ҒИЁСУДДИН ЖАМШИД (1380-тахм. 1429 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 23 أيار 2018 الزيارات: 2050

XV асрнинг астрономия, математика, геометрия ва механика каби фанларнинг машҳур олимларидан бири бўлган олимнинг тўлиқ исми – Жамшид ибн Масъуд ибн Муҳаммад Коший, Ғиёсуддин бўлиб, асли кошонлик (Эрон) бўлган. Кейинчалик Самар-қандга келиб яшаган. 782/1380 йил Кошонда тавал-луд топган, 839/1436 йил Самарқандда вафот этган. Хайруддин  Зириклийнинг (1898-1976) “Ал-аълом” асарида 832/1429[1] йилда, Умар Ризо Каҳҳоланинг (1905-1987) “Муъжаму-л-муаллифийн” асарида 919/1513[2] йилда вафот этганлиги келтирилган.

Аллома Кошонда оз муддат яшаган, кейин кўчиб кетган. Унинг отаси фалакиёт илми уламоларидан бири бўлган. Таълим олган устозлари ҳақида маълу-мотлар топилмади. Ҳаётининг кўп қисми Самарқанд-да ўтган. Мирзо Муҳаммад ибн Ториқ ибн Шоҳ, яъни Улуғбекнинг даъвати билан Самарқандга келган.

Ғиёсуддин Коший, академик Қори-Ниёзийнинг айтишича, Улуғбек мактаби тарихида муҳим ўринни эгаллаган. Олим 1416 йили астрономияга оид асбоб-лар ҳақида рисола ёзган. Бу рисолада баён қилинган асбобларнинг кўпчилиги Улуғбек расадхонасида бўлган.

Ғиёсуддин Коший Улуғбекнинг эътибори ва ҳур-матига сазовор бўлган. Мирзо Улуғбек расадхонани қуришдан олдин бу масалада Мавлоно Муинуддин Кошифий (XIV аср охири – XV аср боши), Қозизода Румий (ваф. 1413 й.) ва Ғиёсуддин Жамшид билан маслаҳатлашиб олган[3].

Аллома қуйидаги асарларни таълиф этган:

“Зижи Ҳоқоний” (“Ҳоқон зижи”)асари астроно-мия жадвалларини тузишда Мароға расадхонасида Носируддин Тусий (1197-1274) раҳбарлигида тузил-ган жадвалларга асос қилиб олинган. Рисола форс тилида, бошқа асарлари эса араб тилида ёзилган.

“Ал-абъод ва-л-ажсом” (“Масофа ва жисмлар”) асарининг 1455 йилда ёзилган бир нусхаси Машҳад-даги Фозилхон мадрасасида сақланмоқда.

“Рисолату-л-муҳития”  (“Доира ҳақида рисола”).

“Сулламу-с-само” (“Осмонлар нарвони”) асари осмон жисмларини ўлчаш масаласига бағишланган. Асарнинг қўлёзма нусхаси Ирландиянинг Дублин шаҳридаги “Честер Битти” кутубхонасида (инв. № 4484) сақланмоқда.

“Нузҳату-л-ҳадойиқ” (“Боғлар сайри”) асарида муаллиф Улуғбек расадхонаси учун ўзи ихтиро қилган астрономияга оид асбобларни шарҳлаган. Асарнинг бир нусхаси Қозон шаҳри кутубхонасида сақланмоқда.

“Мифтоҳу-л-ҳисоб” (“Ҳисоб калити”) арифме-тика ва алгебранинг муҳим масалаларига бағишлан-ган. Асарда бу масалаларга оид бир қанча мураккаб мисоллар ечилган. Хаттот Яҳё ибн Султон ибн Муҳаммад Ҳусайний томонидан 900/1495 йил кўчи-рилган асарнинг бир нусхаси Ливаннинг Сайда шаҳ-ри кутубхонасида, 1277/1861 йил Абдурраҳмон ибн Ҳасан Ажимий томонидан кўчирилган (инв. № ت ج/511) бир нусхаси эса Саудия Арабистонининг “Жомиъа Малик Сауд” кутубхонасида  сақланмоқда.

“Рисолату-л-жайб ва-л-ватар” (“Хорда ва синус-лар ҳақида рисола”) асари олимнинг сўнгги асари бўлиб, унда ўз даврига нисбатан янги ҳисоблаш методлари берилган[4].

Аллома мазкур илмий асарлари, мадраса ва расад-хонада олиб борган амалий фаолияти билан Улуғбек даврида Самарқандда олиб борилган астро­номияга оид илмий кузатишларга ўзининг салмоқли ҳиссаси-ни қўшган.

“Улуғбек мактабининг математик ишлари ҳақи-да” номли мақоланинг муаллифлари[5] Ғиёсуддин Жамшид астроном бўлиш билан бир қаторда матема-тика олими бўлган ва табобат илми билан ҳам шуғул-ланган деб маълумот берган.

Алломанинг ижоди В.В. Бартольд, Г. Жалолов, Т.Н. Қори-Ниёзий, Б.А. Розенфельд, А.П. Юшкевич, С.Ҳ. Сирожиддинов ва Г.П. Матвиевская каби олим-лар томонидан ўрганилган.

 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Зириклий. Ал-аълом. Ж. 2. – Байрут. Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 136.

[2] Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 3. – Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. 2009. – Б. 158.

[3] Абдуллаев И., Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.: Фан, 1969. – Б. 49.

[4] СВР. VIII. – С. 282-283.

[5] Сиражитдинов С.X., Матвиевская Г.П. О ма­тематических работах школы Улугбека, В кн. “Из истории эпохи Улугбека”, – Т.: Фан, 1965. – С. 173-199.