САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙ (1340-1413)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 21 أيار 2018 الزيارات: 2392

Калом илмининг сўнгги вакили, мутакаллим – Али ибн Муҳаммад ибн Али Ҳусайн Журжоний, лақаби Саййид Шариф бўлиб, Астробод яқинидаги Тагу шаҳрида 740/1340 йили туғилган.  Астрободда таълим олган, мударрислик фаолияти билан шуғулланган. Ўрта Шарқ шаҳарлари бўйлаб кўп саёҳат қилиб, Қутбиддин Розий Тахтоний, Фанарий, Муборакшоҳлардан сабоқ олган. Тахминан 1374 йил Шероз шаҳрига келган, шаҳар Амир Темур томонидан 1387 йили эгаллангач, Самарқандга кўчиб кетиб, унда яшаган, 20 йилга яқин Темур саройида ижод қилган. Темур вафотидан сўнг (1405 й.) Шерозга қайтиб, шу ерда 1413 йили вафот этган.

Журжоний элликдан ортиқ асарлар муаллифи бўлган. Бу асарлар фаннинг деярли барча соҳаларини қамраб олган. Жумладан: XIV аср файласуфи Азудуддин Абдурраҳмон Ийжийнинг (1300 – 1356 й.) “Мавоқиф фи илми-л-калом” (“Калом илмидаги манзиллар”) асарига ёзган “Шарҳ мавоқифи-л-Ийжий” (“Мавоқифу-л-Ийжийга шарҳ”), “Ҳошия ала-р-рисолати-л-Азудия” (“Азудия рисоласига ҳошия”) шарҳи унинг замондошлари ва ундан кейинги авлод олимлари учун фалсафа ва мантиқ бўйича ўзига хос қомус мақомига эга бўлган.

Астрономияга оид “Шарҳ китоби-л-Жамғиний” (“Китоби Чамғинийга шарҳ”), “Шарҳ мулаххаси-л-ҳайъа” (“Астрономияга оид сайланмага шарҳ”) ва Носируддин Тусий асарига бағишланган “Шарҳ тазкирату-л-Носирия” (“Носирийнинг тазкирасига шарҳ”), билиш назарияси ва мантиққа доир “Аттаърифот” (“Таърифлар (Жадваллар)”), “Усули мантиқия” (“Мантиқ усули”), илмий баҳс фанига бағишланган “Одобу-л-мунозара” (“Мунозара одоби ҳақида рисола”), мантиқ илмига оид форс тилидаги “Суғро” (“Кичик рисола”), “Кубро” (“Катта рисола”), “Авсат дар мантиқ” (“Мантиқ илмига ўртача хулоса”), шунингдек, “Мақолиду-л-улум” (“Илм калитлари”), мерос илми ҳақида “Шарҳу-с-Сирожия” (“Сирожияга шарҳ”), “Ал-ҳавоший ала-л-мутаввал ли-т-Тафтазоний” (“Тафтазонийнинг Муфассаллига ҳошия”), “Маротибу-л-мавжудот” (“Мавжудотларнинг мартабалари”)[1] каби асарларни кўрсатиш мумкин. Мазкур асарлар қўлёзма нусхаларининг кўпчилиги Саудия Арабистонининг Риёз шаҳридаги “Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус вад-диросоти-л-исломийя” кутубхонасида сақланади.

Журжонийнинг илмий фаолияти туфайли мантиқ темурийлар даврида инсон билимларининг барчасига қўлланиладиган қоида ва мезон қонунига айланган. У ҳар бир юритилаётган ҳукмнинг тўғрилигини тортувчи фанларнинг тошу тарозиси сифатида намоён бўлган. Натижада тез орада вужудга келган Улуғбек расадхонасининг илмий тадқиқотларида кенг қўлланилган. Журжоний Улуғбекни мадрасада бевосита ўқитибгина қолмай, унинг Академиясининг вужудга келишига ҳам катта ҳисса қўшган. Чунки унинг шогирдлари бу илмий марказнинг негизини ташкил этган.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б206
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Зириклий. Ал-аълом. Ж. 5. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 7. // Ислом энциклопедияси. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б. 87. // Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломия. Хизонату-т-турос. Мактабату-л-бустон ли-л-маърифа.