МЕРОС КИТОБИ(4-қисм)

| Print |
Category: Мунозара
Created on 10 May 2018 Hits: 3851

Ал-асаба би-л-ғайр

“Ал-асаба би-л-ғайр” деб номланувчи меросхўрлар таркибига улушнинг миқдори фарз юзасидан белгиланган барча аёл меросхўрлар кириб, улар ўзларининг даражаларидаги эркак ворислар билан бирга келганида асабага айланади. Бу аёл ворисларнинг фарз юзасидан белгиланган улушлари ёлғиз бўлганида мероснинг ярмини, иккитадан ортиқ бўлганда 2-3 қисмини ташкил қилиб, уларнинг сони тўртта: Қизи, ўғлининг қизи, туғишган опа-сингил ва ота бир опа-сингил. Улардан бошқа опа-синглиси асаба бўлмайди.

Ушбу меросхўрлар қуйидаги ҳолатларда асаба сифатида мерос олади:

- Қиз (битта ёки ундан ортиқ) ўзининг даражасидаги ўғил билан бирга келса. Аммо у ўғлининг ўғли билан келса, фарз соҳибига айланади.

- Ўғлининг қизи (битта ёки ундан ортиқ) ўғлининг ўғли билан бирга келса.

- Туғишган опа-сингил туғишган ака-ука билан келса.

- Ота бир опа-сингил ота бир ака-ука билан келса, асабалик юзасидан мерос олади.

“Ал-асаба би-л-ғайр” асосида мерос олиш тўғрисидаги далиллар қуйидагилардир: Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Ҳар бир эркакка икки аёл ҳиссаси берилур”. Бу оят қизлар ўзининг даражасидаги ўғиллар билан бирга мерос олишига хосдир. Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси берилур”. Бу оят эса туғишган опа-сингил туғишган ака-ука билан бирга бўлган пайтда қандай мерос олишига хосдир.

 Ал-асаба маъа-л-ғайр

“Ал-асаба маъа-л-ғайр”га фарз соҳиби бўлган барча аёл меросхўрлар кириб, уларнинг бири бошқаси билан бирга келганида “ал-асаба маъа-л-ғайр” ҳисобланади. Улар қуйидаги икки ҳолатда учрайди:

- Битта ёки ундан ортиқ туғишган опа ёки сингил, марҳумнинг қизи ёки ўғлининг қизи билан бирга келганида.

- Битта ёки ундан ортиқ ота бир опа ёки сингил марҳумнинг қизи (қизлари) ёки ўғлининг қизи (қизлари) билан келганида асаба ҳисобланади ва улардан қолган меросни асабалик юзасидан олади.

“Ал-асаба маъа-л-ғайр”нинг далили Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилган ҳадисдир. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Марҳумнинг қизига тенг ярим, ўғлининг қизига эса олтидан бири такмилатан ли-с-сулсайн ва опа ёки синглисига мероснинг қолган қисми берилсин”, деб ҳукм қилдилар.

Асаба

Мерос олиши фарз бўлган инсонлардан қолган меросни ёки фарз соҳиблари бўлмаганда барча меросни олувчи, улушнинг миқдори Қуръони каримда кўрсатилмаган меросхўрлар ал-асабадир ва улар қариндошлик юзасидан мерос оладилар. Фарз эгалари мавжуд бўлса, уларга бўлиб берилади ва улардан қолгани асабаларга берилади. Аммо улардан бирор нарса ортиб қолмаса, бу ҳолатда уларга берилмайди ва улардан соқит бўлади. 

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 266
ИБХИТМ Матбуот хизмати