ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ АТРИБУТЛАРИ 2-суҳбат

| Print |
Category: Мунозара
Created on 08 May 2018 Hits: 3803

УСМОН МУСҲАФИ

Усмон Мусҳафи нафақат тарихий қиммати билан, айни пайтда унга берилган “Мусҳаф ал-Имом” яъни барча Қуръон матнлари учун андоза нусҳа деб ном берилгани билан ҳам қадрлидир.

Ш.Ҳайитов китобидан.

Маълумки Халифа Усмон Мусҳафи Тошкент шаҳрида, Ҳазрати Имом мажмуаси кутубхонасида сақланмоқда. Бу осори атиқани ҳар куни юзлаб, минглаб зиёратчилар кўриб кетишмоқда. Китоб 706 саҳифадан иборат бўлиб, бизгача унинг 353 варағи етиб келган. Халифа Усмон Мусҳафлари олтита бўлган. Улардан бири Басрага, иккинчиси Куфага, учинчиси Шомга, тўртинчиси Маккаи мукаррамага, бешинчиси Мадина аҳлига юборилган ва олтинчиси ҳазрати Усмоннинг ўзларида қолган.

Хўш мазкур китоб Ўзбекистонга қандай келиб қолган? Бу ҳақда тўрт хил фараз мавжуд:

1-фараз. 1395 йилда Амир Темур Тўхтамишхонни енгач, сарой Беркадан Усмон Мусҳафини Самарқандга олиб келган.

2-фараз. Шайх Муҳаммад Мурод ибн Абдулла ар-Рамзий ўзининг «Қозон ва Булғор ҳақида ҳақиқий хабарлар» номли китобида: “Самарқанддан Петербургга олиб кетилган ва ҳозирда император кутубхонасида сақланиб турган Мусҳафи Усмон деб танилган Қуръони карим саройда сақланиб, Амир Темур олиб келган нусха шу бўлиши керак, бу ҳақиқатга яқин таҳминдир. Буни инкор қилувчиларнинг ҳеч бир қатъий далиллари йўқдир”, - деб ёзган.

3-фараз. Хожа Аҳрор Валийнинг муридларидан бири Константинополдан бундан 400 йил аввал олиб келган ва Хўжа Аҳрор масжидида ёнидаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасининг махсус ҳужрасида катта эътибор билан сақланган.

4-фараз. Абу Бакр Қаффол аш-Шоший ўз Ватанига (Тошкентга) қайтишда (Ироқдан) олиб келган.

Бундай фаразлар талайгина. Аниқ маълумотларга кўра, 1869 йилгача Қуръони карим Хожа Аҳрор масжидида сақланган. Чор Россияси истилосидан сўнг 1869 йил 24 октябрда фон Кауфман Қуръони каримни масжид имомидан 100 рублга сотиб олиб, уни Санкт-Петербургга юборади. 1917 йил октябрда бошқирд мусулмонларининг илтимосига кўра Уфа шаҳрига юборилган. 1923 йил 25 июнда Туркистон мусулмонларига берилди. 1924 йил 18 августда Тошкентга олиб келиниб, дастлаб масжидда, кейин Ўзбекистон халқлари тарихи музейида сақланган. 1989 йили мусулмонлар идораси ихтиёрига берилган. Ҳозир мазкур мусҳаф Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мўйи муборак” мадрасаси “Қуръон музейи”да сақланаётир.

Суҳбатни фалсафа фанлари доктори, профессор Б.О.Тураев олиб борди.
(Ҳозирча биринчи суҳбатимиз якунланди, эртага давом эттирамиз)
ИБХИТМ Матбуот хизмати