхаси Машҳадда Мавлавий кутубхонасида сақланмоқда.

“Рисола фи-л-ҳайъа ва-л-ҳандаса” (“Астрономия ва геометрия ҳақидаги рисола”) асарининг биргина нусхаси Туркиянинг Бурса шаҳрида сақланмоқда.

 “Шарҳу-т-тазкира” (“Тазкира шарҳи”) асари Носируддин Тусийнинг “Ат-тазкира” (“Тазкира”)сига шарҳ.

 “Шарҳ таҳририл-л-мажастий” (“Мажастий таҳририга шарҳ”) астрономияга доир рисола бўлиб, икки қўлёзмаси Берлин ва Лондонда сақланмоқда.

“Рисола фи илми-л-ҳайъа” (“Астрономия илми ҳақида рисола”) асари бир қўлёзма нусхаси Санкт-Петербургда сақланмоқда.

“Рисола фи рубъи-л-мужайаб” (“Синус квадрат ҳақида рисола”) асари қўлёзмалари Санкт-Петербург, Машҳад ва Теҳрон кутубхоналарида сақланмоқда.

“Лима кана ҳалла кавни нисба иртифаъ аъзами-л-жибол ила қотри-л-арз ка нисба субъ ард шаъира ила зираъ” (“Нима учун тоғларнинг энг баландининг ер диаметрига нисбати арпа донининг бир газга нисбати каби эканлиги қабул қилингани”) асари ер ўлчамига бағишланган араб тилидаги рисола. Биргина қўлёзма нусхаси Берлинда сақланади.

“Рисола фи самийи-л-қибла” (“Қибла азимути ҳақида рисола”) асарининг қўлёзмаси Бурсада (Туркия) сақланади.

“Шарҳ ҳикмати-л-айн” асари Қазвинийнинг “Ҳикмату-л-айн” номли рисоласига шарҳ бўлиб, қўлёзмалари Боғчасарой (Қрим), Берлин, Душанбе, Қозон, Қоҳира ва бошқа кўплаб шаҳарлардаги кутубхоналарда сақланмоқда. Қозизода Румий Ғиёсуддин Жамшиддан бир оз ке­йин, астрономик жадвалларни тузиш иши тугамасданоқ вафот этди.

Қозизода Румийнинг қадрдон дўсти ва касбдоши Улуғбек олимнинг қабрига мақбара қурдирган. Бу мақбара Самарқандда “Шоҳи Зинда”даги бир гуруҳ мақбаралар ёнидан жой олган[4]. Лекин 1978 йил мақбара очилганида у ерда эркакларнинг суяклари топилмаган, олимлар Қозизода Румийнинг бошқа жойга дафн этилганини таъкидлашган[5].

 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Ар-Руми Кази-заде. Трактат об определении синуса одного градуса. Прим. Б.А. Розенфельда и А. П. Юшкевича. Историко-математические исследования, 13, 1960. – С. 539.

[2] Сиражитдинов С.X., Матвиевская Г.П. О ма­тематических работах школы Улугбека, В кн. “Из истории эпохи Улугбека”, – Т.: Фан, 1965. – С. 176.

[3] Ар-Руми Кази-заде. Трактат об определении синуса одного градуса. Прим. Б.А. Розенфельда и А.П. Юшкевича. Историко-математические исследования, 13, 1960. – С. 539.

[4] Кары-Ниязов Т.Н. Астроно­мическая школа Улугбека. – М. – Л.: Изд. АН СССР, 1950. – С. 54, 60, 94, 96, 97, 152, 154.

[5] Матвиевская Г.П., Розенфельд Б.А. Математики и астрономы мусульманского средневековья и их труды (VIII-XVII вв.).  – В 3 тт.  М.: Наука, 1983;  https://ru.wikipedia.org/wiki /Кази-заде ар-Руми.