КАБИР ИБН КАБИР ДИЗАҚИЙ САМАРҚАНДИЙ (XIV аср)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 18 أيار 2018 الزيارات: 2235

XIV асрда яшаган фақиҳ олим. Шарқшунос Д.Г. Вороновский (тав. 1908 й.) бу олимнинг исми ҳақида гапириб, Кабир оти унинг отаси ва бобосидан ўтиб келиши, унинг бой табақадан келиб чиққанидан далолат беришини айтади.

Эҳтимол, бу Мовароуннаҳрнинг мўғуллар истилосигача бўлган бирорта ҳукмроннинг лақабидир, – деб ёзади.

Улуғбек ва мазкур олимнинг кўрсатишича, Кабир ибн Кабирнинг фаолияти Амир Темурнинг тахтга чиқиши (771/1370-807/1404)дан олдинги даврга тўғри келади.

Олим Мовароуннаҳр ҳукмдори Туғлуқ Темур (748/1348-764/1362) ва унинг ўғли Илёсхўжа ибн Туғлуқ Темур (764/1362-791/1389) замонида ёки Темур ҳукмронлигининг илк даврларида яшаган бўлиши ҳам мумкин[1].

Кабир ибн Кабир Жиззахда туғилиб ўсган ва кейинчалик Самарқандда илмий фаолиятини давом эттирган бўлиши керак. Кабирнинг ЎзР ФА ШИда сақланаётган қўлёзмасининг биринчи варағида унинг исми Кабируддин деб кўрсатилган (инв. № 1544/П, 213а).

Аллома асарларидан бизгача унинг “Фатовоу-л-Кабирий” (“Кабирийнинг фатволари”) номли китоби етиб келган.

Асар форс тилида ёзилган бўлиб, унда жуда кўп арабча парчалар, турли китоблардан олинган мисоллар келтирилган. Бу фиқҳ илмига оид масалалар тўплами ҳисобланади. Асар сўз бошидан бошланиб, 30 та китоб (боб)га бўлинади. Биринчиси “Китобу-т-таҳорат” (“Таҳорат китоби”), охиргиси “Китобу-л-васоё” (“Васиятлар китоби”).

Асарнинг иккита котиб томонидан 795/1393 ва 1125/1713 йил кўчирилган нусхаси (инв. № 3185/III), 1055/1596 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган нусхаси (инв. № 2574/III), Муҳаммад Котиб томонидан 1046/1636 йили кўчирилган нусхаси (инв. № 3132/II) ва тахминан XVII асрда кўчирилган нусхаси (инв. № 1544/II)лар Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланмоқда. Бу асарнинг бизга маълум бўлган бошқа кутубхоналарда мавжудлиги аниқ эмас.

Шунингдек, алломанинг “Масоил насир” (“Ёрдам берувчи масалалар”) номли асари Санкт-Петербург Шарқшунослик институтида (инв. № 4047) сақланмоқда. Бу китоб ҳам ислом дини ҳуқуқшунослигининг бир қанча масалаларига бағишланган бўлиб, 35 та китоб (бўлим)дан иборат. Асар Самарқандда ёзилган. Эҳтимол, бу Фатовоу-л-Кабирий”нинг ўзга ном билан аталган нусхасидир[2].

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б204
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] СВР. VIII.  № 5853. – С. 282-283.

[2] Абдуллаев И. Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.: Фан, 1969. – Б. 48-49.