РЎЗА КИТОБИ

| Print |
Category: Мунозара
Created on 18 May 2018 Hits: 4044

Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига раҳмати ва баракотини янада зиёда қилади. Шундай экан, инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим.

Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва мазкур амалларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади.

Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Кимда-ким Рамазон ойида бирор-бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади” . Шунинг учун, закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.

Рўза тутиш динимизнинг бешта арконидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир.

“Савмун” сўзининг луғавий маъноси ҳар нарсадан ўзини тийиб туришдир. Шаръий истилоҳда эса, Рамазон ойида тонг отгандан то қуёш ботгунга қадар ният билан ўзини ейиш-ичиш ва шаҳвоний ишлардан тийиш англашилади.

Соғлом ва муқим кишининг Рамазон рўзасини мутлақ ният қилиши ҳамда нафл рўзаси ва бошқа вожиб рўзасини тутишини ният қилиши билан ҳам дуруст бўлади.

Муайян бир вақтга қилинган назр эса нафл нияти ва мутлақ ният қилиш билан дуруст бўлади. Аксинча, бошқа бир вожиб рўзасини ният қилиши билан дуруст бўлмайди. Буларнинг ҳар иккаласи, яъни Рамазон ва назр рўзаси кечаси ният қилиш билан жоиз.

Агар кечаси ният қилинмаса (субҳ кириб қолган бўлса), ҳатто субҳ билан завол ўртасида ният қилса ҳам, бўлаверади. Шундай экан, заволдан кейин рўза тутишни ният қилиш жоиз эмас. Бинобарин, ярим кечада туриб, рўза тутишни ният қилиш афзал. Бундан ташқари, Рамазон ойининг ҳар кунги рўзаси учун алоҳида кечаси туриб ният қилиш афзал.

Рўза вожиб бўлмаган кишининг нияти

Кимда-ким бемор ёки мусофир бўлса-ю, Рамазон ойида бошқа вожиб рўзаларини ният қилса ҳам, жоиз. Аммо нафл рўзасини тутишни ният қилса, Ибн Камол илгари сурган қарашга кўра, мусофир ният қилган бошқа вожиб рўзасидан ташқари барча тутган рўзаси Рамазон рўзасининг ўрнига ўтади.

Кечаси туриб ният қилиш

Тутилиши керак бўлган Рамазон рўзасининг қазоси, мутлақ назр рўза ва каффорат рўзалари учун кечаси ният қилиш керак.

Чунки бу рўзалар учун муайян вақт хос эмас. Шунга кўра, тута бошлашдан аввал ният билан тайин қилиш шарт.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 157
ИБХИТМ Матбуот хизмати